Линклар

Россия Давлат Думаси Лукашенко чиқишини қоралади


Россиялик депутатлар Белорус президенти Лукашенконинг Россия раҳбарияти ҳақидаги мулоҳазаларини ўринсиз топиб, бу борада тўлалигича Кремл позициясини қўллашларини билдирмоқдалар.

Россиялик депутатлар Белорус президенти Лукашенконинг Россия раҳбарияти ҳақидаги мулоҳазаларини ўринсиз топиб, бу борада тўлалигича Кремл позициясини қўллашларини билдирмоқдалар.

6 октябр куни Россия парламентининг Россия-Белорус муносабатлари муҳокамасига бағишланган йиғилишида Либерал-демократлар фракцияси депутатлари таклифи билан Лукашенконинг аксилроссиявий чиқишлари юзасидан баёнот қабул қилинди.

“Белорус Республикаси раҳбарияти томонидан бугунги кунда қўлланилаётган аксилроссиявий риторика рус халқининг тўла норозилигига сабаб бўлмоқда. Давлат Думаси депутатлари бу масалага доир Россия Федерацияси президентининг позициясини қўллаб-қувватлайди”, дейилади коммунист депутатлар қаршилигига қарамасдан қабул қилинган баёнотда.

Россия парламенти аъзолари Белорусдаги президент сайлови олдидан Минскдан Россияга қарши қаратилган кампанияни тўхтатиш талаби билан чиқди.

Бу масаланинг Давлат Думасида муҳокамага қўйилишига ўтган ҳафта давомида Беларус ва Россия президентлари ўртасидаги бўлиб ўтган ва шов-шувга сабаб бўлган даҳанаки айтишув сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябр куни Россия оммавий ахборот воситалари учун махсус уюштирилган матбуот анжуманида Александр Лукашенко Медведев ва Путинни Россия ахборот воситаларида ўзига қарши бошланган ахборот хуружини уюштираётганликда айблади ва Россия раҳбарларидан сайлов олдидан уни обрўсизлантиришга қаратилган “бўҳтон ва ёлғон оқими”ни тўхтатишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, Медведев ёрдамчилари Кремлга қарши чиққан барча сиёсатчиларни сиёсий майдондан йўқ қилиш усулини қўллаб келмоқда.

- Бизга нисбатан олиб борилаётган аҳмоқона, ўйланмаган сиёсатнинг умри қисқа, деб ўйлайман... Бу Медведев командасининг иши. Бу сиёсат Путин томонидан нечоғли қўллаб-қувватланаётганини билмайман, лекин менда у ҳам айнан шу позицияда экани тўғрисида маълумотлар бор. Бунинг бари Шаймиевни йўқотган, Муртаза Раҳимов ва Илюмжиновни қуритган, кейинроқ эса Лужковни бартараф этган команданинг иши, деганди Александр Лукашенко Россия журналистлари билан учрашув чоғида.

Белорус президентининг фикрича, “Белорусни тарқатиб юборишнинг иложи йўқ, уни Қирғизистонга ўхшатиб “энкайтириш” мумкин эмас!”

Ўз навбатида, Россия президенти Дмитрий Медведев бу айбловларга ўзининг видеосаҳифаси орқали жавоб қайтарди. Ўз чиқишини Белорус билан тарихий муносабатлардан бошлаган Медведев уни Белорус ҳукумати, хусусан, Александр Лукашенко фаолияти танқиди билан якунлади.

- Сўнгги пайтларда Белорус раҳбарияти аксилроссиявий баёнотларни ўзига қурол қилиб олгани айниқса ажабланарлидир. (Лукашенконинг - таҳр) сайловолди кампанияси тўлалигича Россияга қарши қаратилган сюжетлар устига қурилган. Ўз баёнотларида президент Лукашенко нафақат дипломатия қоидаларидан, балки оддий инсоний аҳлоқ чегарасидан ҳам чиқиб кетмоқда, - дейди ўз видеочиқиши орқали Лукашенкога жавоб узатган Медведев.

Россия президенти матбуот котиби Наталья Тимакованинг эътироф этишича, “Россиянинг Белорус раҳбарияти билан муносабатлари боши берк кўчага кириб қолди ва бундай кейин аввалгидек бўлмайди”.

Айрим мутахассислар Россия расмий доиралари Белорусда 2010 йилнинг 19 декабрига мўлжалланган ва тобора авж олиб бораётган президентлик сайлови кампаниясига таъсир ўтказмоқчи, деган фикрда.

Москвадаги Сиёсий экспертиза халқаро институти директори Евгений Минченко расмий Минск ва Москва ўртасидаги даҳанаки жанг Лукашенконинг сайловолди кампаниясига жиддий таъсир ўтказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унингча, Дмитрий Медведевнинг чиқиши бир неча тоифага қаратилган:

- Биринчи тоифа - Лукашенкога қарши очиқчасига қаршилик кўрсатишга қўрқаётган Белорус элитасидир. Улар расман бўлмаса-да, Лукашенкога таъсир ўтказиш механизмларига эга. Иккинчи сигнал россиялик сайловчиларга қаратилган. Лукашенко россиялик журналистларни ўз ҳузурига таклиф қилиб, жиддий сиёсий ўйин бошлади. Шунингдек, Россия сиёсий майдонида унинг потенциал иттифоқчиси Юрий Лужков пайдо бўлди. Шу тариқа Лукушенко пайти келиб Россия ички сиёсатига таъсир ўтказа оладиган кишига айланиши мумкин, - дея фикр билдирди Сиёсий экспертиза халқаро институти директори Евгений Минченко.

Аснода Россия ва Белорус раҳбарлари ўртасидаги совуқчилик ўзининг авж нуқтасига етди. Александр Лукашенконинг Россия раҳбариятига қарши жиддий баёнотларини Кремль жавобсиз қолдирмайдиганга ўхшайди.

Сешанбадан Россиянинг НТВ телеканали Лукашенконинг кўп йиллик “фаолият”ига бағишланган “Чўқинтирган батька” филмининг барча қисмларини намойиш қила бошлади.

Жума куни эса мазкур телеканал Москва вақти билан соат 20:30 да президент Лукашенко ҳақидаги навбатдаги - “Чўқинтирган батька-4: Сўнгги куз” деб номланган ҳужжатли фильмни эфирга узатмоқчи.
XS
SM
MD
LG