Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Ўзбекистон: пахта терими мавсумида бозорлар ёпилди


Пахта мавсумида Ўзбекистон вилоятларидаги кўплаб бозорлар ҳувиллаб қолди.
Пахта мавсумида Ўзбекистон вилоятларидаги кўплаб бозорлар ҳувиллаб қолди.

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши билан айрим вилоят ва туманлардаги бозорлар ёпилди ва бунинг натижасида нархлар ҳам кўтарилди. Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, бозорларнинг ёпилиши савдогарларни пахта даласига чиқишга мажбур қила олмади.


30 сентябр куни Жиззахдаги бозорлар ёпилди, дейди маҳаллий ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроев.

- Жиззахда иккита катта бозор бор. Борсам, иккала бозор ҳам ёпиқ. Одамлар бозор атрофидаги кўчаларда савдо-сотиқ қилаяпти. Асосан керакли моллар, мева-чева, нон билан ўша ерда савдо бўлаяпти. Ҳокимият томонидан ёзма равишда бўлмаса ҳам буйруқ берилган бўлса керакки, эълонни кўрмадик, кечки 6дан кейин яна бозорни очаяпти, -дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроев.

Унга кўра, сўнгги бор Жиззах бозорлари пахта териш мавсумида бундан 7 йил олдин ёпилган.

- 1998 -2003 йил мобайнида бозорлар ёпилган эди. Бу халқнинг жуда катта норозилигига сабаб бўлган эди. Лекин ўша пайтдан бери бизда бозорларнинг ёпилиши кузатилмаган, -деб эслайди ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроев.

Жиззах вилояти ҳокимияти, Жиззах шаҳридаги бозорқўмлар бозорларнинг пахта терими мавсумида ёпилиши бўйича маълумот беришмади.

- Ўзбекистонда пахта терими мавсумида вилоят ва туманлардаги бозорларнинг ёпилишидан мақсад, - дейди ҳуқуқ фаоли, - одамларни пахтага чиқишга даъват этиш.

Бироқ унинг фикрича, бу усул билан бозордаги савдогарни пахта даласига жалб қилиб бўлмайди. Савдогар ўзининг ўрнига пахта теришга мардикор ёллайди, ўзи эса кўча-кўйда савдо қилишни давом этади.

Баҳтиёр Ҳамроев бозорларнинг ёпилиши маҳсулотлар нархининг қимматлашишига сабаб бўлади, деган фикрда.

Бухородаги йирик Ғиждувон бозори савдогарларидан бири пахта терими мавсумини ёқтирмаслигини айтади.

- Савдогарга нима керак? Тинчлик керак. Хеч ким ҳалақит бермасин, савдосини қилсин. Чунки патент тўлайди, ўзига яраша ҳаражатлари катта уни. Ёки солиқлари бор, уни тўлаш керак. Савдо қилмасангиз қаердан тўлайсиз? Хеч нарса ҳисобга олинмайди-да, бундай пайтда. Савдогарга фойдали эмас-да пахта терими,- дейди ғиждувонлик савдогар.

Бу йил жиззахлик савдогарлардан фарқли ўлароқ, Бухоронинг Ғиждувон бозорида савдо қилувчи тадбиркор иши тўхтамади. Аммо савдогар ўтган йили бозорларнинг олди тўсиб ташланганлигидан азият чекканини эслайди.

- Масалан, юкингизни олиб келсангиз, бозорга кира олмайсиз. Бир километр наридан араваларда ташишга тўғри келади. Минг сўм оладиган аравакашлар 5 минг сўм оладиган бўлди. Ҳаражатлар кўпайди, вақт кўп кетадиган бўлди. Муаммолар кўпайди ўтган йили. Лекин бу йил ундай эмас,- дейди Бухородаги улгуржи бозорда савдо қилувчи савдогар.

Айни пайтда у ишлаётган бозор олди бетон блоклар билан тўсилганини, бироқ савдо қилишни ҳозирча ман этишмаганини айтади.

Бухоролик собиқ фермерлардан бири Исмоил Солиев пахта терими мавсумида бозорларнинг ёпилиши теримчилар сонини сал бўлса-да, кўпайтиришини айтади:

- Пахта фронти! Фронт бўлганидан кейин қандай бозор бўлиши мумкин? Ҳамма далада бўлиши керак. Ватан учун керакли бўлган хом-ашёни топшириш керак. Пахта кўп, одам кам. Пахта пули жуда кам бўлганлиги учун одам кам. Шунинг учун шундай қилмаса, одамлар пахта термайди. Савдогарлар ҳам битта-иккита одам жўнатади-да пахтага, дейди бухоролик Исмоил Солиев.

Маълумотларга кўра, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида бозорлар ишлаб турибди. Баъзи вилоят ва туманларда эса соат 18дан сўнг кечки бозорлар фаолият юритмоқда.
XS
SM
MD
LG