Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Тожикистонда ҳам ҳижобли талабалар таъқиб қилинмоқда


Тожикистонда ҳижоб кийгани учун мактабдан ҳайдалган қизларнинг оналари ўзларига ўт қўйиш билан таҳдид қилмоқда.
Тожикистонда ҳижоб кийгани учун мактабдан ҳайдалган қизларнинг оналари ўзларига ўт қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги тўртта туманда яшовчи оналар фарзандлари ҳижоб кийгани учун макатбдан ҳайдалганидан шикоят қилишмоқда. Улар республика президенти, парламенти ва Маориф вазирига мурожаат қилиб, “Агар,талабларимиз бажарилмаса, ўзимизга ўт қўямиз”, дея таҳдид қилмоқда.


Нилуфар Зоҳидова Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидаги ўрта мактабда саккизинчи синфда ўқийди. Нилуфар ҳам мактабдан ҳайдалган талабалардан бири. Унинг айтишича, икки йилдан буён ҳижоб кийган қизлар турли таъқиб ва камситишларга дуч келишмоқда.

- Мен биринчи сентябрда ўқишга бормадим. Чунки 28 август куни мактабда йиғилганимизда ўқитувчилар, рўмол ўраган ва ҳижобдаги қизлар дарсларга қўйилмайди, дейишди. Иккинчи сентябр куни мактабга борсам, эшик олдида директор турибди. Мактаб биносига киришга қўймади. “Рўмолни ечиб келганингдан кейингина ўқийсан. Агар бу талабни бажармасанг умуман келмагин”, дея хайдади,- дейди Нилуфар.

Маориф вазирлиги ўқувчилар учун умумий кийим жорий қилингани боис қизи мактабдан ҳайдалган оналардан бир гапиради.

- Бу қандай бедодлик. Болаларимизнинг қандай кийим кийишини ҳам маориф белгилайдими? Ахир қизларимиз миллий кийимда юришса, бунинг нимаси ёмон? Биз президентга, парламентга ва маориф вазирига мурожаатнома жўнатдик. Мурожаатда қизларимиз мактабга ҳижобда боришлари учун рухсат берилишини сўраганмиз. Агар, талабларимиз бажарилмаса, ўзимизга ўт қўямиз,- дейди мактабдан ҳайдалган талаба қизнинг онаси.

Тожикистон Ислом ўйғониш партияси Сўғд вилоят бўлими раиси Наимжон Самизод мамлакат мактабларида ягона форманинг жорий қилиниши ҳижоблик қизлар учун мактаб эшикларини ёпиб қўйди, дейди.

- Бугунги кунда вилоятнинг Жаббор Расулов ва Бобожон Ғафуров туманлари, Қароққум ва Хўжанд шахарларидан йигирмадан ортиқ шикоят аризаларини олганмиз. Ариза ёзган ота-оналар фарзандлари мактабга ҳижобда келганлари учун ўқув юртидан хайдалганини айтишмоқда. Маориф вазирлиги жорий қилган ўқувчилар кийими хорижий давлатлардаги этак тақиб юрган хизматчиларни эслатади. Ахир қизларимиз миллий кийимда юришса, бунинг нимаси ёмон?,- дейди Наимжон Самизод.

Миллий кийимда ёки ҳижобда ўқишга бораётган қизлар олий ўқув юртлари ва мактаблар раҳбарларию ўқитувчиларининг таъқибга учраши ҳоллари кейинги йилларда, айниқса кучайгани кузатилади.

Айни пайтда Тожикистон Маориф вазирлигининг олий ўқув юртлари ва мактабларда ҳижоб ва рўмол ўрашга тақиқ қўяётгани диндорлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Саиджалол Мухторов Сўғд вилояти халқ маорифи бошқармаси раҳбари.

- Қизларимиз миллий кийимда ёки рўмол ўраб келадими, бемалол, бунга ҳеч ким монеълик қилмайди. Лекин ҳижоб кийиш мумкин эмас. Зеро, Маориф вазирлигининг низомига мувофиқ мактабга ҳижобда келиш тақиқланган. Мактабда ягона кийим жорий этилган ва бирор ўқувчи бундан четда қолмаслиги лозим. Мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Мактабларимиз диний мактаб эмас, дунёвий мактабдир,- дейди Саиджалол Мухторов.
XS
SM
MD
LG