Линклар

Афғонистон тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилиши бўлди


Ҳамид Карзай тинчлик кенгаши йиғилишини бошлаб берди.

Ҳамид Карзай тинчлик кенгаши йиғилишини бошлаб берди.

Кобулдаги президент саройида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда ўтказилган йиғилишга Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай мезбонлик қилди.

Карзай Кенгаш тинчлик ва барқарорликка йўл топа олишига Афғонистон халқи катта умид билан қараётганини баён қилди.

- Ушбу Тинчлик кенгаши Афғонистон халқининг энг катта умиди. Халқаро ҳамжамият тинчликка эришиш борасида қилинаётган уринишларни барча воситалар билан қўллаб-қувватламоқда ва Афғонистон халқи бу уринишла муваффақиятли бўлишига умид қилмоқда. Мен, ушбу олий кенгаш аъзоларига, сиз азиз сингилларим ва ака-укаларимга омад тилайман, - деди Ҳамид Карзай.

70 аъзодан иборат Афғонистон тинчлик кенгашининг вазифаси Кобул ҳукуматининг Толиблар ва бошқа исёнчи гуруҳлар билан ярашишида воситачилик қилишдан иборат.

Афғонистон расмийлари ҳукумат ва исёнчилар ўртасида контактлар давом этаётгани, бироқ ҳозиргача расмий музокаралар ўтказилмаётганини айтиб келмоқда.

Толиблар АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонни тарк этмагунча тинчлик музокараларида иштирок этмаслигини бир неча марта айтган.
XS
SM
MD
LG