Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Тожикистонда мустақил “Фараж” газетасига тўсиқ қўйилди


“Фараж” бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев газетанинг охирги сони чиқмаганида расмийлар қўли борлигини айтмоқда.
“Фараж” бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев газетанинг охирги сони чиқмаганида расмийлар қўли борлигини айтмоқда.

Тожикистонда 7 октябр куни мустақил “Фараж” газетаси нашрдан чиқарилмади. Газетани чоп этадиган “Оила” босмахонаси бунинг сабабларини техник носозликлар билан изоҳламоқда. Газета бош муҳаррири эса бунинг ортида сиёсий сабаблар борлигини айтмоқда.


Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Тожикистонда 300га яқин газета ва журнал, жумладан “Фараж” мустақил газетаси ҳам босмахонадан чиқади.

Аммо 7 куни “Фараж” газетаси сотувга чиқмади.

“Фараж” газетасининг бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев бунинг сабабларини бундай изоҳлади.

- Шу йил 19 сентябрида Камароб дарасида содир бўлган ҳужум ва унда 28 аскарнинг қурбон бўлгани ҳақида ёзилган мақоламиз бунга сабаб бўлган деб ўйлайман. Биз бу мақолада Камароб фожеасига Мудофа вазирлиги масъулларининг тажрибасизлиги сабаб бўлганини ёзган эдик. 4 октябр куни мамлакат Мудофа вазири Шерали Хайруллоев “Ховар” ахборот агентлигида ёйинлаган баёнотида республикадаги нашрлар, жумладан “Фараж” мустақил рўзномаси мамлакатдаги барқарорликнинг издан чиқишига ҳисса қўшаётганига шаъма қилган эди,- дейди мустақил газета бош муҳаррири.

Унинг айтишича, ўша баёнот ортидан “Оила” босмахонаси солиқ ходимлари томонидан ревизия қилинган. Улар босмахонанинг “Фараж” билан ҳамкорлигига алдоҳида эътибор қаратган.

Ўз навбатида босмахона масъуллари ўз бошларига келган бало ҳам айнан “Фараж” туфайли эканини англаб, бу гал газетамизни чоп қилмасликка қарор қилган деб ўйлайман, дея давом этади Хуршед Атоуллоев.

“Фараж” газетасини чоп этадиган “Оила” хусусий босмахона газетанинг чиқмай қолгани билан боғлиқ вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

“Оила” босмахонаси директори Сиёвуш Ҳамдамовдан босмахонангизда “Фараж”дан бошқа газеталар ҳам чоп этилади. Бу ҳафта “Фараж”дан фарқли ўлароқ, бошқа рўзномалар нашр юзини кўрди. Буни қандай изоҳлайси?, дея сўрадик. Ҳамдамов бу саволни эшитиб бўлгач телефон гўшагини қўйиб қўйди.

“Фараж” бундан икки йил аввал давлат қайдидан ўтиб, чоп этила бошлади ва қисқа вақт ичида юзлаб муштарийларга эга бўлди.

- Фараж кўпроқ жамиятимизда мавжуд муаммоларни ёритади. Бу газета бошқа мустақил газеталардан фарқли ҳолда мавжуд муаммоларнинг ҳал қилинишига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келди. Бу редакция ютуғидир, дер экан муштарийлардан бири Фирузмуҳаммад Саидов, “Фараж”нинг охирги сони чиқмай қолгани мамлакатда сўз эркинлигининг бўғилаётганига яна бир мисол, дея таъкидлади.

Шу ўрида эслатсак, 25 сентябр куни Мудофа вазирлигининг давлат телевиденияси орқали бир неча марта такрорланган теледастурида вазирлик аскарлари ва масъуллари “Фараж” газетасида нашрга берилган мақола юзасидан ташвиш билдирган эди.

Теледастурни уюштирган Мудофа вазирлиги иддаосига кўра, бундай мақолалар аҳоли орасида куч ишлатар тизимларнинг Раштда олиб бораётган амалиётларига шубҳа туғдириши табиий.

Шундан сўнг Мудофа вазирлиги “Фараж” ва бир қатор бошқа мустақил нашрлар журналистларидан узр сўрашларини талаб қилди.

Кўп ўтмай 4 октябр куни Мудофа вазири Шерали Хайруллоевнинг “Ким кимдан узр сўраши керак?” номли мақоласи “Ховар” давлат ахборот агентлигида босилиб чиқди. Вазир жаноблари бу мақоласида тожик журналистлари ўз мақолаларида террорчи гуруҳларни дастаклаётганликда айблади.

Ўша куннинг ўзида Тожикистондаги бир қатор мустақил нашрлар вакиллари Мудофа вазири устидан судга ариза беришга қарор қилди.

- Бизнинг қароримиз кучда қолади. Вазир бу туҳмати учун қонун олдида жавоб бериши лозим. Мен ҳам “Фараж” газетасида берилган ҳар бир мақола ва унда қаламга олинган маълумот ва далиллар учун жавоб беришга тайёрман, дейди “Фараж” мустақил газетаси бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев.

Бироқ, ҳозирча тожик журналистлари Мудофа вазири устидан судга ариза ташлаганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG