Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:16

Тожик журналистлари Мудофаа вазирини судга бермоқчи


Тожикистонлик журналистлар мамлакат мудофаа вазири Шерали Хайруллоев мустақил нашрларни асоссиз айбламоқда, деган фикрдалар.
Тожикистонлик журналистлар мамлакат мудофаа вазири Шерали Хайруллоев мустақил нашрларни асоссиз айбламоқда, деган фикрдалар.

Тожикистонлик мустақил журналистларининг бу қарори мамлакат Мудофаа вазирининг 4 октябр кунги баёнотига эътироз тариқасида қабул қилингани айтилмоқда. Вазир Хайруллоев мазкур баёнотида Раштдаги воқеаларни ёритаётган журналистларни ўз мақолалари билан террорчи гуруҳларни дастаклаётганликда айблаганди.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани раиси Нуриддин Қаршибоев “террорчиларни ҳимоялаш”га оид айблов жиддий айблов эканини айтаркан, мустақил нашрларни бу айбловга бефарқ бўлмасликка чақирди.

- Бу асоссиз даъводир. Жаноб вазир бундай даъво қилиш учун етарли маълумотлар ва асосли далиллар келтириши лозим эди. Унинг “мустақил нашрлар ўз мақолаларида террорчиларни дастаклаётгани”га оид иддаосида ҳеч қандай асос йўқлиги учун Шерали Хайруллоев устидан судга ариза беришга қарор қилдик. Вазир жаноблари бу туҳматлари учун қонун олдида жавоб берсин, деди Нуриддин Қаршибоев.

Бундай қарор 4 октябр куни Душанбе шаҳрида мустақил нашрлар вакиллари ўтказган бир йиғилиш ниҳоясида қабул қилинган.

Йиғилиш ташабускорлари бўлмиш “Фараж”, “Бизнес и политика”, “Азия плюс”, “Факти и комментарий” ва “Пайкон” каби мустақил нашрлар ходимлари бошқа оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам бу қарорни қувватлашга чақирган.

Вазир Хайруллоев журналистларнинг мазкур қарори юзасидан ҳозирча бирор-бир изоҳ бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев шу йил 4 октябр куни “Ховар” давлат ахборот агентлиги орқали ёйинланган баёнотида “Республикадаги мустақил нашрлар ўз мақолаларида Рашт водийсидаги ҳодисаларни бир томонлама ёритаётгани ва ҳукумат билан жанг қилаётган террорчи гуруҳларни ўз мақолалари билан дастаклаётгани”ни даъво қилган эди.

“Тожикистондаги мустақил нашрларда чоп этилаётган мақолаларнинг аксариятида журналистлар Мудофаа вазирлиги карвонига уюштирилган ваҳшиёна террор ҳужумини ҳимоялаётгани сезилади”, дейди Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев “Ховар”да чоп этилмиш материалда.

Эслатсак, шу йил 19 сентябрида Рашт водийсининг Камароб дарасида номаълум гуруҳлар Мудофаа вазирлиги карвонига пистирмадан ҳужум уюштирган, натижада вазирликнинг 25 аскари қурбон бўлиб, қолганлари турли даражада тан жароҳатлари олган эди.

Шундан сўнг Тожикистондаги аксарият оммавий ахборот воситалари Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг касбий малакасини танқид қилиб, Шерали Хайруллоевнинг вазифадан кетишини талаб қилган эдилар.

Айни пайтда вазир Хайруллоев республика мустақил нашрлари “ўз ҳомийси”га эгалигини ва Раштда содир бўлган фожеа хабарсиз ўтирган айрим журналистларни қувонтирганига шаъма қилганди.

Шерали Хайруллоев “Ховар”даги чиқишида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, улардан сиёсатчиларнинг сиёсий таҳлилларига ва журналистларнинг мақолаларига ҳуқуқий баҳо беришни ҳамда бундай ҳолатларда қонунга хилоф кўринишлар кузатилса, уларни жиноий жавобгарликка тортишни сўраган.

“25 аскар қонига ким жавобгар? номли мақола муаллифи, “Фараж” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев Мудофаа вазирлиги билан ҳануз давом этаётган баҳслар ортидан мазкур рўзномани нашр қилдириш имконсиз бўлиб қолаётганини айтади.

- “Фараж”ни чоп қиладиган “Оила” босмахонаси ҳар гал кулгили баҳоналар билан газетамизни чоп қилолмаслигини айтади. Фикримча, бунга мазкур босмахона масъулларига айрим сиёсий доиралар томонидан ўтказилаётган босим сабаб бўлаётир, дея мулоҳаза билдиради Хуршед Атоуллоев.

Қайд этиш ўринлики, ўтган ой охиридан буён Тожикистондаги Авесто, Тожнюс ва Тожикнюс сайтларини очиб бўлмаяпти. Аснода тожик расмийлари бу сайтларга тўсиқ қўйилганидан хабарсизликларини билдиришмоқда.
XS
SM
MD
LG