Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:53

Россия бангфурушларни бадарға қилмоқчи


Шу йилнинг 8 октябр куни Россия Давлат Думаси депутатлари томонидан наркотик моддаларининг савдоси билан шуғулланган, наркотик истеъмол қилган ёки наркотикларнинг ноқонуний айланишига алоқадор ҳар қандай қонунбузарлик содир этган чет эл фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини мақулладилар.

Эндиликда наркотик модда билан боғлиқ қонунбузарликлар учун Россиядан чиқариб юборилган шахслар кейинчалик мамлакатга қайта киритилмайди.

Бу ҳужжат Давлат Думаси муҳокамасига Россия ҳукумати томонидан жорий йилнинг 11 июнида тақдим этилган бўлиб, 3 ойлик муҳокамадан сўнг парламент томонидан маъқулланди.

“Наркотик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланиши билан боғлиқ қонунбузарликларни содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларни Россия Федерациясидан маъмурий бадарға қилиш масаласига доир Россия Федерациясининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида” деб жумлаланмиш мазкур қонун лойиҳаси Банг моддалари айланмаси устидан назорат бўйича Россия федерал хизмати ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Қонун муаллифлари чет эл фуқаролари томонидан наркотик моддалари билан боғлиқ жиноятларни содир этиш ҳоллари ошиб бораётганини иддао қилмоқда.

Банг моддалари айланмаси устидан назорат бўйича Россия федерал хизмати директори Виктор Иванов мамлакатга келаётган наркотик оқими йил давомида 4 баробарга ошганини таъкидлайди.

- 1 сентябр - ўқув йилининг бошидан буён бир ой давомида Россияда 110 кг героин, 6 тонна марихуана, 150 кг наша, 1,5 кг дезомафин моддаси мусодара қилинди. Бу жамлаб ҳисоблаганда 20 миллион бир маротабалик дозага тенгдир! Сўнгги 9 ой давомида эса 9 тоннадан ортиқ банг моддаси, жумладан, 6500 улгуржи партия аниқланган, 12 минг жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилди ва 5,5 минг бангихона йўқ қилинди, - деди Виктор Иванов.

Шу важдан Нарконазорат хизмати раҳбари осиёлик муҳожирлар учун Россияга кириш шароитларини мураккаблаштириш таклифини илгари сурди.

Россия Давлат Думаси расмий сайтидаги маълумотга кўра, Россияда наркотик моддаларининг ноқонуний айланишига, асосан, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон республикалари фуқаролари жалб этилмоқда.

Россия парламенти томонидан маъқулланган мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, банг моддалари билан боғлиқ қонунбузарликларни содир этган ва Россиядан чиқариб юборилган шахслар кейинчалик мамлакатга қайта киритилмайди. Шунингдек, Россия фуқаролиги берилиши арафасида бўлганларга эса фуқаролик берилиши тўхтатилади.

Таъкидлаш жоизки, чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи тўлалигича судда кўриб чиқилади.

Давлат Думасида қизғин муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлган бу ҳужжатни айрим депутатлар ўта “юмшоқ"ликда айблади. Давлат Думаси раиси муовини, ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновский мазкур чоралар етарли даражада самарали бўлишида шубҳаланаётганини айтади.

- Курашни барча йўналишлар бўйича кучайтирмоқ зарур. Бу масалада эса қонун ўта “юмшоқ”. Россиядан бадарға қилинган чет эллик наркокурерларни террорчиларга тенглаштириш керак, қора рўйхатларга киритиб, элчихоналар ва чегара хизматларига тақдим этиш керак, - дейди ЛДПР етакчиси.

Унинг айтишича, мамлакатдан чиқариб юборилаётган шахс учун белгиланган 1 минг рубллик жарима кулгилидир.

Давлат Думаси депутати, “Адолатли Россия” фракцияси вакили Семён Багдасаров эса бундан-да кескинроқ чораларни қўллаш кераклигини таклиф қилди.

- Биз наркотрафикка қарши курашда қуролли кучларни қўллашни кўзда тутган янги қонун қабул қилишимиз керак. Етар шунча писиб ўтирганимиз, - дейди депутат Багдасаров.

Нарконазорат хизмати маълумотларига кўра, банг савдоси асосан меҳнат муҳожирлиги баҳонасига Россияга кириб келаётган шахслар томонидан амалга оширилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида Думада чиқиш қилган Банг моддалари айланмаси устидан назорат бўйича Россия федерал хизмати директор муовини Владимир Каланда депутатларни мазкур ҳужжатни қабул қилишга даъват этиб, бу қонун лойиҳаси ортидан наркобизнесга қарши Жиноий Кодексга ҳам бир қатор ўзгартишлар тайёрланаётганини билдирди.

Россиялик таниқли журналист Евгений Киселев бу каби қонунлар наркотикларнинг Россияга кириб келишига умуман ҳеч қандай тўсқинлик қила олмайди, деган фикрда. У наркотрафик ва банг моддалари ноқонуний айланишига қарши курашнинг ягона чораси сифатида Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш кераклигини таклиф қилди.

- Биласизми, МДҲ – бу собиқ совет диктаторларининг ўзига хос клубидир. Кечирасиз, лекин мен Европага боргим келади. Агар Европага бориш учун Россия Тожикистон ёки Туркманистон ва ё бошқа Марказий Осиё сатраплиги билан чегарани ёпишга тўғри келса, мен буни қўллаб-қувватлайман. Бу мамлакатда криминал вазиятнинг яхшиланиши учун ҳам фойдали бўлади. Ҳеч кимга сир эмаски, Россия учун катта муаммога айланган банг трафиги, ҳар хил ақлдан оздирувчи нарсалар ўша ердан келаяпти, - дейди Евгений Киселев.
XS
SM
MD
LG