Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

Қўқон фожиаси: бир оиладан тўрт тобут


Қўқонда ҳокимият вакили оиласи ўлдириб кетилди.
Қўқонда ҳокимият вакили оиласи ўлдириб кетилди.

6 октябр куни тонгги соат тўртларда Қўқон шаҳар ҳокимлигининг қурилиш бўлими бош мутахассиси Муҳаммаджон Имомалиев, унинг рафиқаси ва икки ўғли номаълум шахслар томонидан чавақлаб кетилди. Воқеага нима сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган савол жавобини қидиришга ҳаракат қилдик.


6 октябр тонгги соат тўртларда Қўқондаги содир этилган мудҳиш қотиллик тўрт кишининг ҳаётига нуқта қўйди. Қўқон шаҳар ҳокимлигининг қурилиш бўлими бош мутахассиси Муҳаммаджон Имомалиев, унинг рафиқаси, ўғиллари - Қўқондаги саноат қурилиш банки бошқарувчиси Равшанбек ва яқинда Америкадан ишлаб қайтган Рустамбекни номаълум шахслар чавақлаб кетди.

Воқеадан хабардор қўқонликлардан бирининг айтишича, улар тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилаётган пайтда йўлда жон беришган.

6 октябр куни кечки соат тўртларда Муҳаммаджон Имомалиев ва унинг оила аъзоларига жаноза ўқилди.

- Ҳозир таъзиядан чиқдик. Олиб бориб, қабристонга кўмиб келдик у кишини. Эрта билан саҳарда шунақа иш бўлган экан. Бугун саҳар тўртларда шунақа воқеа бўлибди. Қотиллар унинг уйига кириб, шунақа қилганда. Маҳаммаджон акани, хотинини ва иккита ўғлини пичоқлаган. Тез ëрдам келган. Тез ëрдам болницага боргунча, улар кўп қон йўқотиб вафот этишган. Ўғилларининг каттаси Рустамжон ва кичкинаси Равшанжон деган йигитлар, дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.

Ушбу мудҳиш қотиллик тергов қилиш учун Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура ва ички ишлар идоралари ҳамкорлигида махсус гуруҳ тузилгани айтилмоқда.

Биз Фарғона вилоят прокуратурасига қўнғироқ қилганимизда ушбу қотиллик бўйича тергов - суриштурув ишларини Қўқон шаҳар прокуратураси олиб бораётганини айтишди. Қўқон шаҳар прокуратураси билан телефон орқали боғланиш имкони бўлмади.

Бироқ Қўқон шаҳар ҳокимлигидан айрим саволларимизга жавоб олдик. Озодлик билан суҳбатда Қўқон шаҳар ҳокимлиги ходими мудҳиш қотиллик юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

- Муҳаммаджон ака бизда ҳокимликда қурилиш бўлимида бош мутахассис бўлиб ишлар эди. Бизда қурилиш ўринбосари йўқ бўлиб кетганда. Битта шу киши бизда қурилиш бўйича бош мутахассис бўлиб ишларди. Битта ўғиллари Америкада ишлар эди. У келган экан отпускага чиқиб. Битта ўғиллари Промстройбанкда управляюший бўлиб ишларди. Ўзлари бизда ишларди.

Озодлик: Воқеа сабаблари ҳақида бирор нарса аниқландими?

- Буни ҳали ўрганишгани йўқ. Лекин қилган одам ушланибди. Энди маълум бўлса керак.

Озодлик: Ким экан ушланган одам?

- Бир ëш йигит экан. Ҳали номаълум у. Ким билсин ўғирликка тушганми ëки қасддан бир нима қилиб тушганми. Биз ҳам бошимиз қотиб ҳанг-манг бўлиб қолдик. Бутун шаҳарни музлатди бу воқеа (хўрсиниб) Эҳ, жуда ëмон, хунук хабар, деди Қўқон шаҳар ҳокимлиги ходими.

Озодлик илтимосига кўра, ушбу қотиллик сабабларини ўрганган ва исми сир қолишини истаган фарғоналик ҳуқуқ фаоли қотиллик бўйича учта тахминни келтиради.

- Биринчи тахмин: Қўқондаги ободонлаштириш ишлари ортидан бир қанча ўзига тўқ шахслар бир неча миллион сўмлик мол-мулкидан ажраб қолди. Уйлари бузилган кишиларга бир сўм ҳам товон пули берилмади. Ободонлаштириш ишларига бевосита Қўқон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими раҳбари Муҳаммаджон Имомалиев бошчилик қилди. Кўпчилик шу одам ортидан анча-мунча бойлигидан мосуво бўлди. Балки бу қотиллик мол аччиғида юзага келган бўлиши мумкин.

Иккинчи тахмин: Муҳаммаджон Имомалиевнинг банкир ўғли билан боғлиқ. Унинг ўғли Равшанбек катта банкир эди. Қўқонда кредит соҳасини монополияга айлантирган кишилардан бири эди. Балки кредит ололмай юрганлардан бирортаси қасд олган бўлиши мумкин.

Учинчи тахмин: Оддий ўғрилик бўлиши мумкин. Муҳаммаджон Имомалиевнинг яна бир ўғли Рустамбек яқинда Америкадан анчагина пул ишлаб қайтди. Бундан хабардор кимдир ўғирликка тушган пайтида уйда ҳамма бўлгану, ўғрилар гувоҳлардан қутилиш учун уларни чавақлаган. Мен бу тахминларни Қўқондаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган таниш-билишларим орқали ва Муҳаммаджон Имомалиевга яқин бўлган айрим кишилар билан сўзлашиб аниқладим, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли.

Қотиллик мотивларига оид расмий версиялар ошкор қилинганича йўқ.
XS
SM
MD
LG