Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Қирғиз расмийлари сайлов чоғида фитна чиқишидан чўчимоқда


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 10 октябрда ўтадиган парламент сайловларида нотинчликларга сабаб бўладиган 10 та ҳудуд борлигини билдирди. Ички ишлар вазири бу ҳудудлар айни қайси шаҳар ёки туманлар эканини очиқламаган бўлса-да, маҳаллий кузатувчилар вазир Ўш ва Жалолобод вилоятларини назарда тутганини айтмоқдалар.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзовнинг айтишича, мамлакат ҳудудида миллатлараро низо тўла бартараф этилмаган ва миллатчилик ғояларининг авж олиб бораётгани бу зиддиятни янада кучайтириши мумкин. Бундай вазият айни сайлов кунлари ҳам юзага келиши мумкин.

- Энг аввало, миллатлараро муносабатлар муаммоси борлигини эътироф этиш керак. Бу муаммо ҳал этилди, деганлар янглишади. Сайлов кунлари бу йўналишда ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, миллатлараро низо экстремистик ва террорчилик ўзанига бурилиб кетиши мумкин, - деди Мирослав Ниёзов.

Хавфсизлик бўйича мутахассиснинг айтишича, мамлакатда нотинчликлар келтириб чиқарадиган иккинчи омил сиёсий партияларнинг ҳокимият учун бўлган курашидир.

- Негаки, сайловда мағлуб бўлган сиёсий партияларнинг деярли барчаси ҳокимиятга келиш учун албатта қандайдир ҳаракатларни амалга оширади, - деди Мирослав Ниёзов.

Бироқ Ўш ва Жалолобод воқеаларини ўрганиш мустақил комиссияси аъзоси Марат Жуманазаров фикрича, хавфсизлик масалалари бўйича тахлилчилар пашшадан фил ясамоқдалар.

Марат Жуманазаров қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам бугунги кунда халқ дипломатиясини қўллаган ҳолда осойишталикни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилаётганликларини, шунинг учун ҳам сайлов арафасида ва сайловдан кейин ҳам бу минтақада вазиятнинг беқарорлашуви кутилмаётганини айтади:

- Бугунги кунда Ўш вилоятида нотинчлик келиб чиқиши учун асос йўқ. Қирғизлар ҳалигача ғазабда бўлсалар ҳам тинчлик кераклигини тушуниб етганлар. Ўзбеклар ҳам бўлган воқеалар яна қайтарилишини истамайди, - деди Марат Жуманазаров.

Аммо ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноп Ҳалилов шаҳарда сайлов арафасида ўзбеклар орасида хавотир мавжуд эканини айтади:

- Ўшлик ўзбеклар шаҳардаги сайлов участкаларига боришга қўрқишаяпти. Бу ерда тўполон, уруш чиқиб кетиши мумкин, деган ҳадиксирашлар бор. Шунинг учун одамлар: “сайлов комиссияси агар уйимизга келса, сайлаймиз, бўлмаса сайловга чиқмаймиз”, дейишмоқда. Одамлар ўзбек билан қирғизни бир-бири билан уриштириб қўйиш ниятидаги кишиларнинг бу вазиятдан фойдаланиб қолишидан чўчишмоқда, - деди Абдуманноп Ҳалилов.

Қирғизистонда парламент сайлови 10 октябрда ўтказилади. Мазкур сайловда 29 партия иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG