Линклар

Абдумалик Бобоев суди қолдирилди


Журналист Абдумалик Бобоев ўзига қўйилаётган айбловлар асоссизлигини айтади.

Журналист Абдумалик Бобоев ўзига қўйилаётган айбловлар асоссизлигини айтади.

“Америка овози” мухбири Абдумалик Бобоев иши юзасидан шу йил 2 октябрига белгиланган маҳкама жараёни номаълум муддатга қолдирилди. Бунга Бобоевнинг адвокати Собир Кўчимов журналистни ҳимоя қилишдан бош тортгани сабаб бўлди.

Адвокат Собир Кўчимов журналист Абдумалик Бобоев манфаатларини судда ҳимоя қилишдан бош тортишини ўзининг ўта бандлиги билан изоҳлаган.

Малик Мансур тахаллуси билан ижод қилувчи Абдумалик Бобоевга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 4 моддаси (чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, туҳмат, ҳақорат, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаганлик ва тарқатганлик) бўйича айблов қўйилган.

Тошкент прокуратураси журналистга нисбатан "мамлакатдан чиқиб кетмаслик" чорасини қўллаган.

Абдумалик Бобоевга нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши очилганидан ташвишга тушган қатор халқаро ташкилотлар Тошкент расмийларига очиқ хат йўллаб, журналистга қўйилаётган айбловлар унинг касбий фаолияти билан боғлиқ дея, уларни олиб ташланишини сўраганлар.

Маълум бўлишича, Бобоевга 30 сентябр куни Тошкент шаҳар прокуратураси катта терговчиси Ҳусан Ҳусанов томонидан тузилган, шаҳар прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Тўхтабоев билан мувофиқлаштирилган ва Тошкент шаҳар прокурори Обидов томонидан тасдиқланган айблов хулосаси матни тақдим этилган (аввалроқ терговчи ишнинг “махфий”лигини баҳона қилиб, журналистга айблов хулосасини бермаганди). Бобоев фаолияти бўйича “экспертлик хулосаси” матни эса ҳанузгача журналистга берилмаган.

Терговчи тақдим этган айблов хулосасида “оммавий ахборот воситалари орқали журналистик фаолият билан шуғулланган Абдумалик Бобоев давлат хизматчилари, суд органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилиш ва уларни таҳқирлаш билан шуғулланган”и, “фуқаролар ўртасида ваҳима қўзғовчи ва мамлакатда беқарорлик келтириб чиқарувчи материалларни чоп этган”и ҳамда “бу фаолият Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олмай туриб юритилган”и ҳақида ёзилади.

Бобоевнинг ҳамкасблари ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари бу айбловларнинг уйдирма эканини айтмоқдалар.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG