Линклар

Ишлайман, деб Сочига борманг!

  • Сарвар Усмон

Сочида минглаб меҳнат муҳожирлари ишлаётган қурилишлардан бири.

Сочида минглаб меҳнат муҳожирлари ишлаётган қурилишлардан бири.

2014-йилги Қишки Олимпия ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўраётган Сочи шаҳридаги спорт иншоотлари қурилиши ўзбекистонлик ишсизларни ўзига оханрабодай тортаётган бўлса ажаб эмас. Лекин қуйида ўқийдиганингиз Сочига отланаётганларни "сувни кўрмай туриб этик ечиш"дан тийилишга ундаса керак, деган фикрдамиз.


Аслида тошкентлик Ҳасан ва Ҳусан, Азизбек ҳамда уларнинг яна 5-6 нафар шериги этикни сувни кўрганларидан кейингина ечишган. Яъни улар “Сочи, қайдасан”, деб йўлга чиқвормаган – гардкам қилишмаган.

Уларни Сочига иш берувчи ташкилот – шу шаҳардаги “Новий город” ширкати таклиф қилган.

Азизбек ҳикоя қилади:

- Тошкентда “Энергопроект” деган фирма бор эди. Ўша фирмага булар заказ беришганда.

Озодлик: Новий город СКД Энергопроектга заказ беради.

- Ҳа, заказ беради.

Озодлик: Қанча ойлик ваъда қилишган?

- 30 минг, деди Азизбек.

30 минг рубл – тақрибан 1000 АҚШ доллари. Йигитлар “6 ой ишласак – мунча, 1 йил ишласак – аллақанча пул бўларкан”, деб ширин хаёллар билан йўлга чиқишади ва ёзнинг биринчи ойи бешинчи кунида Сочига етиб боришади.

7 июнда ишга чиқишади.

Ҳасанбойдан эшитинг буёғини:

- Еттинчида ишга тушганмиз. Бир ойларнинг ичида договорни бериб, разрешение на работу қилиб берамиз деди. Ишлаб туравердик биз. Вақти-соати билан бир ой ҳам ўтди. У ерда биздан олдин келиб ишлаëтган одамлар ҳам бор эди. Уларга ҳам уч-тўрт ойдан бери ойлик бермаëтган экан. Бизларники ҳам чўзила бошлади, деди Ҳасанбой.

Ҳасанбойнинг ҳикояси қисқа мазмуни шуки, тошкентлик йигитлар шу кунгачаям ваъда қилинган маошни олишолгани йўқ.

Лекин улар лалайиб ўтиргани ҳам йўқ. Ҳақларини талаб қилишди.

- 28 июлда забастовка қилдик. Ишга чиқмадик, ойликни сўрадик. “Берамиз, берамиз. ҳозир пул йўқ” деб нима қилиб юрди, дейди Ҳасанбой.

Июлдаги иш ташлаш - биринчиси эди, холос. Августда яна бир бор иш ташлашди. Иш берувчи эса, иш ташлашни уюштирган фаолларни Ўзбекистонга қайтариб юбориш билан масалани ҳал қилиш йўлига ўтиб олди.

Сочида қолаётганларни бу нарса ҳам қўрқита олмади. Тошкентлик қурувчи йигитларнинг бошқа объектда ишлаётган гуруҳи, дейди Ҳасанбой, прокуратурага, кейин тручовой инспекцияга мурожаат қилишди.

Сочи шаҳри Прокуратураси ҳам, Меҳнат инспекцияси ҳам тошкентликлар арзига бефарқ қарамаганга ўхшайди.

- Трудовой инспекция ҳам, прокуратура ҳам борган. Қаттиқ жарима солган. Жарима солганлигини эшитдик, дейди Ҳасанбой.

Лекин жарима солинганини Ҳасанбойлар эшитган холос. Эшитгандаям ширкат раҳбариятидан эшитган.

Балки ҳеч қандай жарима солинмагандир?!

Биз, албатта, тошкентлик йигитларга иш бериб, ҳақини тўламаётган “Новий город” ширкати билан ҳам боғландик.

Ширкат кадрлар бўлими бошлиғи 30 сентябр куни саволларимизга жавоб берар экан, бошлиқлари билан боғланиб, маълумот олишга ва 1 октябр куни жавобни бизга етказишга ваъда берди.

1 октябр куни ширкат билан яна боғланганимизда кадрлар бўлими бошлиғи “Раҳбариятимиз бу масала юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаслигини билдирди”, деган хабар билан чекланди, холос.

Биз тошкентлик йигитларнинг иш ҳақини ололмаётгани тўғрисида хабар қилиб қўйиш билангина чекланмасликка, уларнинг муаммоси ҳал бўлишига кучимиз етганича ҳисса қўшишга қарор қилдик.

Шу мақсад билан мухбирингизнинг 2 иш куни телефон устида ўтди. Лекин, “бу Сочи деганларида шаҳар ҳокимияти ҳам, прокуратура ҳам, бошқа тегишли идоралар ҳам ишламайди, бас Сочидами - улар дам олади уззукун”, деган фикр пайдо бўлди холос.

Чунки биронта амалдор телефонини кўтармади.

Шунинг учун бу масалага кейинги ҳафтада яна қайтишга қарор қилдик.

Ҳозирча эса, кўнгилга таскин бўладиган битта гап билан чекланмоқчимиз: ўзбекистонлик оддий ишчи йигитлар ҳақларини талаб қилишдан чарчамаяпти, чўчимаяпти:

- Энди прокуратуранинг устидан ҳам, трудовой инспекциянинг устидан ҳам Сочининг мэрига тайëрлаб қўйганмиз. Агар Сочининг мэри ҳам ҳал қилмаса, Краснодарнинг мэрига бормоқчи эдик, деди Ҳасанбой.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG