Линклар

Modjo ҳам ўзига бир можаро орттириб олмаса-да

  • Фаррух Юсуфий

Гулнора Каримова берган икки миллион долларлик якан Стингнинг бурнидан булоқ бўлди, дейди Мамарайим ака.

Гулнора Каримова берган икки миллион долларлик якан Стингнинг бурнидан булоқ бўлди, дейди Мамарайим ака.

дейди 10 октябр куни Тошкентдаги “My logo room” клубида “Art Week StyleUz 2010” санъат ҳафталиги доирасида франциялик машҳур “Modjo” гуруҳи солисти Янн Дестал концерт бериши ҳақидаги хабарни эшитган олтиариқлик танишим Мамарайим ака.


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлиқ қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси уюштираётган санъат ҳафталигида “Modjo” дуэти солисти Янн Десталнинг кўриниш бериши тадбирнинг довруғига довруғ қўшиши кутилмоқда.

Гулнора Каримова тез-тез ўтказиб туришни одат қилган санъат ҳафталикларию мода кўргазмаларида шу пайтгача ажнабий шоу бизнес ва мода оламининг қанчадан-қанча машҳур вакиллари қатнашмади дейсиз.

Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Валентино, Таркан, Валентин Юдашкин каби машҳур одамларнинг Тошкентда меҳмон бўлиши Каримова хонимнинг ҳам, бу тадбирларнинг ҳам обрўйига обрў, кўркига кўрк қўшиб берди.

Олтиариқлик бир танишим Мамарайим акага телефон қилиб, “ака якшанба куни “Modjo” дуэтидаги Янн Дастал борку, ўша “My logo room” клубида концерт берар экан, Тошкентга бориб, мазза қилиб келмайсизми?”, деб илинган эдим, у бўлса “Э ука, бу ёқда пахта терими авжига чиқиб турганда можойинга бало борми. Ундан кўра, француз поп-мусиқаси шинавандаларини бу ёққа юборишсин, ёмғир-сомғир бошланмасдан пахтани нест-нобуд қилмай теришга қарашворишсин”, дея мени койиб берди.

Албатта, Мамарайим акадан фарқли ўлароқ, оддий ўзбекистонликларнинг аксарияти “Modjo” дуэти француз санъати вакиллари эканини билишлари даргумон. Ёки Монсерат Кабальенинг сопрано овози ва бельканто усулида қўшиқ айтиши ёки италян дизайнери Валентинонинг ҳушбичим кийимлар чевари эканидан бугун далаларга ҳайдалиб, кунлик нормани бажармаётгани учун қамчиланаётган талабалар, ёҳуд чимилдиққа киришдан олдин 10 килодан пахта териб бериши талаб қилинаётган келин-куёвларнинг хабари бўлмаслиги ҳам мумкин.

Лекин Гулнора Каримова ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси “Modjo” ёки бошқа ажнабий юлдузни Тошкентга олиб келар экан, сентябрда бошланиб кузнинг охирларигача давом этиши кутилаётган пахта мавсуми ҳирмонини тўлдираётган миллионлаб ўзбекларга “жаҳон санъати дурдоналари”дан сабоқ беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани ҳам даргумон.

Олтиариқлик Мамарайим ака мени койир экан, “у “Art Week StyleUz” деганинг ялтир-юлтур кйинган “бойвучча” қизлару Эргаш Каримов айтмоқчи, “қизил кўйлак ва кўк шим кийган жиблажибон олфталарингга яхши. Қоловурса, жарақ-жарақ долларни санаб олаётган Хулио Иглесиасу Стингларингга бунақа базми-жамшидлар. Омалекин, иложини қилсанг Можога айтиб қўй, олган якани Стингга ўхшаб бурнидан булоқ бўлмасин тағин”, деб огоҳлантирди.

Шу йилнинг бошида британиялик машҳур рок-қўшиқчиси Стинг икки миллион АҚШ доллари эвазига Гулнора Каримова Тошкентда уюштирган модалар кўргазмасида қатнашиб бергани унга қимматга тушганидан хабардорлигини Мамарайим аканинг Озодлик махлиси эканига йўйган бўлдик.

Саховатпешалиги билан танилган Стингнинг Каримовлар оиласи меҳмони бўлгани Британия матбуотида "Стинг душманларини тириклайин сувда қайнатувчи диктаторнинг қизи учун концерт қўйиб берди", қабилидаги мақолалар билан қарши олинди. Британия жамоатчилиги қаҳрига учраган Стинг “концертимнинг ўрта асрлардаги каби мустабидлик дунëқараши бўлган президентга алоқаси йўқ”, дея ўзини оқлаган бўлди. Лекин Гулнора Каримованинг обрўйига обрў қўшган Стингнинг обрўйига анчайин путур етди. Боз устига Стинг Тошкент раҳбарини “ўрта аср дунёқараши бўлган диктатор”, деб атагани унинг қўшиқларининг Ўзбекистонда тақиқланишига сабаб бўлди.

Шунинг учун ўзимга ўзим бу кўпни кўрган Мамарайим аканинг “Можога айтиб қўй”, деб огоҳлантириши ҳам бежиз эмас, деб қўйдим.
XS
SM
MD
LG