Линклар

Журналистни ўлдирганликда гумонланганлар қўлга олинди


Журналист Генадий Павлюк ўтган йили Олмаота шаҳрида ўлдирилган эди.

Журналист Генадий Павлюк ўтган йили Олмаота шаҳрида ўлдирилган эди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ўтган йилнинг 16 декабрида Олмаота шаҳрида ўлдирилган қирғизистонлик журналист Генадий Павлюкнинг қотиллари қўлга олинганини билдирди. Айни пайтда Бишкек марказида журналист ёдгорлиги очилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, журналист Генадий Павлюк ўлимига алоқадорликда гумонланган 2 киши Олмаота ресторанларидан бирида қўлга олинган. Қозоғистон милицияси қўлга олинган шахслар исмини ошкор этмаётир.

-Айтишимиз мумкин бўлган маълумотни ҳаммасини айтдик. Қолган нарсалар тергов сири,-деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Олег Ивашенко.

Бир неча ой аввал Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги журналист Генадий Павлюкнинг ўлимида Қирғизистон махфий хизматлари қўли борлиги ҳақида гумонлар мавжудлигини билдирган эди. Гумонланувчи қаторида Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити Алдаяр Исманкулов номи ҳам айтилган Номи зикр этилган зобит Қирғизистонда 7 апрел куни содир этилган давлат тўнтаришидан сўнг мамлакатдан қочган эди. Айрим манбааларга қараганда, бу шахс Бакиевлар оиласининг махсус топшириқларини бажариб келган.

Генадий Павлюк билан матбуотга оид бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқчи бўлган сиёсатчи Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, қозоқ милициясининг журналист қотиллари деб аталаётган шахсларни қўлга олиши билан мазкур жиноят ишида қирғиз махфий хизматларининг роли қандай бўлгани яқин кунларда очиқланиши мумкин.

- Қозоқ терговчиларининг менга берган маълумотларида айтилишича, қирғиз махфий хизматларининг бу ишда қўли бўлган. Тергов якунланмагунига қадар бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин. Бироқ қирғиз махфий хизмати зобити Алдаяр Исманкулов Қозоғистонда яшириниб юргани тўғрисида гаплар бор эди. Балки қозоқ милицияси уни қўлга олган бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Қозоғистон томони бу жиноят ишини унутиб юбормай, қотилликда гумонланаётганларни қўлга олгани биз учун қувончли воқеадир, -дейди Ўмурбек Текебаев.

Айтиб ўтиш лозимки, бундан аввал Қозоғизстон томони бир неча марта Генадий Павлюк ўлими юзасидан жиноят иши Қирғизистон Бош прокуратурасига ҳам жўнатилганини, қозоқ томони қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирган эди. Аммо президент Бакиев даврида қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу маълумотни рад этиб келдилар. Айни пайтда ҳам Қирғизистон Бош прокуратураси Генадий Павлюкнинг ўлдирилиши юзасидан жиноят ишини фақат Қозоғистон томони тергов қилаётганини айтмоқда.

- Ўзингизга маълумки бу иш юзасидан тергов Қозоғистонда олиб борилаяпти. Шунинг учун бу ҳақда бизда аниқ маълумотлар йўқ. Қозоғистон томони бу иш юзасидан бизни хабардор қилган эмас,-дейди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Қубанич Сабиров.

Айни пайтда 8 октябр куни Бишкекдаги Чернишевский номидаги кутубхона биноси олдида журналист Генадий Павлюк ёдгорлиги очилди. Ёдгорликнинг очилиш маросимида бир қатор давлат ва жамоат арбоблари ҳам иштирок этдилар.

Иброхим Рустамбек таҳаллуси билан президент Бакиев ва унинг оиласи кирдикорларини фош қилувчи мақоллар ёзган Генадий Павлюк 2009 йилнинг 16 декабрида Олмаотадаги кўпқаватли уйлардан бирида ваҳшиёна тарзда ўлдирилган эди. У ўлдирилишидан бир оз аввалроқ қирғиз мухолифати матбуотини бирлаштирган янги лойиҳага раҳбарлик қилишни режалаштирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG