Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:34

Имомали Раҳмон тожик тили мақомини мустаҳкамламоқчи


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фикрича, мамлакат парламентига сайланадиган ҳар бир депутат ҳам тожик тилини албатта билиши лозим.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фикрича, мамлакат парламентига сайланадиган ҳар бир депутат ҳам тожик тилини албатта билиши лозим.

Тожикистон президенти Давлат тили кунига бағишланган анжуманда давлат мулозимлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини тожик тилини мукаммал билмасликда айблади. Эндиликда президент кўрсатмасига биноан тожик тилини яхши билмаган кишилар раҳбарлик лавозимига тайинланмайди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат тили тўғрисидаги янги Қонун қабул қилинганига бир йил тўлган бўлса-да, ҳалигача унга тўла амал қилинмаётганини таъкидлади. Шу важдан Тожикистон президенти бу борада кескинроқ чоралар кўриш ниятида эканини қайд этди.

- Бундан буён тожик тилини мукаммал билмаган, эркин сўзлаша олмаган фуқаролар давлат ишига, раҳбарлик лавозимига тайинланмайди. Бу, биринчи навбатда, парламентга сайланадиган депутатларга тааллуқли, - деди Имомали Раҳмон.

Президентнинг фикрича, ўз она тилини билмай туриб, миллат том маънода мустақил бўла олмайди. Бунда биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари ўрнак бўлишлари керак, бироқ айнан оммавий ахборот воситаларида чоп қилинаётган мақолалар саводсизларча ёзилмоқда.

- Адабий тилни билишмайди. Бунга ким айбдор? Тилшуносу журналистика факултетлари раҳбарлари қани? Кимларни тайёрладик? Ўзимиз тайёрладик- ку. Ўша саводларсизни ким тайёрлади? – дея савол ташлади Имомали Раҳмон.

Тожикистондаги айрим таҳлилчилар президентнинг фикрларини маъқуллаб, тожик тили мақомини янада баландроқ кўтариш, бошқа тиллардаги қишлоғу кўчаларнинг номларини тожиклаштириш кераклигини урғулайдилар.

- Республикамиз вилоятларидаги шаҳару туманларда ҳанузгача ўзбек ва рус номлари билан аталувчи қишлоқлар мавжуд. Бунда биринчи навбатда маҳаллий ҳукуматларнинг айби бор. Улар тожик тилини фақат Тил кунига бағишланган байрамда эслашади, дейди журналист Билоли Шамс.

Бироқ бошқа жамиятшунос ва таҳлилчиларнинг мулоҳазасича, кўп тилли давлатгина чинакамига давлат бўла олади. Акс ҳолда, ўша миллат ўз қобиғидан чиқолмай қолади.

- Тожикистонда ҳозирги технология тараққиёти даврида рус тили жамиятда миллатлараро алоқа тили мақомида қолдирилиши шарт. Чунки барча зарур ахборот ва адабиётлар рус тилида нашр этилади. Шундай қилинмаса, фуқароларимиз ташқи оламда рўй бераётган воқеалардан хабарсиз қолади, дейди Тожикистон Компартияси раиси Шоди Шабдолов.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда бир миллионга яқин ўзбек истиқомат қилади. Бундан олдин қабул қилинган “Тил тўғрисидаги қонун”да асосан рус тили Тожикистонда миллатлараро алоқа тили мақомига эга бўлган. Бундан ташқари, фуқаролар давлат идораларига мурожаат қилиш чоғида тожик, рус ёки ўзбек тилидан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга эдилар.

Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти вакиллари мазкур ҳужжат қабул қилиниши чоғида кўп сонли тожикистонлик ўзбеклар ҳуқуқи эътиборга олинмаганлигини таъкидлайдилар. Улар фикрича, республика аҳолисининг тожиклардан кейин энг кўп қисмини ташкил қилган ўзбекларнинг она тилига расмий мақом берилиши зарур.

- Ўйлаб кўринг, биз тожикистонлик ўзбекларнинг мустақил газетамиз, телевидениемиз ёки ўз тилимиздаги радиомиз йўқ. Жанубдаги туманларда ўзбек синфларини ёпишаяпти. Биздаги маълумотларга кўра, республикада икки миллондан ортиқ ўзбек яшайди. Жамиятимиз ўзбек тилига ҳам расмий мақом берилиши кераклиги ҳақида хужжатлар тайёрлаб, ҳукумат ва парламентга топширган, дейди Тожикистон Ўзбеклар жамияти вакили Салимжон Шамсиддинов.

Бироқ ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров тожикистонлик ўзбекларнинг бу орзуси рўёбга чиқмайди, деган фикрда. Унингча, бунга Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг пассивлиги сабабдир.

- Тожикистонлик ўзбеклар жамияти фаолияти жуда суст. Улар шу пайтгача бирор-бир кўзга кўринарли тадбирни амалга оширгани, аҳоли билан учрашув ёки давра суҳбатлари ўтказганини эслаёлмайман. Ниҳоят, ўзбек олимлари, зиёлилари тожикистонлик этник ўзбеклар маданияти, тарихи ҳақида бирорта фундаментал таҳлилий мақола ёзгани йўқ. Қуруқ гап билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бунақанги жиддий ишга қўл уришдан олдин улар республика сиёсий ҳаётида, тадбирларида ўзларини кўрсатишлари лозим, дейди Раҳматулло Зоиров.

Унингфикрича, республика мустақилликка эришгач, 1995 йилларга қадар мазкур жамият ҳақиқатан ҳам республика сиёсий ҳаётида жуда муҳим рол ўйнаган. Мамлакатдаги фуқаролик уруши тугашида, бугунги раҳбарларнинг иқтидорга келишида Ўзбеклар жамиятининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Бироқ жамиятнинг айрим раҳбарлари ўзларининг ножўя хатти-ҳаракатлари билан аҳоли ўртасида ўз обрўсини тўкиб олди. Зоировга кўра, бугунги кунда Ўзбеклар жамияти деярли фаолият юритмаяпти.
XS
SM
MD
LG