Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:44

Қирғизистонда электр нархи давлат сирими?


Қирғизистон Марказий Осиёда электр энергиясини энг кўп ишлаб чиқарувчи давлат қатори тилга олинади. Бироқ мустақил тадқиқотчилар фикрича, қирғиз иқтисодиётининг асосини ташкил қилган энергетика тармоғидаги нарх сиёсати оммага ошкор қилинмайди. Бунинг сабаби нимада?

Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Алмамбет Матубраимов энергетика бўйича мутахассис. Унинг айтишича, бугунги кунда расмийлар томонидан 1 кВт/соат электр энергияси таннархи қанча экани яширилади.

- Энергетика вазири 1 кВт/соат электр энергиясининг таннархи 1 сўм 40 тийинга тўғри келади, деб баёнот бермоқда. Бу рақам қаердан, қайси ҳисоб-китобдан олинди – ҳеч ким билмайди. Аслида бу ҳақиқатдан узоқ рақам, - дейди Алмамбет Матубраимов.

Қирғизистон энергетикасини ўрганган хорижлик мутахассислар ҳам нима учун қирғиз расмийлари энергетика соҳаси бўйича маълумотларни халқдан яширишларини тушуна олмайдилар.

8 йилдан бери Қирғизистон энергетика саноатини тадқиқ қилаётган америкалик мутахассис Желлин Мерфининг айтишича, ҳукуматнинг электр энергияси юзасидан оммага ошкор қилаётган айрим маълумотлари ҳам ишончсиздир.

Хорижлик мутахассисга кўра, бугунги кунда Қирғизистон энергетика тармоғи бошқарув тузилмаларининг иш самарадорлиги 1 фоиздан ҳам паст даражада. Бунинг натижасида эса энергетика тармоғи кундан-кунга нураб бормоқда.

- Иккинчидан, шуни айтишим лозимки, бугунги кунда Қирғизистонда социалистик даврдагидай фақат ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилинади. Соҳа тараққиётига мутлақо эътибор қаратилмайди. Учинчидан, тармоқ фойда ўрнига зиёнга ишлайди. Чунки бошқарув тизим тармоқни фойда келтирадиган даражага олиб чиқиш ўрнига, бунинг тескарисини амалга оширади, - дейди Желлин Мерфи.

Америкалик мутахассиснинг ҳисоб-китобига қараганда, Қирғизистонда бир йилда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 50 фоизи расман йўқотишлар бандига ёзилади. Аммо аслида бу энергия кимларгадир сотилади ва ундан тушган маблағ коррупционер амалдорлар чўнтагига бориб тушади.

Қирғизистон энергетика вазири Ўсмўнбек Ортиқбоев ҳам хорижлик мутахассиснинг фикрларига қўшилади.

- Мени янги вазир сифатида ҳайратга солган нарса мазкур муаммоларни ҳал қиладиган ҳукумат аъзоларидан кўпчилиги масалани ҳал қилишни пайсалга солиб, керак бўлса тўсқинлик қилиб келаётганида, - деди Қирғизистоннинг янги энергетика вазири.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда бир йилда 14 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқилади. Шунга қарамай, Қирғизистонда мунтазам электр қуввати етишмовчилиги сезилади. Норасмий манбаларга кўра, бу электр энергиясининг асосий қисми қиш мавсумида хорижий давлатларга сотилиши билан боғлиқдир.
XS
SM
MD
LG