Линклар

logo-print

Шу йил июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеалар чоғида қўли ва бурни синдирилиб, бўйнига сиртмоқ ташланган Алишер Навоий ҳайкалини таъмирлаш ташаббусини кўтараётган ўшликлар шаҳар расмийларидан ўз хавфсизлигини таъминлашни сўраш ниятидалар.

Ўш шаҳридаги Навоий боғига кираверишда қад ростламиш буюк аллома, ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳайкали июн воқеалари чоғида миллатчилар хуружига учраганди. Ўшанда миллатчилар томонидан Навоий ҳайкалининг чап қўли ва бурни синдирилган, ҳатто ҳайкални ағдармоқчи бўлган номаълум шахслар Навоий бўйнига сиртмоқ солганди.

Июн воқеаларидан қарийб тўрт ой ўтиб Навоий ҳайкалининг бу ҳолда туришига бефарқ бўлмаган айрим ўшлик ўзбеклар ҳайкални ўз ҳисобидан қайта таъмирлаш ташаббусини кўтармоқдалар:

- Навоийни ҳурмат қиламан. Отамиз, тилимиз асосчиси. Шу одамнинг қўли йўқ турибди. Уч-тўрттамиз молиявий томонини кўтарамиз. Ҳайкал жуда хунук аҳволда турибди. Бу бутун шарқнинг обрўсида. Алишер Навоий кимга халақит берди - билмаяпман. Мен ҳайкалнинг шундай тургани нотўғри, деб тушунаман. Ёшимиз 60 га яқинлашиб қолди, биз ўзбекмиз, Алишер Навоийни бобомиз, деб биламиз. Алишер Навоийлар “миллатчилик”, “ўзбек-қирғиз” деган ўйда бўлмаган-ку, дейди Навоий ҳайкалини таъмирлаш ташаббускорларидан бири бўлмиш ўшлик Муҳаммаджон ака.

Суҳбатдошимиз Навоий ҳайкалини таъмирлашда турли қаршиликлар бўлиши мумкинлигидан хавфсираётганини айтади:

- Ҳайкални таъмирлатса, ҳозир кўраяпсиз-ку, “ёшларни кўчада юргизмаяпти” дейди, бошқа дейди. Миллатчилик бўлаяпти-да бу ерда. Миллатчилик бўлмаса, Алишер Навоий кимга ёмонлик қилган одам? Навоийни сизга тушунтиришга менинг тилим ожизлик қилаяпти, қўли йўқ тургизиб қўйишга менинг юрагим чидамаяпти.

Озодлик: Ҳайкалларни таъмирлаш билан шуғулланувчи усталар борми ўзингларда?

- Йўқ, ана шулар йўқ-да. Биз оддий ҳайдовчимиз, нонвой, ҳайдовчи, ошпаз - шунақа одамлармиз. Усталар бўлса, майли, маблағини биз кўтарамиз, дейди Муҳаммаджон ака.

Навоий ҳайкалини таъмирлаш ташаббускорлари ҳайкални таъмирлашнинг ҳуқуқий жиҳатлари юзасидан маслаҳат сўраб ўшлик ҳуқуқ фаолларига ҳам мурожаат қилишган.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев тарихий ёдгорликлар асосан ҳомийлар томонидан молиялаштирилаётган айни пайтда Навоий ҳайкалини таъмирлашга шаҳар расмийлари томонидан қаршилик кўрсатилмайди, деган фикрда:

- Шаҳардаги тарихий ёдгорликларнинг ҳаммаси ҳомийлар ёрдамида сақлаб келинаяпти. “Шу қаторда Алишер Навоий ҳайкалини таъмирлаймиз” деганларга ҳам ҳеч қандай қаршилик бўлиши керак эмас. Фақат миллатчилар томонидан қаршилик бўлиши мумкин, холос. Масалан, шаҳар мэри бунга ҳеч қачон қаршилик кўрсатмайди, бу менинг фикрим. Тарих музейи, умуман, тарихий ёдгорликларни назорат қилувчи органларнинг, менимча, қаршилиги бўлмаса керак. Ҳозирги вазиятда миллатчилар “ўзбеклар яна ўзларининг миллий қадриятларини кўтараяпти” деб, ҳар хил ёрлиқларни осиб қўйиш хавфи бор, дейди ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Рахматуллаев.

“Навоий ҳайкалини тиклаш жараёнида ҳомийлар ва усталарнинг хавфсизлигини таъминлаб бера оласизларми?” деган савол билан Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига ҳам мурожаат қилдик:

- Ўз хоҳиши билан “ҳайкалларни таъмирлаймиз” дейишса, албатта хавфсизлик таъминланади. Давлатга зиён келтирмаса, ўз ташаббуси бўлса, бизга “шундай қиламиз, шу куни қиламиз” деб расман хат билан мурожаат қилишса, албатта уларнинг хавфсизлигини таъминлаб берамиз. Муаммо бўлиши мумкин эмас. Улар бизга мурожаат қилишлари керак. Журналистларга мурожаат қилмай, бизга мурожаат қилса, биз тегишли одамларни ажратиб берамиз, деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG