Линклар

logo-print

Каримов Раҳмонга қаттиқроқ огоҳлантириш йўллади

  • Замира Шукур

Роғун лойиҳаси Каримов ва Раҳмон ўртасига совуқлик солаëтган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Роғун лойиҳаси Каримов ва Раҳмон ўртасига совуқлик солаëтган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Қорақалпоғистон фермерлари билан учрашув чоғида Орол фожиасига алоҳида тўхталган Ўзбекистон президенти Душанбе ҳукуматининг Роғун ГЭС и қуриш режасига янада кескинроқ эътироз билдирди. Бу лойиҳани “ахмоқона” деб атаган Каримов¸ Ўзбекистон Амударë сувининг бир грамми ҳам камайтирилишига йўл қўймаслигини таъкидлади.


Қорақалпоғистон пахтакорларини йиллик режани биринчилардан бўлиб уддалагани билан қутлаш учун мухтор ўлкага келган Ўзбекистон президенти¸ ҳалигача қўл тегмаган қийғос пахтазор ўртасига солинган шинам шийпонда маҳаллий фермер ва деҳқонлар билан ушрашди.


(Бу видео эпизод 6 октябр куни Ўзбекистон каналидан ëзиб олинди - Озодлик)

Орол денгизининг қуриши оқибатида ниҳоятда оғир вазиятда қолган қорапалпоғистонлик деҳқонлар меҳнатига юқори баҳо бера туриб Ислом Каримов¸ ўз ибораси билан айтганда¸ “икки оғиз гап” қўшмай ўтмади.

- Беш йил бўлди¸ бизлар ахмоқона бир лойиҳага қарши курашни бошлаганмиз. Мен шахсан Ўзбекистон президенти буни бошлаганман. Яъни бир вақтлар Тожикистонни Амударë тепасида Роғун деган бир катта станциясини, гидростанциясининг қурилиши ҳақида биласизлар. Унинг кучи 3 миллион 600 минг мегаваттни ташкил қилади ва энг муҳими шуки, унинг плотинаси 350 метр баландлиги. Саяно-Шушенский деган Сибирда бўлган фожиани эшитгансизлар. 75та одам шу фожиадан ҳалок бўлган.

Энг муҳими шуки, Саяно-Шушенскийнинг лойиҳасини қурган гидропроект Рагуннинг проектини қилган. Яъни эгаси битта. 40 йил олдин Совет даврида ҳеч ким буни текширмаган. Энди вақти-соати келганда, уни қуришни бошлаганда Совет даврида пули бўлмагани учун ва СССР тарқалиб кетгандан қолиб кетган бу¸ деди “Қорақалпоғистон учун¸ Орол учун курашиш керак” деган гапини эркин изоҳлашга ўтган Ислом Каримов.

- 350 метрлик тўғоноқни кўтарса агар, унга 8 йил сув тўпланар экан. 8 йил давомида сув тўпланар экан. Бизлар - пастда турганлар нима 8 йил пойлаб турамизми? Қорақалпоғистонга, Хоразмга умуман Ўзбекистоннинг Амударë қирғоғида яшаëтган инсон нима иш қилади? Қандай тирикчилик кўради? Қандай деҳқончиликни кўрамиз? Умуман ирригация масаласи мутлақо ҳаммаси йўқ бўлиб кетади.

Сирдарë суви ҳозир Оролга келмаяпти. “Орол бўйини боқадиган нима?” деб мендан сўрасангиз, ҳозир Амударëдан келган сув. Орол қуриëтган бир пайтда Амударëни маҳкам ушлаб туришимиз керакми йўқми¸ сувининг бир граммини ҳам камайтирмайсан¸ деб¸ деди деҳқонлар билан деҳқончасига гаплаша туриб Ўзбекистон раҳбари.

Сирдарë ва Амударëнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон¸ президент таъкидлаган каби¸ йиллардан бери Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қуриш режасига ҳам сиëсий-дипломатик¸ ҳам иқтисодий жиҳатдан қаршилик кўрсатиб келмоқда. Тошкент расмийлари¸ хусусан президент Каримовнинг ўзи қатор халқаро минбарлар¸ чунончи икки ҳафта олдин БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида бу улкан гидроиншоот лойиҳасига кескин қаршилигини ифодалади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Роғун қурилиши учун мўлжалланган юклар ортилган минглаб вагонларни ўз ҳудудидан ўтказмай¸ лойиҳани иқтисодий жиҳатдан саботаж ҳам қилиб келмоқда.

Мустақил таҳлилчи Санобар Шерматовага кўра¸ Қорақалпоғистонда деҳқонлар ҳузурида Роғун қурилиши борасида айтилган гаплар¸ Каримовнинг Имомали Раҳмонга йўллаган янада кескинроқ огоҳлантирувидир.

- Бунинг Раҳмонга йўлланган яна бир сигнал¸ аввалгилариданда қаттиқроқ сигнал экани эҳтимолга жуда яқин. Каримов очиқчасига¸ “Бизни сувсиз қолдиришингга қараб турмаймиз!”¸ демоқда. Бундай баëнотнинг Имомали Раҳмон ўз мухолифлари билан қуролли амалиëтларга киришган қалтис бир вазиятда қолган кунларда айтилиши¸ бу сигнални янада кучайтиради. Бу гапда Раҳмон учун жиддий ишоратлар бор. Аммо бу Каримов гапига қулоқ солмаëтган Раҳмонни¸ ҳозир вазияти оғирлашиб қолган бир пайтда¸ қулатишга киришади¸ дегани ҳам эмас¸ дейди Санобар Шерматова.

Ислом Каримовнинг Роғунни “ахмоқона лойиҳа” деб атаб¸ Ўзбекистоннинг Амударë суви тўсилишига йўл қўймаслигига оид баëнотига муносабат билдираëтган Тожикистон вакиллари¸ уни одатдагидек¸ “асоссиз ваҳима”¸ дея атамоқдалар.

- Ўзбекистон томонининг гапларида асос йўқ. Бу сув омборининг тўлиши улар айтганидек 8 йилга эмас, балки 15-17 йилгача ҳам чўзилиши мумкин.

Иккинчидан¸ биз сув омборини тўлдириш учун сувнинг бор-йўғи 5 фоизини оламиз. Биласизми, қурғоқчилик йилларида Вахш дарёсининг суви 20-22 фоизгача камаяди. Лекин бу ҳеч нарсага салбий таъсир кўрсатмас эди. Сув омборининг қурилиши ҳеч қачон на Оролда, на Қорақалпоқда сувнинг камайишига сабаб бўла олмайди¸ дейди Тожикистон Фанлар Академияси қошидаги Ижтимоий муаммоларни тадқиқ қилиш марказининг География ва экология кафедраси мудири¸ профессор Холназар Муҳаббатов.

Тожикистон парламенти қошидаги Аграрлар ва экология қўмитаси раиси¸ Тожикистон собиқ Сув ва мелеорация вазири Саид Ëқубзод эса¸ Каримов баëнотини илмий жиҳатдан асосланмаган¸ сиëсий баëнот дея атади.

- Менинг фикримча¸ бу қаршиликнинг бирор-бир сиёсий жиҳати бўлса керак. Бу қаршиликнинг қишлоқ хўжалиги ёки энергетикага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ислом Каримов Тожикистоннинг доим Ўзбекистонга қарам бўлишини истайди.

Ҳали шу пайтгача Тожикистон республикаси бирор-бир давлатни сувсиз қолдиргани йўқ. Аксинча¸ сув кам бўлган йиллари биз сўровга кўра керакли сувни берардик. Бу биринчи масала.

Иккинчи, Орол денгизи масаласи. Орол денгизи муаммоси бу Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўз ички иқтисодий муаммосидир. Собиқ иттифоқ пайтида пахта майдонлар жуда кенгайтирилди ва бу жуда катта сув ресурсларининг сарфланишига сабаб бўлди. Тожикистоннинг Орол денгизининг қуришига ҳеч қандай алоқаси йўқ¸ дейди Каримовнинг 6 октябр кунги баëнотига эътироз билдирган тожик депутати.

Ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев¸ Ислом Каримовнинг Роғун лойиҳасига қарши курашини нафақат ўзбекистонликлар¸ балки минтақадаги қолган ҳукумат ва халқлар ҳам қўллаши лозим¸ деган фикрда.

- Сирдарëнинг бош қисмида Қирғизистонда ҳам миллатчилик қай даражада фожеавий тус олаëтган¸ қирғиз ўртоқларимиз эртага Сирдарë сувига тўла ҳукмронликни ўрнатиш устида жадал иш кўраëтган бир пайтда, иккинчи томондан Роғун ГЭСи авж олаяпти. Роғун ГЭСи бу Ўзбекистонга нисбатан қўйилган узоқ давом этадиган узоқ муддатли бомбанинг айнан ўзи. Мен мана шу нуқтаи назардан президент Ислом Каримовни жуда чуқур ташвиш тортаëтганлигини тўла қўллаб-қувватлаш тарафдориман¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Роғун бўйича хавотирларини ифодалаган ўзбекистонлик журналист.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG