Линклар

Ўзбекистон фуқароси қотилликда айбланмоқда


Ойбек Эргашев Москванинг 1-сонли изоляторида сақланмоқда.

Ойбек Эргашев Москванинг 1-сонли изоляторида сақланмоқда.

Москвадаги 1574-сонли лицей директори Фёдор Маскаевни ўлдирганликда гумон қилинган ўзбекистонлик Ойбек Эргашев ҳибсга олинди. 20 ёшли меҳнат муҳожири шу лицейда дурадгор ва фаррош бўлиб ишлаган. Ойбек Эргашев директорни жинсий тегажоғлик қилгани учун чавақлагани айтилмоқда.


Москвалик 46 яшар Фёдор Маскаевнинг жасадини унинг отаси ўтган якшанба куни эрталаб Шимолий Чертаново туманидаги квартирасида топган. Москвадаги машҳур лицей директори Федор Маскаевнинг ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлди.

1574-сонли лицей расмий сайтида айтилишича, Россияда хизмат кўрсатган ўқитувчи, педагогика фанлари номзоди Фёдор Маскаев 20 йилдан буён мазкур лицейни бошқариб келган.

Қотилликни содир этганликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси Ойбек Эргашев милиция тезкор гуруҳи томонидан чоршанба куни Подмосковьенинг Руза шаҳарчасида қўлга олинди. Терговчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожири мазкур лицейда фаррош бўлиб ишлаган ва Фёдор Маскаевнинг улфати бўлган. 20 ёшли Эргашев нима сабабдан Фёдоровни ўлдиргани ошкор қилингани йўқ.

Эргашевнинг ҳақиқатан лицейда ишлагани ва Фёдоров билан оғайничилик қилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаш мақсадида 1574-сонли лицейга қўнғироқ қилганимизда, телефон гўшагини кўтарган лицей директори муовини Марина Василькова Ойбек Эргашевни умуман танимаслигини таъкидлади.

- Йўқ у бизда ишламаган. У эндигина бизга ишга кираётган эди, лекин бу ерда ишламаган, дея гапни қисқа қилди лицей директори вазифасини бажараётган Марина Василькова.

Чертаново прокуратурасининг ўзини таништирмаган терговчиси тергов давом этаётгани боис хулоса чиқаришга эрта ва жиноий ишга оид маълумотлар тергов сири эканини айтди.

- Унинг қаерда яшагани, қандай қўлга олингани ҳақида мен сизга бирор гап айтмайман, чунки тезкор-қидирув амалиётига оид маълумотлар сир сақланади. Лекин мен сизга содир бўлган воқеани тасвирлаб бера оламан, холос. Демак, 8 сентябр куни Фёдор Маскаев Ойбек Эргашевни Чертановодаги квартирасига маош бериш мақсадида таклиф қилган. Улар ўртасида чиққан жанжал пайтида айбланувчи Маскаев кўкрагининг чап қисмига пичоқ урган. Олинган жароҳат оқибатида лицей директори ўша заҳотиёқ жон берган. Квартирадан ноутбук, телефон ва яна баъзи кийимлар йўқолган,- деди Озодликка Чертаново прокуратураси ходими.

Қотиллик жойидан ўғирланган ноутбук ва телефон Ойбек Эргашевнинг қўшни шаҳарчада меҳнат қилаётган отасининг ётоғидан топилган.

Чертаново туман суди расмийси Олга Рожкова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароси Ойбек Эргашевни ҳибсга олиш ҳақида санкция берилди, дея маълум қилди.

- У Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисми, яъни қотиллик содир этганликда айбланмоқда. Биз терговчининг ҳибсга олиш ҳақидаги расмий илтимосномасига кўра, санкция бердик. Ҳозирда Ойбек Эргашев Москванинг 1-сонли изоляторида сақланмоқда,- деди Чертаново суди вакили Олга Рожкова.

Расмийлар воқеа тафсилотларини тергов сири боис ошкор қилмаётган бўлса-да, оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотларга кўра, 46 ёшга кирган лекин уйланмаган Фёдор Маскаевнинг уйида ўтказилган тинтув давомида порнографик материаллар топилган. Шунингдек, сўроққа тутилган Ойбек Эргашев Фёдор Маскаев унга жинсий тегажоғлик қилгани боис уни пичоқлаганига иқрор бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG