Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Тожикистонда катта газ заҳираси аниқланди


Тожик мулозимлари токи мамлакатда топилган газни қазиб олиш учун керакли маблағ топилмагунига қадар Тожикистон ўзбек газидан юз ўгиролмаслигини айтмоқдалар.
Тожик мулозимлари токи мамлакатда топилган газни қазиб олиш учун керакли маблағ топилмагунига қадар Тожикистон ўзбек газидан юз ўгиролмаслигини айтмоқдалар.

Канаданинг Тетис Петролиум ширкати тахминларига кўра, Тожикистонда 3 триллион куб метр табиий газ заҳираси мавжуд. Бу заҳира Тожикистонни ўзбек газига қарамликдан халос қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Бироқ тожик мулозимлари бунинг учун кўп вақт ва маблағ зарурлигини таъкидламоқдалар.

Канаданинг Тетис Петролиум ширкати Тожикистондаги газ заҳираларини аниқлаш ва ўзлаштириш мақсадида 2007 йили бу мамлакатга келган эди.

2008 йилда эса Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги билан мазкур ширкат ўртасида бу борада шартнома имзоланиб, канадалик мутахассислар республика 56 та газ конларида тадқиқот олиб бориш учун расмий рухсатнома олди.

Ўтган шу вақт оралиғида Тетис Петролиум Тожикистондаги газ заҳираларини аниқлаш ишларига 17 миллион доллари сарфлади.

Ширкат олиб борилган тадқиқотлар натижасини эълон қилар экан, Тожикистонда тахминан 3 триллион куб метр табиий газ заҳиралари мавжудлиги маълум қилади.

Канадалик соҳа мутахассисларининг сўнгги тадқиқотлари натижаларига кўра, Тожикистоннинг биргина Ҳожа Сартез, Узунаҳор, жанубий Пушиён каби ҳудудларида 1,5 триллион куб метр табиий газ мавжуд экан.

Агар бу миқдор табиий газ заҳиралари ўзлаштирилса, Тожикистон Ўзбекистонга табиий газ қарамлигидан қутилишини мазкур ширкат ҳар гал айтиб келади.

Бироқ ҳозирча бу йўналишда кўзга кўринарли натижаларга эришилгани йўқ.

Тожикистон томони эса табиий газга бўлган эҳтиёжини ҳануз Ўзбекистондан олинаётган газ ҳисобидан қондирмоқда.

“Тожикгазтранс” ширкати маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистондан 250 миллион куб метр табиий газ сотиб олиш борасида шартнома имзоланган. Бу кўрсатгич бундан икки йил аввал 750 миллион куб метрга тенг эди.

Аммо Ўзбекистон табиий газнинг ҳар минг куб метри учун нархни 240 АҚШ доллари этиб белгилаганидан сўнг, Тожикистон томони импорт ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди.

Айни пайтда Тожикистоннинг ўзи ҳам табиий газ ишлаб чиқаради.

Республика жанубидаги Балжувон туманининг “Биштинчак”, Жалолиддин Румий туманининг “Қизилтумшуқ” ва мамлакат шимолидаги Конибодом ва Исфара туманларида ишлаб чиқарилган табиий газ умумий ҳажми йилига 22 миллион куб метрни ташкил қиладики, бу аҳоли ва мамлакат саноат корхоналари эҳтиёжини қондирмайди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг газ заҳираларини ўзлаштириш бошқармаси бошлиғи Имомиддин Аслов Тетис Петролиум ширкати тахмин қилган табиий газ захиралари билан бу яқин келажакда аҳолини таъминлай олишга кўзи етмаслигини айтади.

- Келгуси уч-тўрт йилда тахмин қилинаётган газ заҳиралари билан тожикистонликларни таъминлаш ва Ўзбекистонга қарамликдан қутилиш хусусидаги гаплар шунчаки қуруқ сўз, холос. Бу газ заҳираларини ўзлаштириш учун жуда катта маблағ лозим. Кейин ўша газ заҳираларини ўзлаштириш ҳам таваккалчилик бўлиб, ҳар қандай ширкат ҳам бунга ботина олмайди. Чунки агар кутилган натижаларга эришилмаса, харажатларини қайтариб ололмаслигини яхши билишади. Бизда эса бунча маблағ йўқ, дейди тожик мулозими Аслов.

Энергетика вазирлиги масъули айни пайтда табиий газ етишмаслиги сабабли республика аксарият саноат корхоналари кўмирдан фойдаланаётганини айтади.

Аснода иқтисодий таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров кўмирдан газ ҳосил қилишни йўлга қўйишни тавсия қилади.

- Биз ҳам кўмирдан газ ҳосил қилишни ўрганиб, йўлга қўйишимиз лозим. Масалан, Ўзбекистоннинг Ангренида унчалик сифатли бўлмаган кўмирдан газ ишлаб чиқарилмоқда. Бизда эса жуда сифатли кўмир конлари бўлишига қарамай, ҳозиргача бу технологияни йўлга қўйганимиз йўқ. Мана, Зидди ва Фондарёдаги конлардан қазиб олинаётган кўмирларнинг сифати жуда яхши ва газ ишлаб чиқариш учун мувофиқдир, дейди Ҳожимуҳаммад Умаров.

Иқтисодий таҳлилчи Умаров ҳукумат хорижий ширкатларга кўз тикиб ўтирмасдан, аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан таъминлаш ва бунинг учун муқобил йўллар қидириш учун масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG