Линклар

logo-print

Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат?

  • Ҳурмат Бобожон

Самарақандда бўлиб қайтган европаликларининг айтишича, Европада Регистондек гўзал майдонни топиш амримаҳолдир.

Самарақандда бўлиб қайтган европаликларининг айтишича, Европада Регистондек гўзал майдонни топиш амримаҳолдир.

Тошкентда халқаро сайёҳлик ярмаркаси, Самарқандда эса Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг йиллик йиғини очилди. Тошкентдаги “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат”, деб номланган сайёҳлик ярмаркасида 20дан ортиқ мамлакатдан юзлаб сайёҳлик ширкатлари қатнашмоқда.


Ярмарка ташкилотчиси “Ўзбектуризм” миллий компанияси вакилининг айтишича, тадбирдан мақсад хорижий сайёҳлик ширкатларини Ўзбекистоннинг сайёҳлик потенциали билан танитиш.

- Ҳар йил Ўзбекистоннинг ўзида уюштириладиган халқаро туристик ярмарка. Ўзэкспоцентрда учта павиллион қилинган. Учинчи павиллион миллий павиллион, тўртинчи павиллион халқаро ташкилотларнинг павилиони. Кейин ташқарида восточний бозор, ҳар хил ҳунармандчилик нималари бор, дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси вакили.

Тошкентдаги ярмаркада Ўзбекистоннинг сайёҳлик потенциали тақдим эттилаётган айни пайтда Самарқанд шаҳрида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг йиллик йиғини очилди.

Йиғинда ташкилот Бош котиби Талеб Рифаи шахсан қатнашмоқда. Пайшанба куни Рифаи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қабулида бўлди.

Самарқанддаги йиғин очилишида сўз олган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ўз мамлакати йилига икки миллион сайёҳни қабул қилиб олиши мумкинлигини таъкидлади.

Ғаниевга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 650 минг кишини ташкил этган бўлса, бу йил охирида бу рақам 800 мингдан ошиши кутиляпти.

Бош вазир ўринбосари мамлакатда чет эллик сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилгани, сўнгги йилларда халқаро андозаларга жавоб берадиган 400дан зиёд меҳмонхона қурилгани ва сайёҳларга ҳизмат кўрсатаётганини таъкидлади.

Тошкентдаги ярмаркада ўз меҳмонхоналарини чет эллик сайёҳлик ширкатларига танитаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар орасида Хивадаги “Арқончи”, деб номланган хусусий меҳмонхонанинг соҳиби Собир отани ҳам учратдик.

- Биз ҳозир Тошкентда ярмаркадамиз. Катта бир анжуман бўлаяпти. Бугун бошланди. Бутун дунë туристик ташкилотнинг каттаси келди, ëрдамчилари келди. Испаниядан, Чехиядан ҳамма меҳмонлар келди. Ярмаркада буклетларимизни тарқатдик, расмларимизни осиб қўйибмиз. Хоразмдан 30-40қа яқин меҳмонхона. Ҳаммамиз ўзларимизникини айтиб мақтаб турибмиз. Ҳар ким ўзиникини мақтайдику, дейди Собир ота.

Ўзбекистон ўзининг Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларидаги улкан тарихий обидалари билан чет эллик сайёҳлар эътиборини тортиб келади.

Аммо мутахассислар Ўзбекистондаги чиқиш виза режими ҳамда хориж фуқароларининг кириш визаларини олишлари билан боғлиқ бюрократик қийинчиликлар мамлакатда туризм соҳасининг ривожланишига асосий тўсиқлардан бири эканини айтишади.

Яқинда Европадаги етакчи сайёҳлик ширкатлари ўз мижозларига Ўзбекистон бўйлаб бир ҳафталик саёҳат дастурларини таклиф эта бошлади. Аммо Ўзбекистонга виза олиш билан боғлиқ тўсиқлар европалик сайёҳларнинг бу истагини йўққа чиқармоқда.

Буни чехиялик Катерина мисолида айтиш мумкин.

Чехиялик Катерина 12 яшарлигида ота-онаси билан Самарқандга борган. Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ва гўзал таомларига мафтун бўлган Катерина Ўзбекистонни яна кўриш орзусида.

- Мени ўзига тортгани ўзбекларнинг ўзига хос ва бетакрор маданияти. Самарқанднинг Регистон майдони, гўзал миноралари хотирамда ўрнашиб қолган. Мазали таомлари ва ўзбекларнинг меҳмондўстлигини айтмайсизми. Самарқандда бўлганимизда ҳатто ўзимиз танимайдиган ўзбек оиласида никоҳ тўйида ҳам бўлганмиз, деб эслайди Катерина.

Чехиянинг “Чедок” сайёҳлик ширкати шу йил бошида Ўзбекистонга боришни хоҳловчилар учун “Ўзбекистон марвариди” деб аталган янги йўналиш очган эди.

Бу лойиҳа Катерина кабиларнинг Ўзбекистонга сайёҳат қилиш орзусини рўёбга чиқариши мумкин.

Ўзбекистоннинг Тошкент, Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб бир ҳафталик саёҳат дастури тўрт юлдузли меҳмонхонада яшаш, эрталабки нонушта ва кечки овқат, барча йўл харажатлари, маданий дастурлар, миллий рақс томошалари ва бошқа маданий тадбирларни ўз ичига олади.

Лекин виза, соғлиқ суғуртаси ва аэропорт солиғи билан боғлиқ харажатлар саёҳатчилар зиммасида.

Ўзбекистонга бориш чехияликларга нафақат қиммат, балки бунинг виза олиш билан боғлиқ мушкулотлари ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Прагада элчихонаси йўқ. Ўзбек визасини олиш учун бу мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасига бориб келишга тўғри келади.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консуллик бўлимига телефон қилиб, виза олиш тартиби билан қизиқдик.

- Чехия фуқаролари учун таклифнома керак. Сабаби, Германия каби Чехия Ўзбекистон билан махсус шартномани имзоламаган. Германия бу шартномани имзолагани учун бу давлат фуқаролари сайёҳлик визасини таклифномасиз олишлари мумкин. Лекин, чехияликлар сайёҳлик ширкатлари орқали таклифнома қилдиришлари мумкин, деди Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходими.

Виза таклифномаси учун сайёҳлик ширкатларга яна қўшимча 3600 крон (200 АҚШ доллари) тўлаш керак бўлади.

Лекин, “Oriental Express Central Asia” сайёҳлик ширкати ўз мижозларига ўзбек визасини тез ва арзон олиб беришни ваъда қилмоқда. Ширкатнинг Лондондаги вакиласи Нигорахон шуларни айтди.

- Бунинг учун паспорт копияси, иш жойидан маълумотнома керак. Қўл қўйилган, печат билан расмий бланкада бўлиши керак. Кейин бизларнинг формамизни тўлдириши керак. Агар срочний бўлса, уч-тўрт кунда чиқади. Биз программамизни жўнатамиз. Биз визани неча кунга олишига қараб программа қиламиз. Срочно бўлса, битта одамга 40 доллар туради. Агар бир ҳафталарнинг ичида тайëр бўлса ҳам бўлади деса, 25 доллар туради. Бизлар орқали тез бўлади, дейди “Oriental Express Central Asia” сайёҳлик ширкатининг Лондондаги вакиласи Нигорахон.

Тўловлар тўланган ва виза олинган тақдирда ҳам Ўзбекистонга боришни хоҳловчи 12 одам йиғилмаса, “Чедок” ширкати охирги дақиқада саёҳатни бекор қилиши ҳам мумкин.

Сайёҳликни қувурларсиз саноат, деб айтишади ва бу саноат Туркия ëки Чехия каби давлатлар ялпи ички даромадининг каттагина қисмини ташкил этади. Туркия сайёҳларни жалб этиш учун виза чекловларини бекор қилган ва мамлакатга келувчилар учун уйғун нархларни жорий қилган.

- Сайёҳлик ширкатлари Ўзбекистон бўйича таклиф қилаётган нархлар жуда қиммат. Масалан, мен Ўзбекистонга битта ўринни банд қилиб қўйсаму, улар менга бир-икки кун қолганда етарли одам тўплай олмадик, дейишса. Ундан кўра, ўзимиз виза ва самолёт билетини олиб Ўзбекистонга борганимиз яхши эмасми. Ўзбекистонда кимдир бизни уйида қабул қилса, уларникида яшасак, менимча, бу ҳар қанча юлдузли меҳмонхонадан кўра биз учун қизиқарли бўлар эди, дейди Катерина.

Бундай бизнесни Хивадаги Собировлар оиласи Арқончи меҳмонхонасини очиб йўлга қўйишган. Собировларнинг Ичан қалъадаги ҳовлиси бугун меҳмонхонага айланган. Сайёҳлар ойнаванд меҳмонхоналарда бўлишдан кўра, лойдан қурилган, тандир нонининг ҳиди уфуриб турадиган Арқончи меҳмонхонасини афзал билишмоқда. Ота-боболаримиз арқон эшиб кун кўришган ва шунинг учун меҳмонхонани "Арқончи" деб қўйдик, дейди Собир ота.

- Чет элдан келган меҳмонларга кўзининг олдида хоразмча нон ëпиб берамиз, хоразмча овқат пишириб берамиз. Палов, қовурилган балиқ, манти, сомса ҳаммасини қилиб берамиз. Бизнинг миллий одатларимизга ҳайрон бўлиб қизиқадида улар.

Озодлик: Сайëҳларнинг келишлари яхшими?

- 2003 йилгача жуад яхши эди. Андижон воқеаси, бошқа нарсалар бўлиб туризмга сал таъсир қилди. Бу йил бизнинг меҳмонхона уч юлдузли бўлди, дейди Собир ота.

Арқончи меҳмонхонаси ходимларидан бири нарх-наво хусусида шундай дейди.

- Бизда эрталабки нонушта билан нарх кунига 25 доллар. Шундоқ айвончамизнинг тепасидан қарасангиз¸ Хиванинг бутун манзараси кўриниб туради. Кечалари хоразмча рақс томошаларини уюштирамиз. Меҳмонларни керак бўлса Урганч аэропортидан кутиб олишимиз мумкин, дейди Арқончи меҳмонхонаси ходимларидан бири.

Бу сайёҳлик ширкатлари таклиф этаётган нархдан икки баравар арзонга тушяпти. Чехиялик қаҳрамонимизга ҳам бу маъқул бўлди. Бор-йўқ муаммо энди Ўзбекистон визасини олишда қолди...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG