Линклар

logo-print

Бишкекликлар сайловга борадими?


Шу кунда Бишкек кўчаларидаги реклама тахталарининг аксариятида турли партияларнинг тарғибот баннерлари илинган.

Шу кунда Бишкек кўчаларидаги реклама тахталарининг аксариятида турли партияларнинг тарғибот баннерлари илинган.

Шу йилнинг 10 октябр куни Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтади. Сайлов олдидан қирғизистонликларнинг аксарияти қайси партия учун овоз бериш масаласини ўзлари учун ҳал қилиб олганлар.

Қирғизистон пойтахтида шу кунда кўчалар сайловолди тарғибот материаллари билан тўлиб-тошган. Бундай тарғиботномаларни кўча йўли бўйлаб дарахтларда, автомашиналарда ва ҳатто ахлат қутиларида ҳам учратиш мумкин.

Бишкекнинг марказий кўчаларидан бири бўлмиш Манас кўчасидаги дарахтларнинг шохларига алвон тасмалар осиб ташланган. Бу Қирғизистондаги “Ата мекен” партиясининг тарғибот усули.

Оддий бишкекликлар бу тарғибот воситаларига аҳамият бермасдан ўз иши билан қаергадир шошиб кетмоқда. Гўё улар учун бўлажак сайловнинг аҳамияти йўқдек. Шаҳарликларнинг айримлари эса аллақачон сайловга бормаслик қарорига келиб бўлган. Манас кўчаси чорраҳаларидан бирида гул сотиб ўтирган 54 ёшли Татьяна ана шундайларнинг бири:

- Менинг овозим бу давлатда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки бу давлат ўзини ўзи тугатиб бўлди. Ўзаро жанжалларга барҳам берилган тақдирдагина бу ерда келажак ҳақида гапирса бўлади. Шу боисдан мен овоз ҳам бермайман, - дейди бишкеклик Татьяна.

Аммо бишкекликларнинг ҳаммаси ҳам бўлажак сайловдан "қўлини ювиб, қўлтиғига урган" деб бўлмайди. Ёши 50 дан ошган Роза исмли қирғизистонлик суҳбатдош 10 октябр кунги парламент сайловларида албатта иштирок этишини айтади:

- Қандай қилиб бормаслигим мумкин? Халқ азият чекмоқда. Менимча, давлатимизнинг барча фуқаролари бориб, овоз бериши керак. Бу уларнинг ҳуқуқи. Парламент сайловларида ёшлар партияси ҳам иштирок этаяпти экан. Мен шуларга овоз бермоқчиман. Чунки болаларим, невараларим келажагини фақат улар таъминлаши мумкин, деди Роза опа.

Галина исмли суҳбатдошимиз эса ўз овозини миллатчилик руҳини сусайтиришга ҳаракат қилиши мумкин бўлган партия учун беришини айтади. Ўш воқеаларидан сўнг, унинг фикрича, миллатчилик кайфияти Қирғизистонда кучайган.

26 ёшли тиш шифокори Адилет эса парламент сайловида иштирок этиб, Қирғизистонда барқарорлик бўлиши учун овоз бермоқчи:

- Олдинги сайловларда мен ҳеч кимни сайлаган эмасман. Чунки у пайтда хаммаси аён бўлиб, Бакиев партияси ютиши аниқ эди. Бу сафарги сайловлар адолатли бўлишига ишонишни истардим. Парламент сайловидан сўнг Қирғизистонда олға силжиш бўлишига ҳозирча ишонмайман. Аммо нимагадир умид қилиш керак-ку, - дейди Адилет.

43 ёшли Тимурнинг касби энергетик. У 10 октябр кунги сайловда ўз мезонига мос партия учун овоз бериш ниятида.

- Адолат ва ҳалоллик. Мен мана шунга қараб кимга овоз беришимни белгилаб олдим. Олдинги сайловларда ҳам шу партияга овоз берганман. Бу сайловда ҳам ўша партия учун овоз бераман, - деди суҳбатдошимиз Тимур.

Қирғизистондаги парламент сайловлари олдидан тарғибот кампанияси ҳозирча тўхтагани йўқ. Анчадан буён осилиб тургани учун сарғайиб кетган ташвиқот варақалари кузги шамолу ёмғирда йиртила бошлаган. Келаси ҳафтада бу тарғиботномалар ўрнини яна аввалгидек тижорат рекламалари эгаллайди. Сайлов олдидан қирғизистонликларга берилган турли ваъдалар битилмиш бу қоғозлар эса ахлат қутиларидан жой олади.
XS
SM
MD
LG