Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:14

АҚШга доимий кетишни истовчи ўзбеклар сони ошмоқда


2009 йил якунлари бўйича¸ АҚШ Грин Кардини ютиш бўйича ўзбекистонликлар дунëда 6-поғонага кўтарилди.
2009 йил якунлари бўйича¸ АҚШ Грин Кардини ютиш бўйича ўзбекистонликлар дунëда 6-поғонага кўтарилди.

5 октябр куни АҚШ Давлат Департаменти 2012 йил “Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар” - Грин Кард лотереясига рўйхатга олиш даврининг бошланганини эълон қилди. Сони йил сайин кўпайиб бораëтган Америкага кетиш орзусидаги ўн минглаб ўзбеклар учун ўз омадларини синаб кўриш учун яна бир ойлик муҳлат бошланди.



Ўзбекистон чекка вилоятларидан бирида яшовчи 28 яшар Гулнозанинг омадига шу кунларда уни таниган-танимаганлар ҳавас қилмоқда. Сабаби¸ унинг "сеҳрли диëр" аталмиш Америкага доимий яшаш ҳаққини қўлга киритишига бир қадам қолган. Гулноза 2011 йилги Грин Кард лотереясида бундай ҳақни ютганлардан бири.

- Биринчи қатнашганимдан чиққанидан жуда ҳам хурсандман. Тўғриси¸ унчалик кутмагандим. Жуда ҳам хурсанд бўлиб йиғладим. Севинч ëшлари эди бу. Ҳаммамиз хурсандмиз¸ дейди Гулноза.

5 октябр куни АҚШ Давлат Департаменти томонидан ўтказиладиган йиллик бу лотереянинг 2012 йилги ўйинида қатнашиш учун ариза топшириш муҳлатига старт берилди. Гулноза каби хорижга чиқиб ўз бахтини синаб кўриш орзусида яшаëтган ўн минглаб ўзбекистонликлар бир ой ичида АҚШ Давлат Департаментининг махсус саҳифасига кириб¸ ариза топширишлари мумкин.

Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси Консуллик бўлимининг Иммиграция масалалари бўйича мутасаддисининг Озодликка айтишича¸ бу лотереяда қатнашаëтган ва унда Грин Кард ютиб олаëтган ўзбекистонликлар сони йил сайин ошиб бормоқда.

- «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар» бўйича ўтказилган ўтган йилги лотерея натижалари бўйича¸ ўзбекистонликлар ютуқ чиққанлар орасида дунëда олтинчи ўринни эгаллади. Бундан аввалги йили улар еттинчиликда эди¸ дейди АҚШ Консуллиги расмийси.

Орзуларим бошлади вебга...

АҚШ Давлат Департаменти вакили¸ ўзбекистонликларнинг АҚШ Грин Кардини ютувчилар рўйхати тепасига кўтарилаëтгани сабабини бу лотереяда қатнашаëтган ўзбеклар сонининг ниҳоятда кўплиги билан изоҳлайди.

- Бунинг ягона сабаби¸ Грин Кард лотереясининг ўзбекистонликлар орасида ниҳоятда машҳур бўлиб кетганидир. Борган сари кўпроқ ўзбеклар бу лотереяда қатнашмоқда. Бу ерда гап квотада эмас. АҚШ Давлат департаменти ўрнатган квотага кўра¸ битта мамлакатдан бир йилда 3500 дан ошиқ талабгор Грин Кард ололмайди¸ холос. Яқин орада Ўзбекистондан Грин Кард ютаëтганлар сони бу квотага етиб қолиши мумкин¸ дейди Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг Иммиграция масалалари бўйича мутасаддиси.

Ўзбекистонлик Гулнозани¸ афтидан у каби ўз тақдирини АҚШ Грин Кард лотереясида синаб кўришга қарор қилганларни¸ Давлат Департаментининг веб саҳифасига кириб унча осон бўлмаган аризани тўлдиришига ўзи ва фарзандлари учун яхшироқ ҳаëт¸ яхшироқ имконлар топиш орзуси ундамоқда.

- Ўзим яшаб турган Ўзбекистонни яхши кўраман, лекин айланиб кўриш учун, ишлаш учун ҳавас қилдим боришга. Орзуларим катта. Худо хоҳласа Америкага борсам, тил ўрганмоқчиман, ишламоқчиман. Қизим бор. Қизим катта бўлса, Худо хоҳласа яхши мактабларда ўқитмоқчиман. Оилам учун, қизимнинг келажаги учун орзу қилгандим¸ дейди Гулноза.


Грин Кард ютиш ҳали АҚШ Иммиграцион визаси нақд дегани эмас....

АҚШ Давлат Департаменти ўрнатган қоидага кўра¸ Грин Кард лотереяси асосида ҳар йили жаҳон бўйлаб 50 000 одамга АҚШ да доимий яшаш ҳаққини берувчи иммиграцион виза берилади. Аммо иштирокчилар машина воситасида тасодифан танланадиган лотереяда 100 мингга яқин ўйинчи номига ютуқ чиқиши мумкин. Шу боис¸ дейди АҚШ дипломати¸ лотереяда ютуқ чиққани ҳали АҚШ га жўнаш учун йўлланма эмас.

- Масалан¸ 2010 йилги лотереяда ютуқ чиққан 4059 ўзбекистонликнинг фақат 3223 нафарига АҚШ иммиграцион визаси берилди. Ундан аввалги йили эса¸ 2248 лотерея иштирокчисига АҚШ да доимий яшаш ҳаққини англатувчи визалар берилди¸ дейди АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили.

Айтилишича¸ лотереяда ютуқ чиққанлар¸ сўнгра АҚШ Давлат Департаментининг махсус меъëрлари асосида яна чиғириқдан ўтказилади. Бу жараëнда¸ норасмий маълумотларга кўра¸ АҚШ хавфсизлик манфаатлари инобатга олинади ва эҳтимолий иммигрантнинг молиявий аҳволига ҳам қаралади. Давлат Департаменти вакиллари томонидан маъқулланган ютуқлиларгагина¸ сўнгра АҚШ га легал резидент сифатида кўчиб кетиш ҳаққини берувчи иммиграцион виза қўйилади.

Ҳар ерники қилмагин орзу¸ ҳар ерда бор тошу тарозу...

Ўзбекистонлик Гулноза каби¸ океан ортидаги сеҳрли диëрга бир олам орзу билан йўл олган лотерея ғолибларини бу ерда анчагина мураккаб жараëн кутади¸ дейди бундан икки йил аввал ўзи ҳам лотереяда Грин Кард ютиб¸ Ню Йоркка кўчиб келган Ҳалимжон.

- Келганда билишади буни. Тил билан тушунтириш жуда қийинда одамларга. Бир келиб ўзи кўрганда тушунишади одамлар. Биз мусулмон оиласида катта бўлганимиз учун бу ерда адаптация қилиш жуда қийин. Ўзингизнинг районингизни, қишлоғингизни топиб олмагунингизча, у шаҳардан бу шаҳарга юраверасизда энди. Образованиеси бор одамлар¸ албатта¸ иш топишади. Чунки ҳукумат ëрдам беради бу масала бўйича. Образованиеси йўқ одамлар жуда қийналади. Оғир ишларда ишлашади ҳаммаси¸ дейди Ҳалимжон.

АҚШ Давлат Департаменти вакилининг Озодликка билдиришича¸ лотереяда ютиб¸ АҚШ иммиграцион визасини олганларга¸ мазкур дастур доирасида ҳеч қандай ижтимоий ëрдам ажратилмайди¸ ҳукумат уларнинг тил ўрганиши ëки иш топиши учун мажбуриятни зиммасига олмайди. Аммо бу жараëнни ўз бошидан ўтказган Ҳалимжоннинг айтишича¸ Америкага боргач¸ янги иммигрантлар ҳукуматнинг бошқа дастурларидан фойдаланиб¸ бепулга тил ўрганишлари ва иш топишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG