Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:34

Тожикистондаги қочқинларни учинчи давлатга кўчириш масаласи ҳал бўлмаяпти


Июн ойидаги референдум баҳонасида Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтарилган ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг айримлари ўз жонлари учун хавфсираб, бошпана излаб Тожикистонга кетган эдилар.
Июн ойидаги референдум баҳонасида Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтарилган ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг айримлари ўз жонлари учун хавфсираб, бошпана излаб Тожикистонга кетган эдилар.

Тожикистондан бошпана топган қирғизистонлик қочқинлар беш ойдан буён бошқа давлатга чиқиб кетиш илинжида юришгани, бироқ бу масалада уларга ҳеч ким ёрдам бермаётганидан нолимоқда.

Тожикистон Муҳожирлик маркази маълумотларига кўра, айни пайтда республакада 70 дан ортиқ қирғизистонлик қочқинга вақтинчалик бошпана берилган. Бундан ташқари, мамлакатнинг Сўғд вилоятида ҳам қирғизистонлик қочқинлар истиқомат қилаётгани айтилмоқда.

Аснода қочқинлар Тожикистон томони ўзларини жуда илиқ қабул қилиб олганини ва маҳаллий расмийлар ҳозиргача уларга яхши муносабатда бўлаётганликларини айтишди.

- Тожикистон муҳожирлик хизмати билан доимий алоқадамиз. Лекин бизнинг мушкилимизни осон қиладиган бу БМТнинг қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи тизимидир. Муҳожирлик хизмати вакилларидан бири Маҳмадқул Қурбонов бизга жуда кўп ёрдам бермоқда. Бошпана изловчи шахс мақомини олиш жуда чўзилиб кетди. Илгари ҳеч қандай тўсиқ йўқ, ишларимизни орқага сурилмайди, дейишган эди. Орадан беш ой ўтди, лекин бирор нарса ўзгармади., дейди ўзини Аъзамжон деб таништирган қирғизистонлик қочқин.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистонда қирғизистонлик ўзбек қочқинларига муносабат яхшилигига қарамай, “ўз уйинг, ўлан тўшагинг” деганларидек, мусофирчиликдан оғир нарса йўқ инсон учун.

- Тамоман бошқа давлатдан бошқасига келиш, бу жойда оилангиз билан кўникиб яшаш осон эмас. Бундан ташқари, мавжуд қонунлар асосида маҳаллий ҳукуматлар қочқинларга гуманитар ёрдам биринчи навбатда ва ўз вақтида кўрсатиши керак. Лекин биз мурожаат қилмадик, улар ҳам ёрдам берганларича йўқ. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, дейди Аъзамжон.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ўз номи ошкор қилинмаслигини илтимос қилди, чунки у шу йил июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган мудҳиш воқеалар чоғида бир неча жойидан ярадор бўлган экан.

- Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтиб ўтишда медиклардан ташқари прокуратура, КГБ, милиция ходимлари кутиб олаётганлиги ҳаммага маълум эди. Бизга етиб келган маълумотларга кўра, Ўшдаги куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакиллари қочқинларни чиғириқдан ўтказишган. “Ярадормисан, демак, ўша воқеаларда қатнашгансан. Айбдорсан, нақд пулни тўлаю, тўрт томонинг қибла” қабилида иш тутишмоқда экан. Шундан кейин, соғлиқ бироз яхшилангач, “Тожикистон қаердасан?” деб йўлга чиқдик, дейди суҳбатдошимиз.

Қирғизистонлик ўзбек қочқинлари хавфсизлик нуқтаи назаридан келгусида Қирғизистонга қайтмасликларини, Тожикистондан учинчи давлатга чиқиб кетиш умидида яшаётганликларини таъкидламоқдалар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг муҳожирлик хизмати мулозими Маҳмадқул Қурбонов қирғизистонлик ўзбек қочқинлари БМТ конвенцияси асосида бу мамлакатда қабул қилинганини айтди. У қочқинларга расмий мақом берилгани, бироқ уларни учинчи давлатга жўнатиш халқаро ташкилотлар вазифаси эканлигини қайд этди.

Айни пайтда БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси масъуллари қочқинларни учинчи давлатга жўнатиш дастури 2005 йилда ниҳоясига етганини айтмоқдалар.

- Қочқинларни оммавий равишда учинчи давлатга кўчириш дастури ишламаётганлигига беш йил бўлди. Қирғизистондан бошпана сўраб келаётганларга эса биз фақат бир марта молиявий ёрдам кўрсатдик. Шунингдек, Тожикистонда қочқинлик мақомини олиш жараёни ҳақида тушунтириш суҳбатларини ўтказдик. Бундан ортиқ қўлимиздан ҳеч нима келмайди, - деди БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Тожикистондаги ваколатхонаси ходимаси Парвина Мунавварова.

Норасмий манбаларга кўра, ўшлик ва жалолободлик ўзбек қочқинлари БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Душанбедаги идораси кўмагида учинчи давлатга чиқиб кетиш илинжида Тожикистонга ўтиб келишлари давом этмоқда.

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Тожикистондаги ваколатхонасидан олинган маълумотларга кўра, республикада айни пайтда уч мингдан қочқинлар истиқомат қилади.Бу қочқинларнинг 97 фоизини Афғонистон фуқаролари ташкил этади.
XS
SM
MD
LG