Линклар

Тожикистонда ҳибсхонадаги маҳбусларнинг яқинлари намойиш ўтказди

  • Гулнора Равшан

2 октябр куни элликка яқин тожикистонлик Душанбе шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонаси ёнида йиғилиб, бу муассасада сақланаётган қариндошларини кўришга рухсат берилмаётгани юзасидан норозилик изҳор қилдилар.

Бу ҳақда маълумот олганимиздан сўнг дарҳол у ерга етиб бордик ва у ерда эллик чоғли киши изолятор атрофида ўзаро дардлашиб турганига гувоҳ бўлдик.

Қўлимизда микрофон кўрган ота-оналарнинг айримлари дардини оммавий ахборот воситалари орқали ҳукумат бошлиқлари ва жамоатчиликка етказишга қарор қилди.

- Мана икки ойдан ошиб қолди, укамнинг ёнига киритишмайди. Шу вақт ичида уч марта келиб кетдим, ҳар гал сабабини изоҳламасдан қайтариб юборишаяпти. Укамни Мирзо Зиёев гуруҳига мансублик айби билан 30 йилга кесиб юборишди. Лекин укам ҳеч қандай террорист эмас. У мен билан бирга яшаган, ўзи касалманд эди. Ўтган йилги воқеалардан кейин уни уйдан олиб кетишди. Террорист уйда ўтирмайди. Бир йил-икки йил машқ қилади. Устига устак, бугун унинг ҳолидан хабар олишга рухсат беришмаяпти, - дея зорланади Восеъ туманидан келган Маҳбуба Нуралиева.

Маҳбубахоннинг укаси шу йил августи ойи бошларида Тожикистон Олий суд ҳукми билан узоқ муддатларга қамалган 46 маҳбуснинг биридир.

Тожикистон Олий суди бу гуруҳни 2009 йил июнида Мирзо Зиёев ва Неъмат Азизов бошчилигида Тавилдарада террорчилик хуружлари содир этганлик айби билан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилган эди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Пирмуҳаммад Азизов ҳам маҳбус фарзандини кўрмаганига икки ойча бўлиб қолганидан шикоят қилди.

- Қўлимизда Олий суднинг қарори бор фарзандимизни кўриш учун. Лекин булар бизга свидания бермаяпти. Сабабини ҳам тушунтирмайди. “25 сентябргача карантин”, деган эди. Мана карантин ҳам тугади. Лекин бугун яна рухсат йўқлиги айтилди. Бирор киши дардимизга қулоқ солмайди, - дейди Ваҳдат туманидан келган Азизов.

Норози ота-оналар ўзидан орттириб, фарзандига атаб олиб келган озиқ- овқат уларга етиб боряптими-йўқми - бундан ҳам хабарлари йўқлигини, баъзилари эса фарзанди ҳаёт эканига шубҳа қилишини айтади.

Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси муовини Худомон Муборакқадамов маҳбуслар билан учрашишининг таъқиқланганини Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан қочган маҳбусларга нисбатан янгидан очилган жиноят иши билан боғлади.

- Август ойида бу маҳбуслар устидан ҳукм чиқарилганидан кейин уларни қамоқхоналарга жойлаш кутилган эди, бироқ улгурмадик. Чунки ҳукм кучга кирмай улардан айримлари Миллий хавфсизликнинг вақтинча сақлаш қамоқхонасидан қочди. Шундан сўнг қочоқ маҳбусларга нисбатан Олий суд ҳукми ҳам бекор қилиниб, янгидан жиноий иш қўзғатилди. Бу қамоқхонада қолган ва айни пайтда яқинлари билан учраштирилмаётган маҳбуслар эса ўша воқеа гувоҳи сифатида тергов қилинмоқда. Тергов тугагандан сўнг улар албатта учраштирилади, - дея маълум қилди Адлия вазирлиги расмийси Муборакқадамов.

Тожик мулозими ўз идораси маҳбусларнинг ота-оналари ва яқинлари билан учрашишларидан манфаатдор эканини, чунки уларнинг тез-тез учрашишлари маҳбусларнинг ахлоқан тузалишига сабаб бўлишини айтди.

Биз билан ўзаро суҳбат сўнгида қамоқхоналарни назорат қилиш бошқарма расмийси Муборакқадамов масала ижобий ҳал қилинишига ваъда берди.

Айни пайтда маҳбусларнинг яқинлари бундай пуч ваъдалар ўзларига кўплаб марта берилганини, бироқ ҳар гал учрашув ваъда қилинган кун минг қайғу аламга ботиб, уйга қайтаётганларини айтишди.

Юқорида суҳбатлашганимиз Маҳбуба Нуралиева аввалги учрашувларда укаси қийноқларга солинаётгани ва саломатлиги ёмонлашганидан шикоят қилганини айтади.

- Мен унинг тириклигига ишонмайман. Ким билади - у қийноққа чидамай ўлган бўлиши мумкин, шунинг учун бизга учрашув бермаётгандир? Аввалги передачаларимизни етказиб беришмаган. Улар судгача фақат сув ичган, - дейди Маҳбуба Нуралиева маҳбус укасига атаб олиб келган таом идишини ерга қўйиб, толиган бармоқларини уқаларкан.

Бироқ Адлия вазирлиги расмийси Муборакқадамов бу даъволарда асос йўқлигини айтар экан, “маҳбуслар қандай гуноҳ қилмасин, энг аввало, улар биз учун инсон. Бу ерда уларга барча шароитлар яратиб берилган”, дея таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG