Линклар

"Камбағалнинг нони" қимматлади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон аҳолиснинг кам таъминланган қатлами сотиб оладиган "бўлка" нон қимматлади.

Ўзбекистон аҳолиснинг кам таъминланган қатлами сотиб оладиган "бўлка" нон қимматлади.

Ўзбекистонда нон, газ, электр энергияси нархлари ва коммунал хизматлар учун тўловлар қимматлади. Кузатувчиларнинг айтишларича, янги нарх-наволар тўзонида шу йилнинг 1 августидан бошлаб оширилган 20 фоизлик иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳам қолиб кетадиган бўлди.


Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 2 октябрдан бошлаб мамлакат нон заводларида ёпиладиган энг арзон буханка нон нархи 14 фоизга оширилди. Тошкент шаҳридаги “Турон-нон” масъулияти чекланган жамият мулозимларидан бири ҳам бу хабарни тасдиқлади:

- Нархларчи 400 сўм бўлди. 350 сўмлик, 600 грамм келувчи биринчи сорт бўлка нонимиз 400 сўм бўлди.

Озодлик: Бунинг сабабини айтишаяптими?

- Кечаги кун собрание бўлганда ун танқис бўлганлиги учун, Россия ва Қозоғистон ун бермаганлиги ва ўзимизда ун запаси камлиги билан ун ошган. Ун ошгандан кейин нон ўз ўзидан ошади. Буғдой бу йил яхши бўлмаган,- дейди ўз исмини айтмаган “Турон-нон” мулозимларидан бири.

Ўзбекистон расмийлари бир неча йилдан бери ғалла мустақиллигига эришганини иддао қилиб келади ва бу йил 7 миллион тонна ғалла жамғарганини эълон қилди.

Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов расмийларнинг бу иддоларини шубҳа остига олар экан, аслида Ўзбекистон унидан пиширилган бу бўлка нонлар “камбағалнинг нони” ҳисобланади ва аҳолининг кам таъминланган қатлами асосан ана шу нонни харид қилади, дейди.

- Ўзбекистон унидан пиширилган буханка нон ҳақиқатан бор, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Буханка 350 сўмлик нонни 400 сўмга чиқаришди. Энди бу ноннинг сифатига баҳо беринг. Бу нонни кечқурун ейиш мумкин. Эрталаб бу нонни еб бўлмайди. Ўша 400 сўмлик нонни кечқурун емасангиз, эртага у ачиб қолади. Ўзбекистон буғдойидан, Ўзбекистон унидан тайëрланган буханка нонлар 48 соат ичида ачиб бўлади. Яна бир нарсага эътибор беришингларни сўрайман. Албатта қишлоқ жойларда момолар, оналар бир амаллаб ëпишади бир нималар қилиб. Лекин унинг сифат масаласи, унинг оқиб кетиш масаласи, унинг неча кун туриш масаласи. Мана ҳозир Тошкент шаҳрида эътибор берсангиз, Қозоғистон унидан, қаттиқ буғдойдан тайëрланган патирлар, нонлар - одамнинг кўзини қувонтирадиган нарсалар булар. Албатта бу нарсалар билан икки кунда ачиб қоладиган нонни таққослаш тўғри келмайдику,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

“Турон-нон” масъулияти чекланган жамият мулозими Жаҳонгир Шосалимов фикрларини рад этади. Унинг айтишича, бўлка нонлар сифатли тайёрланмоқда ва бу ноннинг доим харидори бор.

- Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас. Мана бизлардан олишаяпти. Ҳамма нарсанинг ўзининг вақти бор. Ëзда уксус қўшилади, қишда дрожа камроқ қўшилади. Шунга қараб қилишади, нонимиз яхши, -дейди “Турон-нон” масъулияти чекланган жамият мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб иссиқ сув, марказий иситиш тизими учун тўловлар ҳам 8,5 фоизга кўтарилди. Елена Остаченова “Тошиссиққувват” унитар корхонаси план бўлими мутахассиси.

- Марказий иситиш тизимига уланган хонадонлардаги ҳар квадрат метрга, ҳар бир киши учун 397 сўмдан янги нарх тайинланди. Шу пайтгача аҳоли 365 сўмдан пул тўларди. Ҳисоблагич бўйича ҳар кубометр иссиқ сув 2837 сўмдан 3080 сўмга кўтарилди,- дейди “Тошиссиққувват” корхонаси вакили.

Елена Остаченова бунинг сабабини иссиқ сув иситишга сарфланадиган ёнилғи ва электр энергияси нархларининг ошганлиги билан изоҳлади.

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси нархлари ҳам кўтарилди:

- Аҳоли учун сотиладиган электр энергияси нархлари 76 сўм 80 тийин қилиб белгиланди. Яъни аввалги нархига нисбатан 6 сўму 30 тийинга қимматлади. Бу тахминан 9 фоизни ташкил этади,- дейди исмини ошкор этмаган Сирдарё электр тармоқлари идораси мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда энергия воситалари орасида энг кўп қимматлагани газ бўлди. Аҳолига сотиладиган газнинг нархи 20 фоизга кўтарилди:

- Газ 54 сўм 90 тийин эди. Ҳозир 67 сўм 50 тийин бўлди. 12 сўм 60 тийинга ошганда ҳозир. Иккинчи марта ошиши бу ака,- дейди "Оққўрғонтумангаз" идораси мутахассисларидан бири.

Кузатувчилар Ўзбекистонда нон, газ, электр энергияси нархлари ва коммунал хизматлар учун тўловлар қимматлашини бошқа нарх-наволарга ҳам таъсир қилишини айтади. Ўзбекистон ҳукуматининг иш ҳақлари, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг август ойидан 20 фоизга оширгани янги нарх-наволар тўзонида йўқ бўлиб кетганини айтмоқдалар.

Жаҳонгир Шосалимовга кўра, одатда ҳар сафар президентнинг маошларни ошириш тўғрисидаги фармони эълон қилиниши нарх-наволарнинг ошишига бир сигнал бўлади.

- Президент фармонининг ғайри оддийлиги шу бўлдики, аранг ойлик пластик карточкаларга пул ўтказиш билангина зўр-базўр ойлик маошларини бериб турган корхона, ташкилотлар қайси фонд, қайси ташкилот, қайси манбадан пул топиб, оширилган ойликларни молиялаштириши ўта мавҳумлигича қолмоқда. Президент фармонида буни кўрсатишмайди. Шу сабабдан бўлса керак иш ҳақининг оширилиши нарх-наволарнинг оширилишига берилган сигналга ўхшаб қолади. 1 июн ҳолатида Ўзбекистонда бир қоп Қозоғистон уни 30 мингдан сотиларди. Секин-секин 10 кун ичида 40 минг, 50 минг, 60 минг, 70 минг, ҳозирги кунда ўша Қозоғистон унлари 80 минг атрофида сотилмоқда. Бозордаги истеъмол молларига кўтарилган бошқа нарх-наволарни кўз олдингизга келтирсангиз, оширилган 20 фоизлик иш ҳақлари унинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолганини кўрасиз,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG