Линклар

Сочидаги ўзбеклар ҳаққини талаб қилди

  • Садриддин Ашур

Сочидаги қурилиш ширкатларидан бири текинга ишлатаётган 50 нафар ўзбек мардикори ҳаққини талаб қилиб олиш учун охиригача курашди.

Сочидаги қурилиш ширкатларидан бири текинга ишлатаётган 50 нафар ўзбек мардикори ҳаққини талаб қилиб олиш учун охиригача курашди.

Сочи шаҳрида Олимпиада ўйинлари иншоотлари қурилишларида мардикорлик қилаётган 50 нафар ўзбекистонлик тўрт ойлик иш ҳақларини оладиган бўлди. Бунга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 5 октябр куни эрталаб Сочи шаҳар мэрияси олдида ўтказган норозилик тадбиридан сўнг эришилди.



Сешанба куни Сочи шаҳар мэрияси биноси олдига “Новый город” ширкати билан тузган шартномага кўра, ишлаётган бироқ тўрт ойдан буён маошларини ололмаётган 50 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари йиғилди.

- Ҳозир телевидениедан келди, бошқа ердан келди. Ҳаммасига гапираяпмиз. Дардимизнинг ҳаммасини айтаяпмиз.

Озодлик: Неча киши йиғилди у ерда ҳозир?

- 50дан ошиқ. Красний полянадан биз келдик. Бу ерда Сочидаги базадан болалар йиғилди. Ҳаммамиз бир жойга йиғилиб ҳаққимизни талаб қиляпмиз.

Озодлик: Сизларни милиция безовта қилмаяптими?

- Йўқ..

Озодлик: -Ҳокимиятдан одам чиқдими?

- Ҳокимиятдан одам чиқди. Иккита одамни киргизиб юбордик. Вакилларимизни,- дейди норозилик тадбири иштирокчиларидан бири Эрғали Умритқулов.

Эрғали билан гаплашган пайтимизда Сочи шаҳар мэриясидан вакиллар чиқиб уларнинг арзини тинглаган ва суҳбат учун икки нафар ўзбекистонлик ишчини ичкарига таклиф қилган эди. Расмийлар арзчиларни диққат билан эшитгач “Новый город” ширкати раҳбарларини чақиртирди. Сочи мэриясининг ҳуқуқ тартибот идоралари ва жамоатчилик ташкилотлари билан ишлаш бошқармаси раҳбари Вера Пашкова стол атрофида “Новый город” фирмаси директори Ненад Лукич ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вакиллари суҳбатлашди, дейди музокарада иштирок этган Ҳасан Неъматов.

- Мэр ўринбосари айтди. “Нимага вақтида ойликни бермаяпсан?”, деган эди кейин ширкат раҳабари “Заказчиклар вақтида бермаяпти, у ëқ-бу ëқ”, деган эди, “Бўлмаса бизлар заказчикларингдан олиб берамиз, уларни немедленно сен жўнатишинг керак. Шунчадан бери сарсон қилаëтган экансан. Мана булар даже прокуратурага ҳам ëзишган экан. Потом будем с тобой разбиратся”, дейишди-да, кейин чиқиб кетишди. Генералний директорга “Ҳали сени чақиртирамиз”, дейишди.

Ҳасан Неъматовнинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 50 киши бўлиб мэрия биноси олдига йиғилиши шов-шув бўлиб кетган.

- Бўлди энди, ҳаммаси оëққа турди. Краснодарнинг телеканалидан келиб олишди. Радиодан ҳам келишди. Кейин миграционний служба ҳам келди. Дарров телефон қилган шекилли. “Шунча одамнинг документи йўқ экан. Ишлаб ўтирибди”, деган шекилли. Улар ҳам эшитишди, тинглашди. Улар “Бизларга ҳам заявление ëзиб берасизлар. Бизлар уларнинг устидан иш қўзғаймиз. Буларнинг берган даъвосини 5-10 куннинг ичида ҳал қилиб бергин”, деди. Менимча, энди маошни бериб уйга кетказса керак,- дейди Ҳасан Неъматов.

Сочи шаҳар мэрияси расмийси Вера Пашкова Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинганини айтар экан, уларнинг масаласи Россия қонунчилигига кўра, ҳал қилиниши ваъда қилди.

- Бу йигитлар вакиллари билан шаҳар мэри ўринбосари, федерал миграция хизмати мулозимлари ва “Новый город” ширкати раҳбари гаплашди. Биз албатта бу масалани объектив ҳал қиламиз. Биринчидан, иш берувчи томон ҳақиқатан ҳам уларнинг маошини бермаганлигини тан олди ва буюртмачи ширкатга пул ўтказиши билан қарз маошларни тўлаб, йигитларни ширкат ҳисобидан Ўзбекистонга жўнатиб юборишга ваъда берди. Иккинчидан, йигитлар 1 сентябрдан бошлаб расман рўйхатдан ўтмасдан ва ишга рухсати йўқ ҳолда ишлашган. Албатта, бунга улар айбдор эмас, балки иш берувчи айбдор.

Сочи расмийси Вера Пашковага кўра, мэрия биноси олдига йиғилган 50 ўзбекистонликдан 35 нафарининг “Новый город” ширкати билан расмий шартномаси бўлган. Қолган 15 нафари шартномасиз шу ернинг ўзида ишга ёлланган. Вера Пашкова уларнинг ҳам иш ҳақлари ундириб берилишини ва ҳеч қандай тазйиқларга учрамаслигини таъкидлади.

Шаҳар мэрияси олдида ўтказилган норозилик тадбири ва бўлиб ўтган музокаралар тугагандан сўнг, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари “Новый город” ширкати автобусида жой-жойларига олиб бориб қўйилди. Фирма бошлиғига уларнинг маошлари ундириб берилгунга қадар ётар жой ва озиқ-овқат билан таъминлаб туриш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари шу йилнинг 7 июнидан бошлаб “Новый город” ширкатида қурувчи бўлиб иш бошлашади. Улар Тошкентдаги “Энергопроект” ширкати орқали расмий шартнома билан ойига 30 минг рубл (1000 АҚШ доллари) маош ваъдага ишониб Сочига келади.

Бироқ уларга ҳам, улардан уч ой олдин келган бошқа ўзбекистонликларга ҳам 2-5 минг рубллик авансдан бошқа маош берилмагандан кеийн улар 28 июлда иш ташлаш эълон қилади. Ширкат раҳбарлари иш ташлаш бошида турганларни Ўзбекистонга қайтариб юборади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сўнгра Сочи шаҳар прокуратурасига, меҳнат инспекциясига мурожаат қилишади. Меҳнат инспекцияси ширкатга жарима солади, бироқ аҳвол ўзгармайди.

Сўнгги чора сифатида “Новый город” ширкатида ишлаган 50 нафар ўзбекистонлик Сочи шаҳар мэрияси биноси олдида норозилик тадбири уюштирди.

Озодлик радиоси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тақдирини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG