Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Тожик парламенти: Рашт воқеасида хориж давлатлари айбдор


Тожик парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров айрим давлатлар Тожикистоннинг ривожланаётганини кўра олмаслигини айтади.
Тожик парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров айрим давлатлар Тожикистоннинг ривожланаётганини кўра олмаслигини айтади.

Тожикистон парламенти Раштдаги вазиятга муносабат билдириб, мамлакат шарқидаги ҳодисаларда хориж давлатларни айблади. Таҳлилчилар эса Рашт воқеаларига энг биринчи галда мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий ва инсон ҳуқуқлари вазиятининг чидаб бўлмас ҳолатга келиб қолгани сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Уч ойлик таътилдан қайтган Тожикистон парламентининг илк мажлисини очиб берган қуйи палата раиси Шукуржон Зуҳуров, Рашт водийсидаги вазиятга бағишлаб ҳозирланган расмий баёнотини ўқиб эшиттирди.

- Марказий Осиё дунёнинг айрим мамлакатлари учун геосиёсий ва геостратегик манфаатлар йўлидаги кураш майдонига айланган. Ўтган йил ёзи ва шу йил сўнгги бир ойи давомида республикамиз айрим ҳудудларида юз берган фожеали воқеалардан маълум бўладики, мамлакатимиз ривожи айрим давлатларни ташвишга солиб қўйган. Шу нуқтаи назардан улар мамлакатимизда беқарорлик келтириб чиқаришга урунмоқдалар, - дея билдирди парламент қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров.

Бироқ Шукуржон Зуҳуров мамлакатда беқарорлик чиқаришга уринаётган бирорта аниқ давлат номини тилга олмади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий Рашт ҳодисаларида учинчи кучларининг қўли борлиги ҳақидаги гапларда жон борлигини айтади.

- Аммо бу ишда қўли бор давлатларнинг номи айтилмаганлиги, бу “ўша давлатлар Тожикистоннинг ички ишларига аралашишдан ўзларини тийсинлар” деган андишадир. Бу бир томондан масалани қурол ишлатмасдан ҳал қилишга ҳам қаратилган. Агар ўша давлатлар ўз билганларидан қолмасалар, шунда уларнинг номини ошкор этишга тўғри келади,- деди исломий партия раиси Муҳиддин Кабирий.

Бироқ Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдолов эса Тожикистондаги беқарорликларда қўли бор ва бу мамлакат равнақини кўролмайдиган давлатлар сирасига Ўзбекистонни киритар экан, бунга далил сифатида бир нечата мисол келтиради.

- Роғун қурилишига нега бунчаликлик қаршилик кўрсатишади, нега Ўзбекистон чегарасидан поездлар ўтишида монеъликлар бор? Қишда эса табиий газ беришни тўхтатишади, - дейди коммунистлар лидери Шоди Шабдолов.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло бусиз ҳам ёмонлашган Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини бундай айбловлар янада кескинлаштиришини эътибордан соқит қилмайди.

- Айбни ўзимиздан қидирайлик. Халқ билан ҳокимият ўртасидаги муҳит, ижтимоий ва иқтисодий ҳолат. Бундай олиб қарасак, Тожикистон асосан Россиядан келаётган пул ҳисобига яшаяпти. Бундай нозик ҳолатларда вазиятга ва уни келтириб чиқарган омилларга тўғри баҳо бериш учун қўрқмай ҳақиқатнинг юзига тик қараш лозим деб ўйлайман, - дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани.

Яна парламент расмий баёнотида айтилганларга қайтадиган бўлсак, унда адашиб жиноий гуруҳларга қўшилиб қолган тожикистонлик ёшларнинг тинч ҳаётга қайтишлари сўралган.

Эслатсак, шу йил август ойида Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан 25 маҳбуснинг қочишию, Камароб дарасида 28 тожик ҳарбийсининг ўлдирилиши Рашт водийсидаги вазиятнинг кескинлашишига сабаб бўлди.

Айрим норасмий манбаларга кўра, 19 сентябр куни Камароб дарасида юз берган қонли фожеа ортидан яна саксонга яқин тожик ҳарбийси номаълум кишилар томонидан асир олинган.

Норасмий манбаларнинг айтишича, Рашт водийсида ҳукумат кучлари билан жанг қилаётган мухолиф кучлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни музокарага даъват этган. Аммо унинг ўрнига 30 сентябр куни Тожикистон Хавфсизлик кенгаши раиси Амирқул Азимов жўнаб кетган.

Бироқ расмий манбалар эса Амирқул Азимовнинг мухолифат билан музокара ўтказиш учун Раштга сафар қилмаганини, аксинча у давлат раҳбари махсус топшириғи билан у ерга борганини айтишмоқда.

Шу ўринда эслатсак, Амирқул Азимов Раштга сафаридан бир кун аввал оммавий ахборот воситаларига интервюсида “мухолифат билан музокаралар даври аллақачон тугаганини” таъкидлаб, мухолифатдан қуролларини топширишни талаб қилган эди. “Акс ҳолда уларнинг ҳаммаси йўқ қилинади. Бунинг учун ҳукуматда етарли куч бор”, дея таъкидлаган эди Тожикистон Хавфсизлик кенгаши раиси Азимов.
XS
SM
MD
LG