Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:17

Тожикистонда бир неча мустақил сайтга тўсиқ қўйилди


Шу йилнинг 29 сентябридан буён Тожикистонда avesta.tj, tojnews.tj, centrasia.ru ва tjknews.com каби сайтларни очиб бўлмаяпти. Айни пайтда расмийлар мазкур сайтларнинг блок қилинишидан бехабарлигини айтишмоқда.

Тожикистондаги интернет фойдаланувчилар беш кундан буён расмий Душанбе фаолияти юзасидан танқидий материаллар бериб келадиган avesta.tj, tojnews.tj,centrasia.ru ва tjknews.com интернет сайтларига кириш имконидан маҳрум қолаётганларини айтмоқдалар.

Тожикистон Интернет тармоқлари бирлашмаси раисаси Парвина Ибодова фикрича, бунга тожик расмийлари томонидан провайдер ширкатларга берилган буйруқ сабаб бўлган.

- Республикада avesta.tj, tojnews.tj,centrasia.ru ва.tjknews.com каби интернет сайтларига расмийлар берган буйруқ сабабли тўсиқ қўйилаётганлигини биз аниқ биламиз. Буни айрим провайдерларга келган расмий мактублар ҳам тасдиқлаб турибди. Бундай мактублар республиканинг барча вилоятларидаги провайдерларга жўнатилган, дейди Парвина Ибодова.

Унинг сўзларига кўра, республика Алоқа вазирлигининг назорат агентлиги томонидан тайёрланган мактуб аслида амалдаги қонунчиликка зиддир. Провайдерлар эса лицензиядан маҳрум бўлишдан чўчиб, бу буйруққа бўйсунишга мажбур бўлмоқдалар. Провайдерларга юборилган хатда сайтларга қўйилмиш тўсиқларнинг олиб ташланиш муддати кўрсатилмаган.

Айни пайтда Тожикистон Алоқа вазирлиги расмийлари республикада интернет сайтларига тўсиқ қўйилганлигидан бехабар эканлигини айтмоқдалар.

- Кимлардир бизнинг шанимизга доғ туширмоқчи бўлаяпти. Матбуотда гўё биз интернет ширкатлари раҳбарларига махсус мактуб жўнатганлигимиз ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Бу ёлғон гаплар. Назаримда, баъзи интернет сайтларининг очилмаётганлиги сабаби ўша ширкатларнинг техникаси яхши ишламаётгани билан боғлиқ. Бу муаммони биз эмас, уларнинг ўзлари ҳал қилишлари керак, дейди Алоқа вазирлигининг Назорат агентлиги раиси Қадамжон Сафиев.

Бироқ “Авеста” интернет сайтининг бош муҳаррири Зафар Абдуллаев Алоқа вазирлиги расмийси Сафоевнинг даъвоси асоссизлигини айтади. “Авеста” очилмай қолган биринчи кундаёқ техник кўрик ўтказилганини қайд этган бош муҳаррир бунинг сабабларини бошқа ёқдан излаш керак, деган фикрда.

- Охирги пайтларда сайтимиз муштарийлари сони кескин ошиб кетди. Сайт саҳифаларида эса ўқувчилар талабларига жавоб бера оладиган танқидий, таҳлилий мақолалар чоп қилина бошланди. Айниқса мамлакатда содир бўлган террорчилик хуружлари, Рашт туманидаги воқееаларни очиқ-ойдин ёритдик. Мана шу рўйи-рост гапларимиз расмийларга ёқмаган шекилли. Чунки аввалига улар бир нечта хабарларимиз ҳақиқатга тўғри келмайди, дея рад қилишди. Охир-оқибат, сайт блок қилинди, дейди Зафар Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, “Талко” алюминий ширкатидаги кирдикорлар хусусидаги мақола ҳам сайтнинг блок қилинишига олиб келган бўлиши мумкин. Бош муҳаррир Абдуллаевнинг айтишича, мазкур мақолада “Талко”даги найрангларга юқори лавозимли амалдорларнинг алоқаси борлигига ишора қилинганди.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистонда сўнгги икки-уч йил давомида мустақил Интернет сайтлари блокировка қилиниши кузатилмоқда. Жумладан, шу кунгача Tajikistan times, Центразия, Фергана.ру сайтларига бир неча бор тўсиқ қўйилган. “Чароғи рўз”, “Ватандор” каби мухолифат сайтлари эса бутунлай блокировка қилиб ташланган.

XS
SM
MD
LG