Линклар

Қодиржон Ботиров: Ўзбекларнинг сиёсий уюшқоқлиги Бишкекни қўрқитди

  • Сарвар Усмон

Қирғизистонлик ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботиров июн ойида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қирғинда ўзини айбдор ҳис қилмаслигини айтади.

Қирғизистонлик ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботиров июн ойида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қирғинда ўзини айбдор ҳис қилмаслигини айтади.

Қирғиз сиёсатчиларининг кўпчилиги Ўш ва Жалолободда юз берган фожеа учун масъулиятни ўзбеклар ва уларнинг лидерлари зиммасига юклашга уриниб келмоқда. Асосий айбдор сифатида тилга олинаётган ва ҳозирда мамлакатдан ташқарида яшаётган Қодиржон Ботиров Озодликка берган эксклюзив интервьюда очиқ қолиб келаётган саволларга жавоб берди.


Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, Республика ўзбек миллий-маданий маркази раис муовини ва жалолободлик таниқли тадбиркор Қодиржон Ботиров, ўзининг айтишича, Қирғизистонни июн воқеалари бошлангунга қадар ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Шу кунда ватандан ташқарида яшаётган Ботиров Озодликка берган суҳбати чоғида ташқарига Қирғизистон раҳбариятининг илтимосига биноан чиқиб кетганини ҳам айтиб ўтади.


“Ҳукуматдагилар бизнинг уюшқоқлигимиздан қўрқиб кетди”

Озодлик: Биринчи саволни икки кун аввал пайдо бўлган бир хабардан келиб чиқиб берсам. 30 сентябр куни Қирғизистон республикаси Бош прокуратураси сизнинг қаердалигингиз ҳақида хабар тарқатди, қидирувга берилганингиз ва сизни турган мамлакатингиздан қайтариш бўйича Бош прокуратура сўров тайëрлаëтгани тўғрисида баёнот тарқатди. Демак, Бош прокуратура сизни жиноятчи сифатида кўраяпти. Бундай баëнотга сизнинг муносабатингиз қандай?

Қодиржон Ботиров: Албатта, Қирғизистонда бўлаëтган аҳволни ҳаммамиз яққол кўриб турибмиз. Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларнинг асосий сабабчилари бугунги ҳукумат томонидан иложи борича ҳимояланиб, асосан ўзбеклар устидан жиноий ишлар қўзғатилиб, ўзбеклар ичидан чиққан лидерларнинг ҳаммасини бир чеккадан қамаш вазифаси бажарилаяпти. Бу - тепадан бўлаётган установка, сиёсий буюртма. Бу – сиёсий таъқиб.

Апрел инқилобидан кейин ўзбеклар қанча миқдордалигини, улар қандай кучга эгалиги, уларнинг раҳбарлари, уларнинг лидерлари нималарга қодирлигини жуда яхши билиб қолишди. Айниқса бир қатор ташкилий ишларимиздан кейин. Биз, умуман муваққат ҳукуматни қўлладик, айниқса революция давомида доимий равишда қўллаб келганмиз. Лекин ҳукуматдагилар бизнинг кучимиз, қудратимиз, уюшқоқлигимизни кўриб қўрқиб кетди. Таъқибларни ўша қўрқув оқибати, деб биламан.


“Биз мухторият талаб қилган эмасмиз”

Озодлик: Қодиржон ака, биринчи саволимга жавобингиздан камида иккита савол пайдо бўлди. Уларни ҳам ўрни келиб бераман. “Асосий сабабчилар” дедингиз, кейин “юқоридан сиëсий буюртма” дедингиз, “юқори” деганда кимни назарда тутаëтганингиз ҳақида кейинроқ сўрайман. Қирғизистон сиëсатчилари ва журналистлари сизни айблашар экан, биринчи навбатда 7 апрелдан кейин Жалолободда бўлган митинглару ўша митингда иштирокчилар ва сиз томондан илгари сурилган шиорларни айтишади ва сизни “Автономия талаб қилди ўзбеклар учун” деб айблашади. Айбловларнинг асосийси - шу. Шунинг учун конкрет айтсангиз - ўша митингларда сиз ва сизнинг тарафдорларингиз қанақа талабларни илгари сурган? Ўша талабларнинг орасида автономия талаби бормиди?

Қодиржон Ботиров: Авваламбор, бизнинг митингларимиз республикада бўлиб ўтган революцияга хос иш деб биламан. 7 апрелда давлат тўнтарилиб, жанубга Бакиев қочгандан кейин, бунинг бутун қариндош-уруғи, клани, ака-укалари Жалолободнинг яқинидаги Тейит қишлоғида эканлигини биласиз, шу ерга келиб, отасининг уйида штаб тузиб, шундай ҳолатни яратган эдики, уларнинг мақсади ҳолатни миллий жанжалга айлантириш эди. Қирғизистон жанубида ўзбек билан қирғиз орасида катта жанжал чиқариш планларини амалга ошириш йўлида бир қатор провокациялар қилишди. Шу нуқтаи назардан ўзбек халқи шуни билиб, тушуниб туриб, ҳаммаси, хабарингиз бор, Халқлар Дўстлиги университетининг территориясида ҳар кун тўпланиб турди. Халқ ўзаро маслаҳатлашди. Мақсад ана шу провокацияларга йўл қўймаслик бўлди. Революциядан кейин Муваққат ҳукумат Бакиев масаласини қандай қилиб охиригача ҳал қилиши катта муаммо бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мени бир неча марта Бишкекка чақиришди...

Озодлик: Қодиржон ака, Бишкекка чақирилганингиз ва муваққат ҳукумат раҳбарлари, аъзолари билан қилган ҳамкорлигингиз тўғрисида алоҳида гаплашамиз. Мен Cиздан: “Ўша митингларда қанақа талаблар қўйилган эди, ўша талаблар орасида автономия талаби бормиди-йўқмиди?”, деб сўрадим.

Қодиржон Ботиров: Биринчидан, митингда асосий талаб тез орада Бакиевни ва ака-укаларини, атрофида юрган командасини ва кўчада юрган преступникларни тез орада қўлга олиш ва уларни эл олдида жазога тортиш талаби қўйилган.

Иккинчи масала халқни янги Конституция лойиҳаси муҳокамасига актив қатнашишга чақириш. Ҳар битта гражданин уни ўрганиб чиққан ҳолда ўзининг ўй-фикрини очиқ-ойдин айтсин ва уларни жамлаб охирида бир Қурултой ўтказайлик, Қурултойда ўзимизнинг фикрларимизни ўзларимизнинг вакилларимиз орқали конституционний совешаниега етказайлик, дедик. Шу масала қўйилган. Лекин автономия бўйича мен эсимни таниганимнинг бу ëғига, ҳаттоки нафақат мен - 20 йилдан бери Жалолобод вилоят Ўзбек миллий маданий марказини бошқариб келаяпман, республика марказини муовин қатори бошқариб келаяпман - нафақат мен, мендан бошқа ўзбек лидерлари ҳам автономия тўғрисида оғиз очган эмас. Автономияни ҳеч ким талаб қилган эмас. Неча марта журналистлар савол берган бўлса, мен “Бизга автономиядан кўра бугун дунë талабига жавоб берадиган, инсоннионг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, яхши шароитини таъминлаб берадиган асосий закон – Конституцияни қабул қилайлик. Бизга бошқа автономиянинг кераги йўқ” деб ўзимизнинг фикримизни очиқ баëн этганмиз.

Озодлик: Митингларда қўйилган талабларнинг ҳаммасини айтдингиз-а?

Қодиржон Ботиров: Асосий йўналишларимизни мен айтиб ўтдим.


“Ўзимни айбдор ҳис қилмайман”

Озодлик: Ўшандан бери мана сиз ва бошқа бошқа ўзбек лидерлари айбланаяпсизлар. Суҳбатимиз бошида Бош прокуратура сизни айбдор деб қидирувга берганини айтиб ўтдик. Сиз ўзингизни айбдор деб ҳис қиласизми?

Қодиржон Ботиров: Йўқ. Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Сабаби мен фуқаролик вазифамни бажардим. Ммен обшественний ишларни неча йил давомида бошқариб келаëтган бўлсам, эл билан ишлашиб келдим. Эл билан ишлагандан кейин элнинг ичидаги жамики тўпланган нарсаларни мен раҳбар қаторида муҳокама қилиб, Муваққат ҳукумат билан яқиндан туриб иш олиб боришга тўғри келди.

Озодлик: Жиноятчи бўлиш у ëқда турсин, оддий айб ҳам қилганим йўқ, деяпсиз. Агар шундай бўлса, унда сиз нима учун май ойида телевидение орқали қирғиз халқидан кечирим сўрагансиз?

Қодиржон Ботиров: Мен кечирим сўраганим йўқ. Ўша записни диққат билан яна бир кўрсангиз бўларкан. Мен афсусландим. Мен официально бирортасидан кечирим сўраганим йўқ. Айбим бор бўлса, “Мана шу айбни мен қилдим, мана шу айбим учун кечиринглар” деб яққол айтардим. Мен “минг афсусланаман”, деб айтдим.

Озодлик: Вақт ўтгандан кейин сизнинг телевидениедаги чиқишингиз айбингизни тан олганингиз сифатида талқин этилаяпти. Июл ойида Ўш шаҳар ҳокими Мирзақматов билан суҳбатда бўлганман ва ўшанда у: “Ўзи кечирим сўради-ку қирғиз халқидан, айбини тан олганида!” деганди.

Қодиржон Ботиров: Менга айтишди. Уни очиқ айтишди. Телевизорда кўрсатиб, менинг овозимни бермасдан ўзлари комментарий бериб айтишди. Менда имкон бўлмади чиқиб аслида нима гап бўлганлиги тўғрисида айтишга. Сабаби мен республикадан ташқарида эдим.


“Қирғизистондан муваққат ҳукумат вакиллари илтимоси билан кетганман”

Озодлик: Ўша чиқишингиз ўзингизнинг шахсий ташаббусингиз билан бўлганми ëки ўша кунлардаги вазиятдан чиқиш учун Қирғизистон раҳбарияти билан, балки генерал Исақов билан ўзаро бўлган савдомиди?

Қодиржон Ботиров: Бу савдо эмас. 19 майда Жалолобод яқинидаги ипподромда Бакиев тарафдорлари, Усен Сиддиқович тарафдорлари ва кўчадаги преступниклар ва шу билан бирга Бакиевни қўллаган милиция ходимлари – ҳаммаси бўлиб 2000-3000 га яқин қирғизлар тўпланди ва бизнинг университетга ҳужум қилишди. Ана шу куни 30 мингдан зиëд ўзбек турган атрофда. Ана шу куни улар вертолëтда айланиб, ўзбеклар қаерларда, қайси направлениеда кетаяпти - ҳаммасини фотосъëмка қилиб юришди. Агар биз ëмонликни ўйлаганимизда эди, бошқача бўлган бўларди. Ўша куни болалар бир неча марта “Розилик беринглар, биз шуни ҳозир бошлайлик”, деди. Биз розилик бермадик куч ишлатишга. Ҳужум қилганлар 2000-3000 киши эди, холос. Биз томонда эса 30-40 минг одам тўпланган эди. Ўша куни университетга ўт қўйишди, талон-тарож қилишди, лекин биз уларга қарши қўл кўтармадик ана шу ерда. Буни билган генерал Исақов 20 май куни эрталаб, саҳар соат 5 билан 6 нинг орасида Бақит Алимбеков билан (уни биласиз - Жалолобод коменданти бўлган, Ички ишлар вазирининг биринчи муовини) бизнинг университетга келиб, мен билан учрашди. Бу учрашувда университет ректори ҳам қатнашди. Бўлган ишларнинг ҳаммасини видеосъëмка қилган эдик. Шуни биз телевизорга қўйиб, ҳаммасини кўрсатиб бердик. Бўлиб ўтган ишларни кўриб, ўзи жуда қаттиқ афсусланди ва муваққат ҳукуматнинг кучи етмаëтганлиги, Бакиев ва Усен Сиддиқовлар миллатлараро можаро қўзғашга уринаётганини, бунинг учун қирғизларнинг бошини бириктиришга ҳаракат қилишаётганини, улар ҳатто керак бўлса муваққат ҳукуматга қарши иш олиб бориши аниқлигини айтиб ўтди. Шунинг учун мендан илтимос қилишди. Бунда Алишер Собиров ҳам қатнашди, Умарохунов Тоҳир ҳам қатнашди как сотрудник қаторида, буларни ўзбек деб таклиф қилишган экан, “Бизни тушунинг: ҳозир биз агар буларнинг олдини олиб, қирғиз халқини бўлиб олмасак, ҳамма Бакиев ва Усен Сиддиқов томонга ўтиб кетади. Шунинг учун республикадан ташқарига чиқиб туринг, сиздан илтимос. Биз унгача қирғизларимизни бир ëққа бўлиб, тўғри йўлга солиб оламиз. Бизга озгина муҳлат бермасангиз, “Бу ўзбеклар мана бу ерда тўпланаяпти экан, Ботиров уни қилаяпти экан, Ботиров буни қилаяпти экан” деган ҳар хил бўлган-бўлмаган, ëлғон-яшиқни тарқатишиб, бизни шоштириб қўяяпти. Шунинг учун муваққат ҳукумат номидан, шахсан ўзининг номидан сўраниб, мендан республикадан уч-тўрт кунга чиқиб кетишни илтимос қилди.

Озодлик: Ким илтимос қилди?

Қодиржон Ботиров: Исмоил Исақов. Ана энди сиз айтган интервьюни ҳам мана шу Исмоил Исаков специално журналист жўнатиб, илтимос қилдики, “Озгина бўлса ҳам напряжениени тушириш учун керак бўлаяпти. Бизнинг илтимосимизни етказинг. Қодиржон бўлган ишларни элнинг ичида айтиб, ўзининг фикрини билдириб қўйсин. Напряжениени ана шу йўналиш билан пасайтира олсак, бизнинг катта ютуғимиз бўлади” деб сўранди. Шундан кейин мен очиқ ўзимнинг интервюимни запис қилиб, уларга бериб юбордим.


“Муваққат ҳукуматдагилар бизга ҳамкорлик таклиф қилган”

Озодлик: Тушунарли. Апрел воқеаларидан кейин мамлакатдан чиқиб кетгунингизча деймизми, майли июн воқеаларигача деб олайлик, сиз генерал Исақов билан ҳамкорлик қилибсиз. Яна кимлар билан ҳамкорлик қилгансиз? Бекорга бермаяпман бу саволни. Фожеадан кейин “Биз Қодиржон Ботиров билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилганимиз йўқ” деб муваққат ҳукумат аъзолари Сиз билан алоқа қилганларини инкор этишди. Кимлар билан қайси масалада ҳамкорлик қилгансиз? Тафсилоти керак эмас. Фамилияларни ва қайси масалада ҳамкорлик қилганингизни айтсангиз бўлади.

Қодиржон Ботиров: Биринчидан, мени Бишкекка бир неча бор чақиришди, таклиф қилишди. Мен охири бордим Бишкекка. Эмил Каптагаев руководитель аппарата экан, кутиб олди.

Озодлик: Апрел воқеаларидан кейинги кунлардаги, ҳукумат тепасида муваққат ҳукумат ўтирган пайтдаги гапларни айтаяпсиз?

Қодиржон Ботиров: Ҳа. Кейин Алмаз Атамбаев билан учрашдик, Текебаев билан учрашдик, Роза Исақовна билан учрашдик. Улар билан гаплашганда, “Ўзбеклар яшаëтган жойларда уларнинг ўзига хос лидерлари бор. Уларнинг ҳаммасини тўплаб, биргаликда гаплашайлик, чунки масала халқимизга тегишли. Шунинг учун рухсат берасизлар, мен чақираман. Болалар билан бирга учрашамиз” дедим. Лидерларни чақирдик. Ўшдан келишди болалар. Мен Қирғизистон жанубидаги ўзбекларимизнинг бир қанчасини чақиртирдим. Муҳаммадрасул Абақжоновни Ўзгандан, Абдурасулов Иномжонни Қорасувдан, Салоҳиддинов Жалолиддинни Ўшдан чақирдик, Камолов Шуҳратни Боткендан чақирдик, Қизилқиядан Мухторжонни чақирдик, Жалолободдан Абдусаломов Улуғбек, Акбаров Аъзамжон, Эргашев Воҳиджон ва яна бир қанча кишини чақириб, Бишкекда очиқ-ойдин гаплашдик. Бугунги кунда революционерларнинг қилаëтган ишларини бизнинг халқ қўллаб-қувватлашини айтдик. Фақат конституционний реформа бўлсин, сизлар Акаев давридаги, Бакиев даврида бўлганидай, энди элни бўлишни тўхтатинглар, дедик. Агар ҳамма тенг кўриладиган бўлса, биз ҳамкорлик қилишга тайëрлигимизни очиқ айтдик. Улар шунга ваъда беришди.

Озодлик: “Улар”нинг фамилияларини яна бир марта қайтарсангиз.

Қодиржон Ботиров: Мисол, Ўмурбек Текебаев сайловга ва конституциянинг янги проектини қилиш учун специално комиссия тузди. Шахсан Текебаев Даврон Собировни шунга қўшди, Аъзамжон Акбаровни ва Абдусаломов Улуғбек акани қўшди. Абдумўмин Центризбиркомга аъзо қилинди. Бизнинг таклифларимиз инобатга олинди. Шаҳарларга ҳокимлар ўринбосарлигига ўзбеклардан қўйдик. Буни шахсан Роза Исақовнанинг ўзи ҳал қилди. Замларга ўзбек болаларни қўйиш кераклигини биз очиқ-ойдин айтдик. Менга очиқ-ойдин: “Муваққат ҳукуматга аъзо бўлиб келинг, шу ерда ишланг” деган таклиф бўлди. Мен: “Бугунги кунда жанубда Бакиев турибди, провокациялар бўлаяпти. Элимиз ҳар кун хавфда яшаяпти. Шу бир ëққа сурилмагунча, реформалар бир ëққа ўтмагунча, биз Жалолободда бўламиз. Ҳозир эса бизнинг бу ердаги вакилимиз Аъзамжон Акбаров бўлиб туради. Биз бориб ишимизни қилайлик” деб жанубга қайтиб, ўзимизнинг ишимизни давом эттирдик.

Озодлик: Муваққат ҳукумат аъзолари билан, унинг раиси Роза Ўтунбаева билан, Текебаев билан муносабатларингиз яхши бўлган экан. Боя Исмоил Исақов билан оғир кунларда ҳамкорлик қилганингизни айтдингиз. Ўша яхши муносабатлар қайси санагача давом этди?

Қодиржон Ботиров: Исмоил Исақовни, Бекназаровни 13-14 числогача кўрган эмасман.

Озодлик: Қайси ой бу?

Қодиржон Ботиров: Май ойи. Биласиз, ўша кунларда Боткен, Ўш, Жалолобод вилоятларини Усен Сиддиқов ва Бакиевнинг тарафдорлари эгаллаган эди. Областной центрларни ва уларнинг административ зданиеларини эгаллаб, қувиб чиқаришган губернаторларни. Мана шунга қадар бирортаси элнинг олдига очиқ-ойдин чиқиб, ўзини кўрсата олган эмас.


“Буларнинг ҳаммаси двойной стандартда ишлашди”

Озодлик: Кимларни айтаяпсиз?

Қодиржон Ботиров: Исақов, Бекназаров ва ўша ерга қўйилган жавобгар шахсларни. Уларнинг бирортаси бетма-бет чиқиб, уларнинг олдида ўзининг очиқ-ойдин сўзини айта олган эмас. Улар Бакиев ва Усен Сиддиқовнинг сторонникларидан қўрққан. Биласиз, мана Бакиев ўзининг отасининг уйида -Тейитда турганда буларнинг ҳаммасининг қўлида телефонлари иккитадан эди. Кундузи ҳукуматга битта телефонда жаврашади, кечқурун иккинчи телефонда Бакиев “югуриб кел” деса, бориб, ўшанинг хизматида бўлишди. Булар ҳаммаси двойной стандартда ишлашди.

Озодлик: Булар деганда кимни назарда тутаяпсиз?

Қодиржон Ботиров: Ҳокимиятда ўтирганлар, айниқса жанубдаги мэрлар, губернаторлар, милициялар, СНБлар, прокуратура ва суд ходимлари, айрим қишлоқ ҳукуматларининг бошлиқлари ва корхоналарнинг директорлари Бакиевнинг уйидан узилган эмас. Доимий равишда унинг штабида бирга бўлишган ва жуда қаттиқ тайëргарлик кўришган. Шунинг учун ҳам Исақов, Бекназаров ва бошқа қўйилган комендантлар элнинг олдига бирор марта чиқа олган эмас. Менга шахсан Алмаз Атамбаев айтди, “Қодиржон, сизнинг олдингизга шахсан мен Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бақит Алимбековни жўнатаяпман, у билан маслаҳат қилинг, милицияларнинг қандай ҳолатдалигини биз биламиз, народний ополчение тузинглар, дежурство уюштиринглар, жой-жойларда штабни тузинглар. Университетга яхши одамларни тўплаб, ўша ерда қаттиқ турмайдиган бўлсанглар, бой бериб қўямиз”, деди. Уч марта гаплашдик. Бирор марта келгани йўқ Бақит Алимбеков. Келолгани йўқ. Келиш учун уларда юрак йўқ эди-да. Бакиев ва Усен Сиддиқовнинг тарафдорлари ҳамма ëқни қўлга олиб, зирқиратиб қўйган эди. Булар бекинишиб юрган эди у пайтда.


Миллатлараро можаро нимадан бошланди?

Озодлик: Қодиржон ака, мен муносабатлар қайси санагача давом этди, деб сўрадим. Келинг, саволни бошқача қўяй. Нима учун апрел инқилобидан кейин яхши бўлган муносабатлар бирдан, ўзгариб урушга айланиб кетди? Сабаби нима?

Қодиржон Ботиров: Сабаби, менимча, жуда чуқурроқ бўлса керак. Бакиев ва Усен Сиддиқовнинг тарафдорлари кўпайиб, улар милиция ходимлари тарафидан, СНБ тарафидан, местний власт тарафидан қўллангандан кейин буларнинг қўлтиғидан тарвузи тушди. Очиқ тарзда “Народний ополчение қилмасак бўлмайди. Народний ополчениега ўзбекдан, қирғиздан тенгма-тенг олиб, уларнинг ичидан яхши ишлаган болаларни милиция, прокуратура, СНБга олиб, бу идораларни интернационалний қилмасак бўлмайди” деб, мени шахсан Бекназаров чақирди, Жалолободда гаплашдик. Губернатор қатнашди, жануб бўйича замгенералний прокурорлар қатнашди. Жалолободда Мўлмўл деган гостиница бор. “Мўлмўл Бакиевнинг қуйруқларига тегишли нарса. Давай, санкция қўй, арестоват қил. Губернатор хат ëзади. Шуни казарма қиласан. Круглосуточно шу ерда ўзбек ва қирғизлардан ташкил қилинган народний ополчение бўлади” деб очиқ установка берди. Биз тайëрладик, лекин мен битта нарсага кейинроқ эътибор бериб қолибман, аслини олганда, қирғиз халқининг ичида ўзини ҳурмат қилган ва қонун асосида яшаган қирғизлар Бекназаров, Исмоил Исақовнинг бирортасига ишонмаслиги яққол кўринди-да шунда. Улар келмай қўйди народний ополчениега. Булар ўзининг кимлигини билди ўша ерда. Билгандан кейин Исмоил Исаков Ўшга бориб, Мелис Мирзақматов билан, Суюн Ўмурзақов билан, Қурсан Асанов дегани бор - началник УВД, Гаипқулов Искандар деганлари бор - мана шунга ўхшаганлар ва кўчадаги преступниклар билан учрашгандан кейин “Қирғизнинг ичида ҳақиқий патриотлари ҳам бор экан, биз ўзимизникиларга ишонишимиз керак экан” деб, улар Бакиев даврида именно ўзбекларга тайëрлаган жиноятни Ўшда бошлашди.

(Давоми бор)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG