Линклар

logo-print

Қозоғистонда исломий партия ташкил этилиши мумкин


Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси раиси Мурат Телибековнинг айтишича, мамлакатда исломий партия зарурати сезилмоқда.

Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси раиси Мурат Телибековнинг айтишича, мамлакатда исломий партия зарурати сезилмоқда.

Қозоғистонда исломий партия таъсис этиш таклифлари янграмоқда. Бу ҳақда жорий ҳафта аввалида Олмаотада ўтказилган дин уламолари анжуманида айтилди. Анжуман иштирокчилардан айримлари “Дин давлатдан ажратилган” қабилидаги формулировкалардан ҳам воз кечиш пайти келганини таъкидламоқдалар.

“Қозоғистон модернизацияси қабатида давлат ва дин ҳамкорлиги” дея номланган бу анжуманда Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси раиси Мурат Телибеков мамлакат расмийлари томонидан исломий партия ташкил этиш зарурлигини англаш тенденцияси кузатилаётганини айтди.

- Ислом динини Қозоғистон сиёсий тизимига интеграция қилиш тенденция шиддат билан кучайиб бормоқда. Қозоғистонда бундай уринишлар аввал ҳам бўлганди – бундан бир неча йил олдин кўпчилик танийдиган Қайрат Сатибалди исломий сиёсий партия ташкил этиш истаги борлигини эълон қилганди, - деган Мурат Телибеков бу тенденцияни Оқўрда ҳам нозик ҳис қилаётганини таъкидлаб ўтди.
Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси раиси мамлакат расмийлари томонидан айтиб келинаётган “дин давлатдан ажратилган”лиги ҳақидаги тезисни танқид қилди.

– Мен бу тушунчадан воз кечиш вақти етди, деб ўйлайман, чунки у бугунги вазиятга мутлақо тўғри келмайди. “Дин давлат ажратилган” дегани нима дегани ўзи? Биз давлат, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари динни жуда қаттиқ назорат қилаётганини жуда яхши биламиз. Балки бу ўзини оқлайдиган ҳаракатдир. Балки жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида бундан воз кечиб бўлмас. Унақа бўлса, “давлат назорат қилиши шарт”, деб очиқ айтиш керак, - дейди Мурат Телибеков.

У давлатнинг диний турмушга аралашаётганини мисоллар орқали тушунтиришга уринди.

- Президент мамлакат муфтийсини тайин қилади – буни ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Лекин бу ерда гўё барча мусулмонлар йиғилиб, умумий қурултойда ўз имомларини, мамлакат муфтийсини сайлашлари ҳақидаги аҳмоқона ёлғоннинг кимга кераги бор? Бунақа амалиётдан воз кечиш керак. У яроқсизлигини исбот қилиб бўлди, - дейди Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фаолиятини танқид қилган Мурат Телибеков бу борада, агар лозим бўлса, ҳатто мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритиш зарурлигини айтди.

- Конституция Худодан келган ваҳий эмас. Турмуш ўзгарганидан кейин Конституция ҳам ўзгариши керак. Бунда ваҳима қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. “Дин давлатдан ажратилган” дея бетўхтов такрорларканмиз, биз бу жумланинг нимани англатишини мутлақо илғамай қўйдик. Жамиятда яшаган ҳолда қандай қилиб диндан ташқарида бўлиш мумкин? Динга риоя қилиб турмуш кечираётган миллионлаб одам давлатдан ажратилган ҳолда яшаши мумкинми ахир? Бу мутлақо ғайриилмий, нотўғри формулировка, ундан бугунги кунда воз кечиш керак. Эндиликда давлатнинг дин ишларига суқилиб киришини асослай оладиган қандайдир янги бир концепция ўйлаб топиш керак, - деди Мурат Телибеков.

Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси раиси Мурат Телибеков танқидига расмий диний идора, яъни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси вакиллари томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Анжуман модератори, иқтидордаги расмийлар позициясини ёқловчи “Ақ жўл” партияси лидери Алихан Байменов эса айтилган танқидий фикрларнинг ўткир қирраларини силлиқлаган бўлди.

- Мен бир мусулмон сифатида айрим арбоблар диний турмушга соя солиши мумкин, бироқ улар бу билан буюк динни обрўсизлантира олмайдилар, деган ўйдаман. Чунки маърифатли одамлар ғоялар, идеаллар ва айрим одамларнинг конкрет фаолияти ўртасидаги фарқни тушунадилар. Мен бу ерда Лев Толстойнинг “Якшанба” ё “Крейцер сонатаси” асари сўнгсўзида амалиёт ва ғоялар ўртасидаги фарқлар ҳақида ёзган гапларини эслаяпман, - деди Алихан Байменов.

Анжуманда сўзга чиққан Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси матбуот котиби, “Имон” журнали бош муҳаррири Ўрғар Ўмирбек Қозоғистонда Ислом дини тарқалишига кўмаклашаётган кўп ижобий ўзгаришлар бўлаётганини, кўплаб қозоғистонликлар даҳрийликдан яна исломий ўзанга қайтаётганини қайд этиб ўтди.

Айни пайтда у Қозоғистон мусулмонлари турмушига дохил айрим муаммолар хусусида ҳам тўхталди. Хусусан, у айрим оммавий ахборот воситалари исломий мавзудаги мақолаларни чоп этаётган чоғда ноаниқликларга йўл қўяётганидан нолиди. Ўнғар ҳожи фикрича, бунинг сабаби журналистларда диний масалалар бўйича тайёргарликнинг етишмаслигидир.

Шунингдек, у Қозоғистонда кўплаб диний адабиёт чоп этилаётганини, бироқ бу китобларнинг айримлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари 12-асрдан буён амал қилиб келган суннийликнинг ҳанафия мазҳаби ақидаларига мувофиқ келмаслигини қўшимча қилди. “Бундай адабиётлар динни яхши билмаган одамларни чалғитади” деган ишончда собит Ўнғар ҳожи: “Диний адабиёт нашр қилинишидан аввал Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси кўригидан ўтса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган истак билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG