Линклар

logo-print

Баҳодир Қўчқоров: "Ўғил боланинг икки йўли бор"


Ўшлик рефери ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги ўйинга ҳакамлик қилади

Ўшлик рефери ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги ўйинга ҳакамлик қилади

Ўшлик футбол ҳаками Баҳодир Қўчқоров Жанубий Корея ва Япония ўртоқлик учрашувига ўзбекистонлик ҳамкасблари билан реферилик қилади. Жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов ҳакамлик гуруҳида беш ўйинда қатнашган Қўчқоров сафар олдидан Озодликка қандай қилиб жаҳон миқёсидаги рефери даражасига кўтарилгани ҳақида гапириб берди.


Ўшлик рефери Баҳодир Қўчқоров билан Бишкекдаги кўп қаватли уйлардан бирида ушрашдик. Бир зумда ўзбекона дастурхон ёйилиб, пахтагул чойнакда чой дамланди. Хонанинг бир четида ўрта катталикдаги йўл жомадони, ноутбук, ҳамда буғдой талқонидан тайёрланадиган қирғиз миллий ичимлиги – жарма тўлдирилган идишлар. Бу ичимлик Баҳодир аканинг ҳамкасби ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов учун туҳфа.

- Шоро билан Танни яхши кўради. Равшанга олиб кетаяпман. Дудланган форель балиғини яхши кўради. Қуруқ бормайман хеч қачон, дейди қирғизистонлик ҳакам.

Сафарга тайёргарлик кўраётган Баҳодир акадан бу сафар қаерга кетаётганини сўрадик. Бир пиёла чой устида суҳбат қилар эканмиз, Баҳодир аканинг бир кўзи телевизордаги футбол ўйинида.

- Бугун Тошкентга учаман. Тошкентдан Равшан, Абдулҳамид Расулов билан индинга Жанубий Кореяга учиб кетамиз. У ерда терма команданинг ўртоқлик учрашуви бор Япония билан. Шуни ўтказамиз. Сафардан 14 октябрда қайтамиз. 17 октябрда Осиё чемпионлар лигасининг яримфинал матчи бўлади. Уни Саудия Арабистонида, Риëдда ўтказамиз.

Қирғизистонга жаҳон чемпионатидан қайтганидан сўнг Баҳодир ака бир ҳафта дам олиб, яқинларини кўриб, кейинги ўйинларга тайёргарлик бошлаганини айтади.

У Қирғизистон чемпионатининг биринчи ва олий лигасига ҳам ҳакамлик қилмоқда.

Ўзининг қандай қилиб жаҳон миқёсидаги футбол ўйинларига ҳакамлик қилиш даражасига етгани ҳақидаги саволимизга Баҳодир Қўчқоров бундай жавоб берди.

- Футбол мактабида тренер бўлиб бошлаганман. 60-90 рубл олар эдим. Эрта уйланганман. У пул етмас эди. Ундан ташқари ўйинчи бўла олмадим. Кейин ўғил боланинг танишлари кўп, “дўстлари, душманлари кўп”, деганларидек. Унинг устига мактабда жуда шўх бўлганман. “Хаётда ўзини топа олмайди”, деб кўпчилик ишонмаган. Балким шу сабабли мен тиришиб, исботламоқчи бўлгандирман. Кейин шанс бўлди, фақат ишлаш. Ўқитувчиларим, ота-онам тўғри йўналиш бергани учун шу даражага етдим, деб ўйлайман.

Жаҳон чемпионати ўйинларидан энг эсда қолгани Баҳодир ака фикрича, бу биринчи навбатда шу чемпионатда қатнашгани.

- Иккинчидан, биринчи очилиш ўйини. “Очилишни қандай бошласанг, ёпилиш ҳам шундай бўлади”, дейишади футболда. Мен ўйлайманки, биринчи ўйин ҳаётда эсимдан чиқмайди. Очилишни чиройли бошладик. Ҳамма хурсанд, муаммо йўқ. Шу ўйин эсимдан чиқмайди. Ҳозиргача минут-минутигача эсимда бор. Яна бири - Аргентина ва Германия ўйини. Жуда қаттиқ жисмоний ўйин бўлган. Ўйинларнинг ҳаммаси қийин. Ҳатто ўзимизни чемпионатдаги биринчи ва олий лигада ҳам,- дея жаҳон чемпионатидан қолган хотираларини эслайди Баҳодир Қўчқоров.

Ўшлик Баҳодир Қўчқоров ёшлигидан тўп тепиб, катта бўлганини айтади. Кейинчалик ҳарбий хизматда ҳам футбол ўйнаган. Баҳодир ака 90-йилларда Ўшга қайтади, лекин ўша пайтда Ўш воқеалари эниди тинчиган бўлса-да, вазият футбол ўйнашга имкон қолдирмаган эди. Севимли ўйинида узоқлашмаслик учун Баҳодир Қўчқоров йигирма йилдирки, футбол ҳаками сифатида ишламоқда.

- Бир пайтлар катта отам айтар эди, “ўғил бола йўлида иккита нарса эсингдан чиқмасин. Бири ёмон, шўх номинг чиқадиган йўлга юрсанг бўлади. Спорт орқали эса пул топа олмайсан, лекин обрў топасан”, деган гапи бор эди. Шунга ҳеч ишонмас эдим. Бундан икки-уч йил олдин бу гапга ишондим. Пули ҳақиқаттан унчалик эмас, лекин ҳурмат иззат ўшанчалик. Яхши ўйинчи бўла олмаган бўлсам, балким жиндек яхши ҳакам бўлгандирман, дейди мийиғида кулиб ўшлик ҳакам Баҳодир Қўчқоров.

30 сентябр куни Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева Баҳодир Қўчқоровга “Қирғизистон жисмоний тарбия ва спорти хизмат кўрсатган ходими” унвонини берди. Бу унвон Ўшдаги уйини тўлдириб ташлаган фахрий ёрлиқлар ва гувоҳномалар қаторидан ўрин олган.

Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қатар давлатларидан ўшлик ҳакамга иш таклиф этишган. Бу таклифларни рад этган Баҳодир Қўчқоров айни пайтда Қирғизистонда бир нечта ёшларни шогирд қилиб олиб, ҳакамликка тайёрламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG