Линклар

logo-print

Тошкент яна пахта ярмаркасига тараддуд кўрмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Пахта далаларидаги манзара ўзбек расмийларнинг болалар меҳнати йўқ, қабилидаги баёнотларини инкор қилади.

Пахта далаларидаги манзара ўзбек расмийларнинг болалар меҳнати йўқ, қабилидаги баёнотларини инкор қилади.


Тошкентда ҳар йили ўтказиш одат бўлиб қолган Халқаро пахта ярмаркаси бу йил ҳам Ўзбекистонда пахта йиғим-терими авж паллага кирган бир пайтда ўтади. Ўзбек расмийлари учун бу тадбир чет элдаги тўқимачилик корхоналарини ўзбек пахтаси намуналари билан яқиндан таништириш, уни сотиш бўйича шартномалар тузиш учун қулай имкониятдир.

Бу йил ҳам ярмарка иштирокчиларининг асосий қисмини Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Туркия, Бангладеш, Покистон вакиллари ташкил қилади. Ярмаркада 30дан ортиқ мамлакатдан 300га яқин ширкат вакилларининг иштирок этиши кутиляпти.

Ўзбекистон пахтасини сотиб олувчи Европа ва Америкадаги йирик тўқимачилик корхоналари эса мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани боис ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Британиядаги “Табиатга адолатли ёндашув” жамғармаси ўзбек пахтасини бойкот қилиш орқали ҳукуматни болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур қилишга ҳаракат қилаётган халқаро ташкилотлардан биридир. Жамғарма вакиласи Жулия Уиллиамс арзон ўзбек пахтасини сотиб олиш илинжида Тошкентга ошиқаётган ширкатлар бу пахта нималар эвазига етиштирилишини билишлари керак, дейди.

- Сифатли пахтани арзон нархда сотиб олишни кўпчилик ширкатлар хоҳлайди. Лекин биз бу пахта Ўзбекистонда нималар эвазига етиштирилаётганини бу ширкатларга эслатиб қўймоқчимиз. Ўзбекистонда ҳукумат мажбурий болалар меҳнати йўқлигини иддао қилаётган эса-да, вазият ўзгармаган, бу давлатда болаларни мажбурий дала ишларига жалб этиш йиллардан бери давом этиб келади. Ўзбекистон ўзи олган халқаро мажбуриятларга мутлақо зид тарзда болаларнинг азобли меҳнати эвазига миллионлаган доллар фойда кўриб келади, дейди Жулия Уиллиамс.

Ўзбекистон жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, экспорт қилиш бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳар йили бу давлат 800 минг тонна пахтани четга сотади. Ўзбек пахтасининг асосий харидорлари эса Хитой, Бангладеш, Туркия, Покистон ва Эрондир.

Берлиндаги Европа Инсон ҳуқуқлари маркази вакили Йвон Вэитнинг айтишича, Ўзбекистонда болалар меҳнатини тугатиш чақириқларига қарамай Европадаги айрим ширкатлар бу давлат пахтасини сотиб олишда давом этмоқда.

- Европадаги талай ширкатлар Ўзбекистондан пахта сотиб олишни давом эттирмоқда. Биз бундай ширкатларни Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатмагунча бу давлат пахтасини сотиб олмасликка чақирамиз. Бизнингча, Ўзбекистонда болалар меҳнатини тугатишнинг ягона йўли шу, - дейди Йвон Вэит.

Тошкентда анъанавий пахта ярмаркасига ҳозирлик кўрилар экан, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева мактаб ўқувчилари ўқишга чиқмай пахта далаларида жавлон ураётганини кузатди.

- Ўзбекистондаги барча вилоятлар мактаб ўқувчилари 12-13 сентябрдан бери далада, ўқиш йўқ. Асосан 7-9 синф ўқувчилари, коллеж талабаларининг деярли ҳаммаси пахта теримига жалб этилган. Мен ўзим буни кузатдим, суратга олдим. Ҳукумат болалар пахтага чиқарилганини халқаро жамоатчиликдан яширишга уринади, бизда мажбурий болалар меҳнати йўқлигини иддао қилади, аслида болалар далада, мактаблар ёпиқ. Вазият аввалгидай, ўзгармаган, - дейди Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Ўзбекистондаги расмий идоралар эса мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланилмаётганини айтишади.

Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши курашаётган чет давлатлардаги халқаро ташкилотлар Тошкентда пахта ярмаркаси ўтадиган кунда норозилик тадбирлари ўтказишни режалаганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG