Линклар

Шоирлар нега ҳақ гапни айтмай қўйди?

  • Садриддин Ашур

Бугунги аксар ўзбек шоирлари¸ рассом назарида¸ олтин ҳовузга тушган балиқчалардир...

Бугунги аксар ўзбек шоирлари¸ рассом назарида¸ олтин ҳовузга тушган балиқчалардир...

"Эркин микрофон" рукнида Озодликка бугун суҳбатдош бўлган ўзбекистонликлар одатдагидек уларни қийнаётган муаммолар ҳақида гапирди. Суҳбатдошларимиздан 91 ёшли Раҳмон бобо бугун шоиру ёзувчиларнинг ҳақ гапни гапиришдан ҳайиқиб қолганидан хафа бўлиб гапирди.


“Бу пахта терими эмас, бу ...!”


дейди пахта мавсумида Сирдарё вилоятида қилинаётган ажабтовур ишлар ҳақида гулистонлик Ўринбой.

- Пахта мавсуми бўлаяптида. Бозорлар ëпиб ташланган. Нарх-наво икки баробарга чиқиб кетди. 1000 сўмлик нарса 2000-3000га чиқиб кетди. 6-синфдан юқорисига мактабларни ëпиб ташлаган. Болалар ҳаммаси пахтада.

Озодлик: Гулистон шаҳар бозори ëпилганми?

- Гулистон деҳқон бозори ëпилган. Ëпилгани билан бозор атрофига одамлар келиб савдо қилаяпти. Бозор атрофига ҳеч кимни яқинлаштирмаяпти. Ҳамма кўчада сарсон. Иши бор ҳам, болницага келаëтган ҳам сарсон бўлиб, ахмоғи чиқиб юрибди ҳамманинг.

Озодлик: Қайси пайт савдо бўлади?

- Иккидан кейин очилади. Иккидан кейин 6-7гача қоронғида савдо бўлади. 1000 сўмлик узумлар пахта муносабати билан 2000 сўмга чиқди. Олмалар 1500-2000 сўм, гўштлар 12 минг сўм. Ҳамма нарса қиммат бўлиб кетдида ҳозир. Мисол учун бозорчи одамларнинг бирортаси пахтага чиққани йўқку. Ҳаммаси уйида ëтибди мазза қилиб. Просто оддий халқ қийналаяпти.

Мисол битта маҳаллада 10-15 минг аҳоли яшаса, 300-400та одам норма қўйиб қўйган. Ўшаниси чиқмайдида, иккита маршруткада 15-20 киши чиқаяпти. Қолганига маҳалла комитети раиси 6 ойлик ëрдам пули ëзса, икки ойлигини чўнтагига урадида, ҳар кун 50 минг унисига, 50 минг бунисига олиб бориб беради. Бояги 15та одам 200-300та бўлиб счëтга кетаяпти. 1-1,5 тонна теради, 5 тонна спискада. Кимни алдаймиз ҳозир биз? Кўзбўямачилик просто.

Озодлик: Кўчаларда ГАИлар машиналарни қуваëтган ëки тўхтатаëтган ҳолатлар ҳам бўлаяптими?

- Ҳеч кимни ўтказмайди. ГАИ ҳам турибди, милиция ҳаддан ташқари кўп. Ҳеч қаëққа чиқиш мумкин эмас соат иккигача.

Озодлик: Шахсий машиналар қатновига йўл қўйилмайди.

- Шаҳарга киргизмайди.

Озодлик: Шаҳарга киргизмайдими?

- Йўқ. Мана аччиғим чиққанидан бошқа райондан телефон қилаяпман. Бир-икки телефон қилиб туша олмадим. Просто битта гапда. Агар иложи бўлса, бизнинг виждонимизни алмаштириб берганида, кўзимизни юмиб ўтиб кетаверар эдик. Биз комсомол бўлганмиз, пионер бўлганмиз, ҳамма нарсани кўрган инсонмиз. Лекин чегараси борку ҳамма нарсани. Фақат кўтанзўрлик билан иш қилиб бўлмайдику, дейди гулистонлик Ўринбой.


“Нега шоирлар ҳақ гапни ёзмайди”

дейди Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Арабхона қишлоғидан қўнғироқ иқлган 91 ёшли отахон Раҳмон бобо Ҳайдаров.

- Эшиттиришларни эшитиб бораман. Бизнинг, у мен билан бараварми ëки кичикроқми, Шукрулло деган қари ëзувчимиз бор. Мустақиллик даври бўлаëтганда у киши бир мақола ëзган эди. “Фан ва турмуш”да ëритилган эди. “Ҳақиқатни айтмаслик бу жиноят” деган сарлавҳа остида мақола ëзган эди. Шу кишидан ҳам бир сўроқ қилдиларинг, у киши яхши жавоб бермади. Қай вақтда ҳақиқат ëзилди, қай вақтда ҳақиқат ëзилмади, ëзувчиларимиз томонидан ҳақиқат ëзувчилари борми ëки йўқми эканлиги тўғрисида аниқ жавоб бермади бу киши икки оғиз бўлса ҳам. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг катта ëзувчилари, донолари, манаман деганлари нима учун Каримов даврида бирор нарса ëза олмабди? Нимага халқнинг дилига етиб борадиган яхши сўзлар, халқни тезроқ мамлакатнинг раъйига қаратиб, онгини бурадиган, уларнинг истагини, орзусини рўëбга чиқарадиган мақолалар ëза олмабди экан? Аҳмад Яссавий айтадику,

Бизни шоир олимлар,
Амгламйди туркини,
Англасалар туркини,
Ерга қўяр гуркини.

Ҳақиқатан ҳам шу одамлар доно бўла туриб, ëзувчилар бўла туриб, кўп нарсани ëзишга ихтиëри бор бўла туриб, нимага яхши томонларни ëзиб халқнинг онгига киргизмабди? Мана шунисидан норозиман. Агар ҳамма ҳам шундай яхши бўлса эди, инсофга чақирса эди, ҳар нарсани ўз вақтида ëзиб, ўз вақтида халққа тушунтириб улгурган бўлса эди, бизга анча яхши бўлар эди. Ҳақиқатни айтиш керак. Ҳақиқат бўлганда, унинг ҳақиқат эканлигини исботлаб бериш керак. “Нима учун дунë яралгандан бери подшо одил бўлган эмас? Нима учун шоир қўлига қлама олиб хатга тўғри ëзган эмас?” деб бир шоир шеър ëзган.

Озодлик: Мана сиз ҳозирги шоирлару ëзувчилар ҳақиқатни ëзмайди дедингиз. Сизнинг назарингизда, улар ëзмаган ëки ëза олмаëтган ҳақиқат нимадан иборат?

- Бизга бошқа миллатларнинг ютуғидан фойда йўқ. Бизда ҳақиқат бўлиши керак. Ўзимизнинг Ўзбекистонда совет тузумига нисбатан сал-пал қандай яхши ишлар бўлаяпти, халқимизнинг эркинлиги, ватанимизнинг ободлиги тўғрисида бирор ëзув йўқ. Халқнинг дилига сингиб борадиган яхши материаллар ë телевидениедан ë радиодан етиб келмаяпти. Ана шулар кам деб тушунаман, дейди косонлик Раҳмон бобо.


“Камбағал боласининг аҳволи шу эканда”

дейди Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидан қўнғироқ қилган ва исми сир қолишини сўраган тингловчи. Унинг сўзларига кўра, қариялар август ойидан буён пенсияларини ололмаяпти, камбағалнинг болалари ишсизликдан жуда қийналиб қолмоқдалар:

- Менинг ота-онамнинг иккаласи ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Отам август пенсиясини 10-15 кун бўлди олди. Тирикчилик, дори-дармон билан кетди. Опам август ойининг пенсиясини ҳали олгани йўқ. Кечаги кун ўзимизнинг почтага қишлоққа бордик. “Нақд пул йўқ” дейди. Ўзим 1983 йилда туғилганман. Ўрта-махсус маълумотлиман.

Озодлик: Ишламайсизми?

- Гулистон шаҳрида бир нечта ишхоналарга кирдим. Ҳамма жойда мутахассислик сўрайди, олий маълумот сўрайди. Биласиз ҳозир ўқишга кириш қийин. Ҳамма ëқни контракт босиб ëтибди. Бир фабрикада охрана бўлиб ишлаган эдим. 150 минг сўм ойлик тўлайди. Бу йўлкирага ҳам, бошқасига ҳам етмас эди. Бунинг устига кунора иш эди. Кейин бошқа фабрикалардан иш қидирдим. Ҳеч қаерда иш йўқ.

Озодлик: Гулистон шаҳрида бўш иш жойлари ярмаркаси бўладику. Шунақаларга борганмисиз?

- Ўтган йилими бир борган эдим. Биринчидан, яхши жойларни таклиф қилмайди. Иккинчидан, таклиф қилинган бўш жойларнинг ойлигини кўрсангиз, йўлкирангизга етмайди. Гулистонга қатнаш учун кунига 1000 сўм йўлкира бор. Энг камида бир коса овқатингиз 1000 сўм. Яримта нон олсангиз ҳам нон 400-500 сўм туради. Яна кийимингиз бор. Гулистон шаҳрида оддий ишчининг ойлиги қанча бўлади? Мана ишлаб кўрдик. 150 минг сўм. Икки ой ишладимда чиқиб кетдим. Камбағалнинг боласи шундай бўлар эканда энди. Ҳозир алам қилиб кетдида сизларга чиқдим. Магазинга чиқсангиз, нарх ундай, бундай. Олдин унча-мунча пластикка савдо қиларди. Ҳозир савдо қилишмайди, дейди Гулистон туманидан қўнғироқ қилган ва исми сир қолишини сўраган суҳбатдош.


“Бешикдаги шиқилдоқдай алдашяпти”

дейди Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан қўнғироқ қилаган сартарош Абдулла ака Юсупов. Унинг айтишича, икки йил олдин ободончилик ишлари баҳонасида унинг сартарошхонаси бузиб ташланган. Туман ҳокимияти унга янги жойдан сартарошхона қуриб беришга ваъда қилган. Бироқ икки йилдан буён ваъда бажарилмай қоляпти:

- 42 йил битовойда ишладик. Дўконни бузиб ташладида энди катталар.

Озодлик: Қанақа дўконни?

- Сартарошхона дўкон бор эди. Йўл ўтади деб бузиб ташлади булар. Иккинчи жойдан жой берди. Солган эдим, яна бузиб ташлади. Икки йилдан бери бешикка шиқиллоқ илдиргандай шиқиллатиб алдаб ўтирибди.

Озодлик: Сизнинг касбингиз сартарошми?

- Ҳа. 42 йил ишлаганман. Йўл қиламиз деб бузиб ташладида, йўл ҳам қилингани йўқ. Икки йилдан бери сарсондамизда. Халққа хизматда эдикда энди. Ветеранлар, бобойлар биздан хурсанд эди, доволний эди. Кўчада қолиб қолганмизда ҳозир. Дўконни қуриб берамиз деб ваъда қиладида, икки йилдан бери ахмоқ қилиб юрибди.

Озодлик: Маҳалладаги оқсоқоллар нима дейишаяпти?

- Маҳалладаги оқсоқоллар энди оддий одамлар. Улар “Уста қачон битади дўкон? Бошқа жойга борамиз, улар сиздан қилиб ололмадйи. Сизнинг хизматингиз бошқача. Сиздай хизмат қила олмайди улар” дейди. Жой бўлмагандан кейин далада хизмат қилиб бўлмайдику халққа. Бир оддий касб эгасимиз. Шу билан кун кўрдик, шу билан яшадик, дейди Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан қўнғироқ қилаган сартарош Абдулла ака Юсупов.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG