Линклар

ФСБ ўзбеклардан иборат исломчи гуруҳни фош қилганини иддао қилмоқда


Приморск ФСБсига кўра, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганлар устидан аллақачон ҳукм ўқилган.

Приморск ФСБсига кўра, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганлар устидан аллақачон ҳукм ўқилган.

Владивостокда ўзбекистонликлардан иборат “Хонобод жамоати”, деб аталаётган радикал исломий тузилмаси фаолияти фош қилингани хабар қилинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати бу гуруҳ ўтган йили фош қилинган бўлса-да, бунинг тафсилотларини ошкор қилиш фурсати энди келганини айтмоқда.


Приморск ФСБси матбуотда тарқатган хабарда махфий хизмат ходимлари “Хонобод жамоати” номли радикал исломий гуруҳ ўтган йили фош этилгани айтилади. Хабарномада Владивосток мусулмонларини Жиҳод ҳамда Покистон ва Афғонистондаги террорчилик марказларида тайёргарликдан ўтишга даъват этганликда айбланган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ва улар судга тортилгани ҳам таъкидланади.

Приморск ўлкаси ФСБ Бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда “Хонобод жамоати” деб аталаётган гуруҳнинг иши узоқ вақт давомида сир сақланиб келгани ва ниҳоят энди бу ишда нуқта қўйиш фурсати келганини айтди.

- Бу воқеа аслида ўтган йили рўй бреганига қарамасдан, унда охирги нуқта қўйилмагунича биз бу ҳақда атайин хабар бермай келдик. Икки ҳафта аввал Ўзбекистонда улар устидан ҳукм ўқилди. Бу ташкилотда 8 киши фаол иштирок этган: аввал биттаси келган, кейинг беш кишини чақиртириб олган, кейин яна 2 киши келган. Бу ерда улар террорчилик лагерларига мусулмонларни ёллаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борган, деди ФСБ ходими.

Унинг айтишича, “Хонобод жамоати”, деб айтилаётган гуруҳ ортидан икки йил давомида кузатув олиб борилган.

- Гувоҳлар кўрсатмалари, улардан Россияда таъқиқланган адабиётларнинг мусодара қилингани Федерал судга тақдим этилди. Суд бу ташкилотнинг фаолиятини ноқонуний, деб қарор чиқарди ва улар Ўзбекистонга эксрадиция қилинди. Уларга Абдулҳамидов исмли шахс етакчилик қилган. Сиз ўз мақолангизда бизнинг мусулмонларимиз уларнинг даъватларига сира учмаганини албатта кўрсатиб ўтинг, деди Приморск ФСБсининг ўзини таништирмаган ходими.

Владивостокнинг “Золотой Рог” интернет-газетасининг ФСБга таяниб ёзишича, “Хонобод жамоати” деб аталаётган ташкилотни ўзбекистонлик Нурматов деган шахс тузган. Владивостокнинг масжидларидан бирига имомлик қилган ўзбекистонлик Абдулҳамидов эса ғоявий бошқарувни олиб борган.

“Экстремист ва террорчилик ташкилоти аъзолари эканлиги иддао қилинаётган Нурматов ва имом Абдулҳамидов ҳозирда халқаро қидирувга эълон қилинган “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг ғоявий отаси Абдували Мирзаевнинг қўли остида таҳсил олган”, дея ёзади ФСБга таяниб, “Золотой Рог” интернет-газетаси.

Эслатиш жоиз, ўзбекистонлик таниқли уламо Абдували қори Мирзаев 1995 йилнинг августида Тошкент аэропортида самолётга чиқаётган пайтда бедарак йўқолган. Унинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани тахмин қилинади.

Айни пайтда, “Хонобод жамоати”, деб айтилаётган гуруҳ атрофидаги воқеалардан хабардор кишиларнинг бу воқеага оид фикрлари расмийларникидан фарқ қилади.

Россиядан чиқариб юборилган Абдулҳамидовнинг ўрнига масжидда имомлик қилаётган ўзбекистонлик Абдулла ҳожи воқеа матбуотда бир томонлама ёритилди, деган фикрда.

- Биз олдин 5-6 йил имомлик қилувдик шу масжидга. Кейин мен ҳажга кетдим. Ҳажга кетаётганда ўрнимга ўринбосар қолдирдим. Икки йилча олдин ингушетиялик, доғистонлик боллар гуруҳ тузишган. Мен йўқ бўлган вақтимда мана шу доғистонлик ва ингушлар озгина тўполон қилиб, ўринбосаримни олиб қўйиб, асли Андижоннинг Пахтаободидан бўлган Абдувоҳид Абдулҳамидов, деган болани сен имом бўласан, поддержка берамиз, деб, имом қилиб қўйишган. Энди бу ҳам сал оширворган даъватни, қаттиқроқ қиворган дарҳақиқат. Булар кейин тунашни бошлаган қароқчилик қилган, битта хитойликни ўлдирворишган, охири қўлга тушди. Ҳозир у ингушларни ўлдириб юборишди, бир квартирада эшикларни очмаган эди ёқворди ФСБ. Оддий разбойниклар бўлган. Хитойликлардан, руслардан пулларини олиб қўйиб, уйига бостириб кириб. Ўзбек йигитларнинг бу воқеларга алоқаси йўқ. Лекин орасида битта-иккита ўзбек боллар бўлган, лекин у бошқа иш, бу бошқа иш. Шунчаки, ҳозир иккита иш биттага бирлаштирилди. Ингушларни ҳам ўзбеклар даъват қилган, чақирган, адаштирган, деб ўзбекларнинг бўйнига иляпти. Кейин буларни олиб кетганидан кейин Абдувоҳидни ҳам... Крайний бўлиб қолди, бутун емаган сомсасига тўлатяпти-да, хуллас!

Абдулла ҳожи жиҳодга даъват қилган ўзбек йигитлари ҳам бўлганини эътироф этади. Лекин, дейди имом, улар жуда камчилик бўлган ва ўз мақсадларига эришмасдан аллақачон кетиб бўлган.

- Ваҳҳобий деб ёзаётган боллар эса алоҳида келиб юрган. Ҳамма жойда ҳар хил одам борку. Келиб-кетиб юрган, ҳақиқаттан даъват қилган, Афғонистонга, у ёққа-бу ёққа чиқиб кетиш керак, деб. Бу ерда эса одамлар ўзи билан ўзи банд, тирикчилик билан овора. Битта-иккитаси илинган бўлиши ҳам мумкин. Ана шуларнинг биттаси розискка, иккитаси депортга тушиб қолди. Биласизу, Ўзбекистонда қанақа қилиб ишлайди: ўшаларга алоқада бўлганини босаверди. Шундай қилиб 80тача одамни босворган. Шу 80 тадан алоқаси бўлса, 3-4 таси алоқадордир, қолган ҳаммаси бу ишдан хабардор эмас. Нимани биласан, кимни танийсан, деб уриб-уриб қўл қўйдирадида. Мана шу ҳам бор эди, бу ҳам бор эди, деб 80тача одамни ёпворган ҳозир, дейди Владивосток масжидларидан бирининг имоми Абдулла ҳожи.

Приморск ўлкаси ФСБси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, экстрадиция қилинганларнинг барчаси Ўзбекистонда турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм этилган. Куни кеча эса Ўзбекистон суди Абдулҳамидов Абдувоҳидни террорчилик фаолиятида айблаб 8 йилик қамоқ жазоси тайинлагани маълум бўлгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG