Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:52

Қирғизистонда овозларнинг 91 фоизи санаб бўлинди, "Ата журт" олдинда


Юзлаб одам ҳалок бўлган қонли ҳодисалардан тўрт ой ўтиб, Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон жанубидаги этник қирғизлар қўллаб-қувватловига эга "Ата-журт" партияси овозлар сони бўйича олдинда бормоқда.

Шунингдек, Социал-демократлар, Республика, "Ар-намис", "Ата-мекен" партияларининг ҳам парламентдан жой эгаллаши кутилмоқда.

Марказий Осиёдаги илк парламент демократиясини яратишига умид қилинаётган сайловларда парламентдаги 120 ўрин учун 29 та партия кураш олиб борди.

Июн ойида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги миллатлараро тўқнашувлар ортидан Қирғизистон жанубида янгидан зўравонликлар рўй бериши борасидаги хавотирларга қарамай, овоз бериш тинч ўтди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, республикадаги жами сайловчиларнинг қарийб 57 фоизи овоз берган. Ўшда сайловчиларнинг фаоллиги 66 фоизни ташкил қилган.

120 ўринли парламентдан жой эгаллаш учун партиялар умумий овозларнинг камида беш фоизини қозонишлари керак. Лекин, овоз бериш дастлабки натижаларига кўра, ҳозирча бешта партия бу тўсиқдан ўта олди.

Шунингдек, биронта ҳам партия аксарият овозни ололмайди ва Қирғизистонда коалицион ҳукумат тузилиши мумкин.

Қирғизистон Марказий Сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижаларини бугун тушгача эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG