Линклар

logo-print

Абдумалик Бобоев устидан судлов қораланмоқда


Uzbekistan - Malik Boboev, Correspondent of Voice of Amerika in Uzbekistan, undated

Uzbekistan - Malik Boboev, Correspondent of Voice of Amerika in Uzbekistan, undated

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судида 7 октябр куни журналист Абдумалик Бобоев устидан суд жараёни бошланди. Маҳкаманинг биринчи кунида журналистга қўйилаётган айбловлар ўқиб эшиттирилган ва ҳимоячи суд маҳкама раисига илтимосномалар билан мурожаат қилган.


Судда мустақил матбуот вакиллари иштирокига рухсат берилмагани боис Озодлик мухбири маҳкама хусусида Малик Бобоевнинг ўзидан сўради.

- Адвокатим киритган иккита сўровнома қондирилди. Биринчиси, суд материалларини рус тилига таржима қилиш бўйича. Иккинчиси, божхона хизматидан эксперт таклиф қилиш бўйича. Шу икки сўровнома қабул қилинди. Аммо, бошқа сўровномалар, масалан, тергов чоғидаги қонунбузарликлар бўлгани учун ишни қайта терговга юбориш тўғрисидаги сўровнома инобатга олинмади, дейди журналист.


Аширматов Бобоев устидан маҳкама жараёнига раислик қилаётган судя Саъдулла журналистнинг адвокати киритган ўндан ортиқ илтимосномадан фақат иккиси қондирди холос.

Туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёҳуд тарқатишда айбланаётган журналист устидан бошланган суд жараёнининг биринчи мажлисига хорижий дипломатлар, хусусан, маҳкамани кузатгани Мирзо Улуғбек тумани судига келган АҚШ ва Британия элчихоналари вакиллари киритилмаган.

Айни пайтда, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг суд мажлини кузатишларига рухсат берилган.

Журналистга нисбатан айблов хулосаси эса суд мажлиси бошланиши арафасидагина тақдим қилинган.

Бунинг сабабини айблов хулосаси интернетда чоп этилиши олдини олиш, деб изоҳлаган яна бир ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич Малик Бобоевга нисбатан айблов хулосасидаги айрим жиҳатларни тилга олиб, журналистга нисбатан тергов жараёнига қиёмига етган нодон сиёсат маҳсули, деб баҳо берди.

- Айблов хулосасида Абдумалик Бобоев “демократик тизимга туҳмат қилганликда” айбланган. Ўзбекистон қонунчилигида бунақа формулировканинг ўзи йўқ. Умуман, Бобоев ва судланаётган яна бир журнаслист Березовскийларга нисбатан айблов хулосаларида мутлақо мантиқсиз, тушуниб бўлмайдиган айбловлар борки, мен буни марказлашган устамон сиёсат маҳсули эмас, балки шу пайтгача давом этиб келаётган эркин фикрга қарши кураш сиёсатининг, охир-оқибатда, мутлақо нодонлашиб бўлган бир кўришини, деб ҳисоблайман, дейди Алексей Волосевич.

Айни пайтда, Абдумалик Бобоевга нисбатан судлов жараёни АҚШнинг ЕХҲТдаги доимий вакили ҳамда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан ҳам кескин қораланмоқда.

Хусусан, АҚШ расмийси Иена Келли эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматини Абдумалик Бобоев ва “Vesti.uz” нашри муҳаррири, россиялик журналист Владимир Березовскийлар устидан ўтказилаётган судловлар тўхтатишга чақирган.

Айни мазмундаги чақириқ билан 7 октябр куни “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган баёнотда Абдумалик Бобоевга нисбат судлов жараёни ортида мустақил журналистларга нисбатан таъқибнинг янги кўриниши бошланаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилади.

“Абдумалик Бобоев Ўзбекистонда ишлаётган оз сонли мустақил журналистлардан бири ва унга нисбатан маҳкама президент Ислом Каримов ҳукумати назоратидан четда қолаётган хабар ва янгиликларни йиғаётган ҳамда тарқатаётган журналистларга нисбатан янги боисмлар тўлқинидан ишоратдир... Бу судлов мутлақо сиёсий мотивларга асосланган”, дейилади жумладан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти тарқатган баёнотда.

Баёнотга илова қилинган рўйхатида ташкилот Ўзбекистонда ўз фаолияти учун қамалган 11 журналист номларини ҳам келтирган.

Булар: Хайрулла Ҳамидов, Дилмурод Саййид, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Бобохонов, Ботирбек Эрқўзиев, Солижон Абдураҳмонов, Жамшид Каримов, Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжонлардир.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистон ҳукуматини бу журналистларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақирган.

Агар Бобоев Ўзбекистонда фаолияти учун қамалган ўн иккинчи журналистга айланса, дейилар экан, баёнотда бу ғарб давлатларининг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан мулоқот йўлини танлаб, тутган сиёсати муваффақиятсизликка учраганининг яна бир яққол мисоли бўлиши урғуланган.

Эслатиб ўтамиз¸ Абдумалик Бобоевни дастлаб ҳимоя қилишга адвокат Собир Кўчимов, кутилмаганда, ишлари кўпайгани важи билан унинг ҳимоясидан бош тортган ва журналистнинг ишини Сергей Майоров олган эди.

Сергей Майоров шунингдек, туҳмат ва ҳақоратда айбланаётган Россиянинг “Парламентская газета” нашри мухбири ва “Vesti.uz” интернет-нашри бош муҳаррири россиялик журналист Владимир Березовскийни ҳам ҳимоя қилмоқда.

Абдумалик Бобоев устидан суднинг кейинги мажлиси эса душанба кунига белгиланган.

XS
SM
MD
LG