Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:15

Ўш дафтари: Ақлдан озмасликка қарор қилдим


Геннадий Павлюк 2009 йил декабрида ўлдириб кетилган эди...
Геннадий Павлюк 2009 йил декабрида ўлдириб кетилган эди...

Фожиа кунлари ичимдан нима ичқиринди ўтганини бир ўзим билдим, бир Худо билди. Амакиваччамнинг фурқатлик божаси ўқ еб, касалхонада жон берди. Қудамнинг қирариқлик амакисини аввал сўйиб, кейин ёндириб юборишди. Қирариқдаги уч амакиваччамнинг мулклари таланди, уйлари ёндирилди.


Увомбўйилик синфдошимнинг укасини отиб кетишди.

Фурқатдаги жўраларимнинг мулклари таланди, уйлари ёндирилди.

Увомбўйидаги синфдошларимнинг мулклари таланди, уйлари ёндирилди.

Болалигим ватани – мактабим куйиб кул бўлди.

Черёмушкадаги...

Бешкўприклик...

Шаҳидтепадаги...

Ҳужумгача Аравонга – санаторийга кетган яккаю ягона жигарим – Опамнинг кўз ёшидан трубкаси шўр бўлди: ё Ўшга қайтолмайди ё Аравонда қололмайди.

Ўшда, Турондаги уйида тўртта жонли омонат – неваралари- қизининг – Дилфузанинг қизлари қолган.

Уларга бир нарса бўлса, Россиядаги Дилфузага нима дейди?!

Подвалга тушволишган қизлар.

Телефон қиламан, чиқларинг подвалдан, дейман. Ўт қўйиб юборишса чиқолмай қоласанлар.

Трубкани қўяманда бошқа номер тераман. Ҳозиргина айтганим гапнинг тескарисини айтиб ёлвораман: подвалга тушиб ол, келиб сўйиб кетишмасин...

Бу энди болаларимнинг онаси. Аламимни ундан оламан. Бормай тур Ўшга дедима, сенга, қан...қ...

Орадан 5 дақиқа ўтади ё ўтмайди, яна тераман Ўшни.

- Қўрқмаяпсанми, Зам?

- Қўрқмаяпман, Қори, қўрқмаяпман...

Фожеанинг тўртинчи кунида ақлдан озганларга ҳавасим келди. Қандай яхши-я уларга: бу қўтир дунёда нималар бўлаётгани билан ишлари йўқ.

- Ундай деманг-а, ёмон бўлади, дейишди Прагадаги ҳамкасбларим.

- Йўқ, дейман, барибир ақлдан озиб қолганим яхшироғийди.

Орадан яна 3 ё 4 кун ўтди. Қизиб кетган телефон тугмаларини яна бир-бир босаман.

- Қўрқмаяпсанми, Зам?

- Қўрқишдан чарчадим. Энди қўрқмийман. Энди яширинмайман. Нима бўлса – Худодан.

Шиддат борийди Замнинг овозида. Қарийб 30 йил бирга яшаб туймаганим - нотаниш оҳанг борийди.

Бирдан ўзимга келдим. Ваҳималаримдан уялдим. Э, жипириқ, деб сўкдим ўзимни ўзим. Ўзингни ушла, эркак, дедим.

Нима бўлса – Худодан!

Ўзимни ушлашга уриндим.

Кунлар ўтаверди. Ушлаган ҳам бўлдим ўзимни.

Лекин...

Лекин бугун – 2010 нинг 8 октябрида яна ақлдан озганларга ҳавас қилаяпман. Қандай яхши-я уларга: бу қўтир дунёда нималар бўлаётгани билан ишлари йўқ.

Бугун Бишкекда Иброҳим Рустамбекка ҳайкал қўйишди.

Иброҳим Рустамбек – қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюкнинг тахаллуси.

51 га кирган Иброҳим-Геннадийни қишда Олмаотада ўлдириб кетишганди.

Баъзи маълумотларга қараганда, уни ўлдирганлар қирғизистонлик.

Унинг ҳайкалини Бишкекнинг марказидаги хиёбонга қўйишди.

Касбдошимга кўрсатилган ҳурмат журналистикага кўрсатилган ҳурматдир.

Қувонишим керак бу воқеадан.

Лекин қувонч йўқ. Титкилаяаман ичимни – тополмаяпман.

Ҳамкасбимнинг хотираси индингалик сайловдан олдин бишкеклик ўрисларга пора қилиб берилаётганидангина эмас қувончнинг йўқлиги. ("Ата-Мекен"нинг иши эмиш ҳайкал)

Биринчи кун яшаётганим йўқ бу дунёда. Сайловни биринчи марта кўраётганим йўқ.

Қолаверса, атамекенчилар ўрнатган ёдгорлик уларнинг Иброҳим-Геннадийга чиндан ҳам самимий ҳурмати ифодаси бўлиши мумкин-ку?!

Нималар бўлмайди бу дунёда?!

Балки, чиндан ҳам самимийлик бордир бу амалда?

Мени қийнаган нарса бошқадир. Ҳайкал очилиши маросимидан олинган суратларда мамлакат бош прокурорини ҳам кўрдим.

Қўлида қип-қизил гуллар дастаси. Кўзларида чексиз мунг.

Нутқ ҳам ирод этибди прокурор. "Павлюкнинг қотилларини албатта жазолаймиз, сўз бераман", дебди.

Аслида, сўз бермасаям бўлаверарди.

Ахир қотилларни топиб жазолаш прокурорнинг хизмат бурчи-ку?!

Ахир, ошпаз "мен ош қилиб беришга сўз бераман", шўпир " одам ташишга сўз бераман", деб ҳайқирмайди-ку?!

Ҳай, майли. Мени ўйлантиргани – бу ҳам эмас.

Менга "нима учун битта ҳайкал пойига гул қўяётган прокурор бошқа бир ҳайкал таҳқирланаётганига шу кунгача эътибор бермайди" деган тинчлик бермаяпти.

Бош прокурор Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари бўлиб турган кунларда Ўшдаги Навоийни осмоқчи бўлдилар.

Ички ишлар вазири бўлиб турган кунларда Навоийнинг қўлини ва бурнини синдирдилар.

Мана бугун у - Бош прокурор.

Навоий эса, шу кунда ҳам қўлсиз, бурунсиз; бўйнида арқон билан турибди.

Нима учун битта ҳайкал пойига гулдаста қўяётган, прототипининг қотилларини топишга онт ичаётган Бош Прокурор бошқа ҳайкалга мутлақо бефарқ?

Нима учун Навоийни таҳқирлаганларни топиб жазолашга шошилмаяпти Бош прокурор?

Нима учун амакиваччамнинг божасини отиб кетганларни топиб жазолашга шошилмаяпти Бош прокурор?

Нима учун Қудамнинг амакисини сўйиб ёқворганларни жазолашга шошилмаяпти Бош прокурор?

Нима учун синфдошимнинг укасини отиб кетганларни топиб жазолашга шошилмаяпти Бош прокурор?

Нима учун қариндошларим, синфдошларим, жўраларимнинг таланган мулкларини топиб беришга, уйларига ўт қўйганларни топиб жазолашга шошилмаяпти Бош прокурор?

Билмайманми бу саволлар жавобини?

Афсуски, биламан.

Шунинг учун ақлдан озмасликка қарор қилдим.

Арзимайди.
XS
SM
MD
LG