Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:40

Миллий бойликка бепарволик оқибати


Ўзбекнинг миллий бойлиги пахта эмас¸ балки миллат тафаккуридир¸ дегич эди 80-йиллардаги ўзбек ойдинлари.
Ўзбекнинг миллий бойлиги пахта эмас¸ балки миллат тафаккуридир¸ дегич эди 80-йиллардаги ўзбек ойдинлари.

"Миллий бойлигимиз пахта йиғим-теримига қатнашмаганингиз учун белгиланган тартибдаги нафақа пулингиз 1 сентябрдан тўхтатилди." Бундай хат Наманганнинг Чуст туманида пахтага чиқмаган ёш болали оналарга юборилди. "Эркин микрофон" рукнида тингловчиларимиз дуч келаётган муаммолар ҳақида гап боради.


“Пахтага чиқмасанг, нафақа ҳам йўқ”

Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳокимияти аҳолини пахта теришга кўпроқ жалб қилиш учун турли-туман усулларни қўлламоқда. Чуст туманидаги “Ёшлик” қишлоқ фуқаролари йиғини мулозимлари пахта теримига чиқмаган ва чиқолмаган оналарни қонуний тарзда оладиган болалар нафақасидан маҳрум қилмоқда. Бу ҳақда Чуст туманидан Ваҳробулло Ҳамроев Озодликнинг Эркин микрофонига айтиб берди.

- Келиним бор. Уч ойлик боласи бор. “Пахтага чиқмадинг”, деб сентябр ойидан нимасини тўхтатиб қўйибди.

Озодлик: Аниқроқ айтинг. Нимасини тўхтатиб қўйибди?

- Болаларга бериладиган нафақа пулини тўхтатиб қўйибди. Уйга хат жўнатибди.

Хатнинг маъноси: Сизга Тагижар маҳалла раҳбарияти шуни маълум қиладики, 2010 йил ëзма ва оғзаки бир неча бор огоҳлантиришга қарамасдан миллий бойлигимиз пахта йиғим-теримига бепарволик қилиб, қатнашмаганингиз учун белгиланган тартибдаги нафақа пулингизни 2010 йил 1 сентябрдан бошлаб тўхтатилди. Махсус комиссия раиси Жўрахон Маматов.

Энди уч ойлик боласи билан пахтага чиқа олмайдику.

Озодлик: Шу хат сизнинг қўлингизда турибдими?

- Ҳа. Шу хат қўлимда турибди. Шуни ўқиб бераяпман. Ўзи учта боласи бор. Иккинчи боласига нафақа олади. Учинчи боласига нафақани ҳам бермаган. Президент белгилаган пулни ҳам булар ўзининг чўнтагидан бераëтгандай қизғанишади. Номаъқул кишиларга беришади, керакли одамларга беришмайди, дейди чустлик суҳбатдошимиз.


“Бекорчиликдан қиморбоз кўпаймоқда”

дейди Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Олмос қишлоғидан қўнғироқ қилган Қаҳрамон Тошматов. У Ўзбекистоннинг ўз гази бўла туриб, улар қишда газсиз ва чироқсиз қолишаётганидан шикоят қилар экан, ишсизлик ёшлар орасида қиморбозлик кўпайишига сабаб бўлаётганидан ташвиш билдиради:

- Биз энди деҳқон халқи. Ëзи билан деҳқончилик қилиб, фермерларда ишлаб келади халқимизнинг ҳаммаси. Ҳамма уйлар газлашган. Мустақилликдан кейин икки йилми, уч йилми газ ëқдик. Ҳали қишлоқда қишда умуман газ бўлмаган. Ëзда ëнаверади. Ëзда уйда бўлмаймиз, деҳқончликда бўламиз. Қишда борамиз, газни кўрмаймиз. Қишда унинг устига свет ҳам бўлмаяпти. Уйда телевизор кўрамиз десангиз ҳам свет йўқ. Тўғрисини айтсам, қишлоқнинг 50-60 фоиз ëшлари қиморбоз бўлиб кетиб ҳам бўлди. Уйда газ йўқ, свет йўқ кўчага чиқиб, уйда зерикасиз ўтиравергани. Кўчага чиқасиз, тўртта улфат йиғилиб, ичади, бошқа қилади. Бир жойга кириб олиб, шамни ëқиб қимор ўйнашдан бошқа иш қилаëтгани йўқ. Тўғрисида. Илгари бизнинг қишлоқда қимор деган нарса у ерда бу ерда бўлиб қолмаса, йўқ нарса эди. Шунинг ўзи ҳозир оммалашиб, ривожланиб кетиб бўлди. Свет бўлса, қиши билан одам телевизор кўриб, ўзини чалғитиб, уйидан чиқмайди, бошқа қилмайди. Ортиқча расход қилмайди, ичкиликка берилмайди. Мен ўзим ҳозир 28 ëшдаман. Кўраяпманда мана шуларни ҳаëтда, дейди чустлик навбатдаги суҳбатдошимиз Қаҳрамон Тошматов.


“Ҳозирги Россия аввалгига ўхшамас”

дейди Россиянинг Санкт Петербург шаҳридаги меҳнат муҳожири Рўзибой. У ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг жуда кўп алдовларга дучор бўлаётганини айтар экан, бўлажак меҳнат муҳожирларига бу қисматдан кўра икки дона сигир боқиш афзал деб маслаҳат беради:

- Андижон вилояти, Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа тумани, Султонобод қишлоғиданмиз. Уч йил бўлди уйга бормаганимизга. Кечки пайт радиони эшитиб туриб, номерни ëзиб олиб салом-алик қилайлик деб телефон қилган эдик.

Озодлик: Уч йил бўлди уйга бормаганимизга деяпсиз. Нима қилаяпсизлар? Нимага бормадингиз уч йил ичида?

- Иш билан юрибмиз. Худо хоҳласа бу йил қайтиб бориш ниятимиз бор.

Озодлик: Нима иш қиласизлар? Россиянинг қаеридасизлар?

- Санкт Петербургдамиз. Қурилишдамизда. Уйлар қурамиз, дачалар қурамиз. (шу пайт суҳбатдошимизнинг шеригининг бир нарсалар деб кулгани эшитилди)

Озодлик: Нима деяпти шеригингиз?

- Кидало бўламиз, отиб қўйишади деяпти. Бу билан “Россия олдинги Россия эмас” демоқчи. Россияга келаман деб юрган ака-укаларга “Келмай қўяверсин. Бу ерда давлатчилик тугади” демоқчи.

Озодлик: Нимаси тугади давлатчиликнинг?

- Бу ерда бундайда ака. Бу ерга келиб ишлаëтганларнинг кўпи ҳозир началник, посредник бўлиб қолаяпти. Алдаб қўйишаяпти. Учдан бирини ë беради ë бермайди.

Озодлик: Шундай ҳолатлар кўпайганми ҳозир?

- Ниҳоятда. Тем более бу йил шундай бўлиб кетди. Келадиган акахон-укахонлар келмай қўяверсин бу ëққа. Ота-онасининг ëнида иккита мол боқиб юраверсин демоқчимиз.


“Қирғизистондаги ўзбеклар сайловда фаол иштирок этсин”

дейди Россиядан қўнғироқ қилган жалолободлик тингловчи Акмалжон. У Қирғизистондаги парламент сайловларида ўзбекларни фаол иштирок этишларини ва маҳаллий номзодларни қўллаб-қувватлашини илтимос қилади:

- Яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган сайловга ўзимизнинг ўзбекларимизни чақираман. Қандайдир власт бўлгани яхшида. Шунинг учун сайловда актив қатнашиб, ҳар бир партияда ўзининг нималари бор. Ўзимизнинг ўзбеклар ҳам бор Худога шукур. Вазият анча-мунча нормал ҳолатга тушаяпти. Шунинг учун сайловга муҳожиратда юрган юртдошларимизни чақириб, сайловда қатнашишларини сўрайман. Ҳукуматимиз уже парламент республикаси бўлса ҳам кимдир бошқарадида. Шунинг учун сайловда қатнашиб тезроқ нормал ҳолатга тушиб қолишини сўрардим¸ дейди жалолободлик Акмалжон.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG