Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Бишкек Киевдан Қодиржон Ботировни сўрамоқда


Бишкек Ботировни миллий низо қўзғанликда, Ботиров эса Бишкекни ўзбекларга қарши миллатчиликда айбламоқда.
Бишкек Ботировни миллий низо қўзғанликда, Ботиров эса Бишкекни ўзбекларга қарши миллатчиликда айбламоқда.


Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати масъули Кубаниш Сабировнинг Озодлик қирғиз хизматига билдиришича¸ Бишкек Украина Бош прокуратурасига Қодиржон Ботировни қўлга олиб¸ уни Қирғизистонга юбориш бўйича расмий сўров йўллаган ва эндиликда иккала давлат қабул қилган Кишинëв конвенциясига муфовиқ Киев ҳукумати Ботировни Бишкек ихтиëрига топшириши лозим.

- Бу конвенцияга мувофиқ¸ сўров Бош прокуратура орқали жўнатилади ва конвенция аъзолари халқаро қидирувга берилган жиноятчиларни бир-бирларига тутиб беришлари керак. Ана шу конвенция асосида биз Украина Бош прокуратурасига Қодиржон Ботировни Қирғизистон ҳудудида содир этган қилмишлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида Қирғизистонга ушлаб беришни сўраб мурожаат қилдик. Ботировнинг ҳозирда Киев шаҳрида эканини биз Интерпол линияси орқали тасдиқладик¸ деди қирғиз хизматига Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати вакили 5 октябр куни.

Жалолобод Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари¸ Республика Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти¸ Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети асосчиси¸ собиқ депутат Қодиржон Ботиров¸ Қирғизистон муваққат ҳукумати даъвосича¸ Қирғизистон жанубида май-июн ойларида юзага чиққан миллий асосдаги зўравонликлар ташаббусчиларидан бири. Ҳозирда қирғиз прокуратураси Ботировга қарши ўзбек ва қирғизлар ўртасида миллий нафратни қўзғаш¸ деган мазмундаги жиддий айб қўймоқда.

Қирғизистон Бош прокуратураси вакилининг Ботировни қўлга олиб¸ ватанига экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровнинг Киевга жўнатилганига оид баëнотига қарамай¸ Украина Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Юрий Бойченко Озодлик билан суҳбатда¸ бундай сўровнинг ҳали расман етиб келмаганини билдирди.

- Қирғизистондаги ўзбек жамоасининг таниқли етакчиси Қодиржон Ботировни қўлга олиш ëхуд уни экстрадиция қилиш ҳақида бизга ҳеч қандай расмий сўров келгани йўқ. Худди шунингдек¸ Қодиржон Ботировнинг қандайдир жиноятларга алоқаси борлигини тасдиқловчи далилий ҳужжатлар ҳам бизнинг қўлимизда йўқ.

Уни қўлга олиш учун¸ Ботировга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиниши лозим. Бу иш билан Интерпол шуғулланади. Уни Интерпол қўлга олган тақдирда¸ Ботировни экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу масала алоҳида ҳолда кўриб чиқилади. Агар Қирғизистон прокуратураси Ботировнинг жиноятчи эканини тасдиқловчи жиддий далилларни юборса¸ бу масалани суд ҳал қилади. Унгача¸ Ботировнинг барча фуқаролик ҳақлари кафолатланади ва у Украинадан сиëсий бошпана ëхуд фуқаролик сўраш ҳаққидан фойдаланиши мумкин. Узоққа чўзиладиган бу жараëнда охирги сўзни суд айтади¸ деди Украина Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Юрий Бойченко Озодлик билан суҳбатда.

Июн ойида Ўш ва Жалолободда амалга оширилган миллий асосдаги зўравонликлардан сўнг илк маротаба 2 октябр куни Озодлик суҳбатлашган Қодиржон Ботиров¸ Қирғизистон муваққат ҳукуматининг ўзига қўяëтган айбларини¸ Қирғизистондаги ўзбек жамоасини етакчиларсиз қолдириш мақсадида бораëтган таъқиб жараëнидаги навбатдаги сиëсий буюртма дея баҳолади.

- Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларнинг асосий сабабчилари бугунги ҳукумат томонидан иложи борича ҳимояланиб, асосан ўзбеклар устидан жиноий ишлар қўзғатилиб, ўзбеклар ичидан чиққан лидерларнинг ҳаммасини бир чеккадан қамаш вазифаси бажарилаяпти. Бу - тепадан бўлаётган установка, сиёсий буюртма. Бу – сиёсий таъқиб. Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Сабаби мен фуқаролик вазифамни бажардим¸ деди Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон прокуратураси қўяëтган айбларни рад қилган Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботировнинг муваққат қирғиз ҳукумати июн ойидаги қирғин учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилиш учун айбнинг барини ўзбекларга тўнкамоқда¸ деган фикрига муносабат билдирган Қирғизистон президентининг сиëсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Тўпчибек Турғуналиев¸ мамлакат Бош прокуратураси ихтиëрида Ботировнинг миллий низо келтириб чиқарганлардан бири эканини исботловчи далиллар борлигини иддао қилди.

- Қодиржон Ботиров¸ агар биз қирғизларга ҳужум бошласак¸ Ўзбекистон ўз қуролли кучларини Қирғизистонга киритиши ва биз жанубдаги кўп ерларни эгаллаб қолишимиз мумкин¸ деган фикрда бўлган. У буни ҳеч қачон тан олмайди. Аммо тонишда давом этаверса¸ бизнинг терговчилар буни далиллаб беради¸ деди Қодиржон Ботировнинг Озодлик билан суҳбатда билдирганларига муносабат билдирган Турғуналиев қирғиз мухбирига.

Қодиржон Ботиров¸ ўзининг мутлақ айбсиз экани¸ буни бугун Бишкекда ўтирганлар¸ хусусан президент Роза Ўтунбаева ҳам билишини ва Қирғизистонни июн воқеаларига қадар айнан муваққат ҳукумат сўровига мувофиқ тарк этганини таъкидламоқда. Қирғиз расмийлари¸ орада бундай келишув бўлганидан тонмоқда. Икки ўртадаги тортишув¸ эндиликда Украина ҳовлисига кўчди. Киев масъули айтган каби¸ эндигина бошланган бу ҳуқуқий можаронинг ҳали анча чўзилишини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG