Линклар

6 октябр куни Рашт туманида ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраши ортидан 28 тожик ҳарбийси қурбон бўлди. Аввалроқ авиаҳалокат натижасида экипаж аъзоларидан 4 нафари ҳалок бўлгани, 3 техник ходим эса оғир тан жароҳати олгани айтилган эди.


6 октябр куни эрталаб Тожикистон президенти Миллий гвардиясига қарашли вертолёт Рашт туманида ҳалокатга учраган эди.

Ўша заҳоти оммавий ахборот воситаларига бу ҳақда хабар берган Миллий гвардия матбуот хизмати бошлиғи Хайринисо Комилова техник сабаблар туфайли ҳалокатга учраган вертолёт экипажининг тўрт аъзоси ҳалок бўлиб, яна уч нафар техник ходими ярадор бўлганини маълум қилганди.

Аммо кечга яқин ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги бу воқеанинг янги тафсилотлари ҳақида хабар тарқатди.

Манбага кўра, авиаҳалокат натижасида 28 ҳарбий қурбон бўлган. Улардан етти нафари Миллий гвардия ҳарбийлари ва 21 нафари эса Миллий хавфсизлик ходимлари экан.

Қурбон бўлганлар орасида Миллий гвардия қўмондони муовинлари Зафар Олимов ва Даврон Самадовлар ҳам борлиги айтилади.

Айрим норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, яна тўққиз ҳарбий оғир ҳолда касалхонага ётқизилган.

Тожикистон Миллий гвардияси масъули Хайринисо Комилова вертолёт техник сабаблар туфайли ҳалокатга учраганини ва айни пайтда воқеа жойида махсус комиссия иш бошлаганини маълум қилди.

- Вертолёт Миллий гвардияга тегишли. Бу ҳақда кеча ҳам айтилган, бошқа тафсилотлар кейинроқ берилади, дея гапни қисқа қилди Хайринисо Комилова.

Миллий гвардия масъули авиаҳалокатда 28 киши қурбон бўлгани эътироф этди, лекин улар орасида Миллий гвардиянинг 7 хизматчиси бўлганини айтиб, бошқа идораларга қарашли аскарлар орасидаги талафотларни изҳолашдан бош тортди. У шунингдек, ярадорлар сони ўнга яқинлигига оид маълумотларни тасдиқлади.

Аснода авиаҳалокат сабаблари турлича изоҳланмоқда.

Баъзи маълумотларга кўра, ҳарбий вертолётга меъёридан ортиқ юк юклангани унинг ҳалокатга учрашига сабаб бўлган.

Бошқа маълумотларга кўра эса, вертолёт ўша ҳудуд аҳолиси юкларини дарёнинг бу қирғоғидан у қирғоғига ўтказиш учун хизмат қиладиган симга урилган.

Айни пайтда Рашт водийсида ҳукумат куч ишлатар тизимларининг террорчи гуруҳларга қарши амалиётлар давом этаётир.

Бу амалиёт 19 сентябр куни Рашт водийсининг Камароб дарасида Мудофаа вазирлиги ҳарбийларига пистирмадан номаълум кишилар ҳужум уюштирганидан сўнг бошлаб юборилган эди.

Расмий манбаларнинг қайд этишларича, ҳалокатга учраган вертолёт амалиёт ўтказилаётган ҳудудга учиб кетаётганди.

Айни пайтда Миллий гвардия вертолёти жангарилар ҳужумига учрагани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизматининг исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими бу хабарни тасдиқлар экан, вертолётга пастдан ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигини айтади.

- Вертолёт пастдан ўққа тутилган. Ўлганлардан ўн бештасини олиб келишди. Аввал ўликхонага олиб боришиб, кейин ўша ёқдан яқинларига топширилади, деди аноним суҳбатдошимиз.

Ҳозирда Рашт билан республиканинг барча ҳудудлари ўртасида телефон алоқаси узиб қўйилгани учун шу тобда у ерда нималар кечаётгани ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Раштга элтувчи йўллар кўпчилик учун, жумладан, журналистлар учун тўсилгани ортидан у ердаги амалиётларни воқеа жойидан туриб кузатиш ва бу борада тўлароқ тафсилотлар бериш имконсиздир.

Кўп ҳолларда Тожикистон куч ишлатар тизим масъуллари Рашт воқеалари билан боғлиқ саволларимизни очиқ қолдиришни маъқул кўрмоқдалар.

Айни пайтда Раштда яна 6 нафар тожик ҳарбийси минага учраб ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Тожикистон Миллий гвардияси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳарбийлар жойлашган автомашина 6 октябр куни минага учраб портлаши оқибатида олти ҳарбий жон таслим қилган, ярадорлар сони эса аниқланмоқда экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG