Линклар

Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди


Ўшлик сайловчилар парламент сайловларида фаол овоз бермоқдалар.

Ўшлик сайловчилар парламент сайловларида фаол овоз бермоқдалар.

2010 йилнинг 10 октябр куни эрталаб соат 8.00 да Қирғизистон бўйлаб очилган барча сайлов участкалари соат 20.00 да ёпилди. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, участкалар ёпилгунига қадар рўйхатга олинмиш қарийб 3 миллион сайловчининг 56,59 фоизи овоз бериб бўлган.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг маълум қилишича, овоз бериш кунида республика бўйлаб ташкил этилмиш 2289 сайлов участкасининг барчаси сайловчилар учун очилган, парламент сайловида иштирок этиш учун жами 2 852 751 фуқаро рўйхатга олинган.


(Июн воқеаларида ëқиб юборилган Лев Толстой номидаги мактабнинг ëнмай қолган қисмида ташкил этилган сайлов участкасида ўшликлар овоз бермоқда)

Маҳаллий вақт билан соат 20.00 гача сайловчиларнинг 1 614 427 нафари (56,59%) овоз бериб бўлгани хабар қилинмоқда.

Парламент сайловларида Қирғизистон МСК рўйхатга олган 29 сиёсий партия иштирок этди, шунингдек, сайловчилар “барча номзодларга қарши” овоз беришлари ҳам мумкин эди.

Ўшдаги сайлов участкаларида автоматли қўриқчилар соқчилик қилаяпти.
Ўшдаги мухбиримизнинг хабар қилишича, Қирғизистон жанубий пойтахтида сайловчилар, жумладан, қирғизистонлик ўзбеклар фаол овоз бермоқда.

Ўш қурилиш техникумида жойлашган сайлов участкасида эрталабдан одам кўп бўлди. Бу ерда Мажримтол маҳалласи ва яқин атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи сайловчилар овоз бердилар. Сайловчиларни уч кишидан киритишди. Мазкур сайлов участкасида 5 кундан буён халқ дружиначилари ишлаётгани маълум бўлди. Уларга кунига 200 сўмдан (4 АҚШ долларидан кўпроқ — таҳр.) ҳақ тўланмоқда.

Ўшнинг Бобур кўчасида яшовчи аёллар ўзларига сайлов таклифномалари келмаганидан шикоят қилишди. Шунга қарамай, улар ўз сайлов участкасига бориб, қўшимча рўйхат бўйича овоз беришганлигини айтишди.

Айни пайтда ўшликлар орасида ҳали сайловда участкасига бормаган сайловчилар ҳам кўп. Ўшнинг Алишер Навоий кўчасида Озодлик мухбири учратган беш-олти нафар йигит сайловга ҳали бормаганларини, улар ким учун овоз беришни ҳам билмасликларини айтишди. Ўшлик йигитларга кўра, тарғибот кампанияси чоғида уларнинг кўчасига ҳеч бир партия вакили келиб, аҳоли билан учрашмаган.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизматидан маълум қилишларича, айни пайтда Қирғизистон давлат чегараларида вазият барқарор. Ўзбек-қирғиз чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларидан бошқа барча чегара пунктлари одатдаги тартибда ишламоқда.

Бугунги сайловларни 850 нафар халқаро кузатувчи кузатди, сайлов боришини хорижий оммавий ахборот воситаларининг 135 журналисти ёритиб борди.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG