Линклар

Қирғизистондаги олтин кони ишчилари иш ташлади


Қумторда йил сайин 560 минг унция олтин қазиб олинади.

Қумторда йил сайин 560 минг унция олтин қазиб олинади.

Қирғизистон иқтисодиётининг устуни бўлган Қумтор олтин кони ишчилари 1 октябр куни муддатсиз иш ташлаш эълон қилдилар. Бунга Қумтор компанияси касаба уюшмасининг ширкат раҳбарияти билан янги меҳнат шартномаси юзасидан икки ой мобайнида келиша олмагани сабаб бўлган.


Қирғизистон тоғ – кон саноати касаба уюшмалари раиси Элдор Тожибоевнинг айтишича, Қумтор олтин кони ишчиларининг муддатсиз иш ташлаш эълон қилишларига ойлик маошнинг озлиги сабаб бўлган.

- Ишчилар ойликни юз фоизга кўтарилишини талаб қилишмоқда. Аммо раҳбарият бунга кўнмаётир ва иш ҳақи миқдори фақат 10-12 фоизга оширилиши мумкинлигини айтмоқда. Агар тоғ-кон саноатида меҳнатнинг ўта оғирлигини ҳисобга олсак, албатта, бу миқдор жуда оз,- дейди Элдор Тожибоев.

Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак Қумтор олтин конида ишчиларнинг ойлик маоши республикадаги ўртача иш ҳақи мидоридан 11 баробарга кўпдир. Иш ташлаган кончилар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ фаоли Эркингул Имоналиеванинг айтишича, Қумтор ишчиларининг иш ҳақи 500 доллардан 1000 долларгача бўлган кўрсаткични ташкил қилади. Ҳуқуқ ҳимоячиси Қумтор олтин кони ишчилари кунига 12 соатдан ўта оғир бўлган тоғ шароитида меҳнат қилишларини ҳисобга олганда, 1000 доллар жуда оз иш ҳаққи деб ҳисоблайди.

- Канада Қумтор конинин ўзлаштиришни бошлаганида бир унция олтиннинг жаҳон баҳоси 250 долларни ташкил қилар эди. Шу кунларда эса 1 унция олтин жаҳон бозорида 1200 долларга баҳоланмоқда. Олтин баҳосининг деярли 500 фоизга кўтарилганига қарамай, қумтор раҳбарияти ойликни 100 фоиз оширишни истамаяпти. Бундан ташқари чет элдан келган мутахасислар камида 5 минг доллардан ойлик олишмоқда, қирғизистонликлар эса бундан беш баробар кам иш ҳақи олади,-деди Эркингул Имоналиева.

Айни пайтда Қумтор ширкати раҳбарияти иш ташлашни ноқнуний деб топиш илтимоси билан судга мурожаат қилишини билдирди. Ширкат раҳбариятига кўра, иш ташлаш Меҳнат кодексидаги меъёрларга амал қилинмаган ҳолатда бошланган.

Қумтор олтин конининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Сергей Дедюхиннинг айтишича, ишчиларнинг ойликни 100 фоизга ошириш тўғрисидаги талаби иқтисодий жиҳатдан асосланмаган ва бажариб бўлмайдиган шартдир.

- Ширкат бундан олдин ойликни ошириш таклифи билан чиққан. Ширкат иқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб, иш ҳақини 25 фоизга оширишни ва 30 ой мобайнида уч марта умумий миқдори 3000 долларга тенг бўлган қўшимча тўловлар беришни таклиф қилган. Бироқ ишчилар бунга кўнмаяпти, -деди Сергей Дедюхин.

Ширкат расмийсининг айтишича, кондаги қора ишчилар билан малакали мутахасислар олаётган ойлик ўртасида жуда катта фарқ бор. Бу хорижлик мутахасисларнинг 1000-2000 доллар учун ишламаслиги ва умуман хориж мутахасисларининг Қирғизистонга келиб ишлашдан бош тортишлари билан боғлиқ.. Шунинг учун ҳам ширкат хориждан келиб ишлаётган 140 мутахасисга катта миқдорда ойлик беришга мажбур.

Қумтор Марказий Осиёда хорижликлар назоратида бўлган энг йирик олтин кони ҳисобланади ва бу кондан бир йилда 560 минг унция олтин қазиб олинади. Расмий маълумотларда кўрсатилишича, Кумтор ширкати бир йилда Қирғизистон бюджетига камида 200 миллион доллар миқдорида солиқ тўлайди.
XS
SM
MD
LG