Линклар

logo-print

Шу йил 2 октябр куни Россиянинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги Тожикистон ҳукумат кучлари Рашт тумани ва Камароб дарасида мухолиф кучларга қарши навбатдаги қақшатқич амалиётни бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

“Азия плюс” ахборот агентлиги ҳам шанба кунги амалиётлар чоғида ҳукумат аскарларидан бир киши ярадор бўлгани ва бир ҳарбий вертолёт фавқулотда ҳолатда ерга қўнишга мажбур бўлгани ҳақида ёзади. Маълум бўлишича, фавқулотда қўниш чоғида бирор киши зарар кўрмаган.

Агентликнинг ёзишича, ҳукумат армияси билан жангарилар ўртасидаги уруш Рашт водийсининг баланд тоғларида кечаётир.

Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги оператив штаб бошлиғи Тоҳир Норматов бу маълумотлар асоссиз эканини ва 2 октябр куни Рашт водийсида умуман ўқ овози янграмаганини билдирди.

Аснода мазкур вазирликнинг матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев эса бунинг аксини маълум қилди.

- Айни кунларда Камароб дарасидаги Мирзохўжа Аҳмадов бошлиқ террорчи гуруҳларни йўқ қилиш бўйича кенг кўламли амалиётлар давом этмоқда. Шу кунгача улардан жуда катта миқдорда қурол-аслаҳа мусодара қилинди. Шунингдек бу жиноий гуруҳ аъзоларидан баъзилари йўқ қилиниб, яна ўнлаб киши қўлга олинди. Рашт водийси мамлакат куч ишлатар тизимларининг қатъий назорати остида бўлиб турибди, дея маълум қилди Тожикистон ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Эслатиб ўтамиз, Рашт водийсида ҳукумат армиясининг жангариларга қарши амалиёти 19 сентябр куни Камаробда рўй берган қонли фожеа ортидан бошланиб кетган эди. Ўшанда Тожикистон Мудофаа вазирлигининг номаълум кишилар пистирмасига учраган 28 аскари ҳалок бўлган эди.

Мазкур ҳодисада собиқ қўмондон Мирзохўжа Аҳмадовни айблаган Тожикистон ҳукумати 22 сентябр куни Рашт водийсида жангариларга қарши қақшатқич амалиётларини бошлаб юборди.

Бунинг ортидан Рашт водийси билан телефон алоқалари нафақат марказ Душанбе, балки дунёнинг бошқа барча нуқталари билан узиб қўйилди.

Шу боис бугунги кунда ватанидан ташқарида тирикчилик қилаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари, айниқса, раштликлар Рашт водийсидаги шу кунги вазият борасида аниқ ва тўла маълумотлар ололмаётганларидан ташвишга тушганлар.

- Биз, бир гуруҳ тожикистонликлар Санкт-Петербургда ишлаймиз. Телефон алоқалари узиб ташлангани ортидан Раштда кечаётган воқеалардан хабарсиз бўлиб қолдик. У ерда қолган ота-онамиз ва яқинларимиз ҳоли нима кечаётганидан жуда ташвишдамиз, дейди Тожикобод туманидан бўлган Амирулложон деб ўзини таништирган меҳнат муҳожири.

Тожикистон Хавфсизлик кенгаши раиси Амирқул Азимов Рашт водийсидаги вазият билан танишиш мақсадида 30 сентябр куни у ерга жўнаб кетган эди. Жаноб Азимов Раштга сафари арафасида Рашт фожеалари ортида хорижий давлатлар турганини урғулаган, бироқ бирорта давлат номини тилга олмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG