Линклар

Абдумалик Бобоев устидан суднинг иккинчи мажлиси бўлди


Uzbekistan - correspondent of VOA Abdumalik Boboyev

Uzbekistan - correspondent of VOA Abdumalik Boboyev

Тошкентда мустақил журналист, “Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоев устидан суднинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Журналист адвокати Сергей Майоровнинг Озодликка айтишича, ҳимоя томонининг яна икки илтимосномаси суд раиси томонидан қондирилган.

Булардан бири чегарани кесиб ўтиш чоғида тўлдириладиган божхона декларациясини тергов иши материалларига қўшиш ва журналистнинг Мониторинг маркази хулосасига киритилган репортажларига оид аудеоёзувлар ёзилган дискларини маҳкама жараёни чоғида эшитиш ҳақидаги илтимосномалардир.

- Бу дискларда Абдумалик олган интервюлар бор ва улар асосида тайёрланган материаллар вебсайтда чоп этилган. Бу материаллар эса Мониторинг маркази томонидан ўрганиб чиқилган ва улар асосида айблов хулосасида берилган, деди адвокат Сергей Майоров.

Сергей Майоровга кўра, маҳкаманинг иккинчи мажлисида суд ҳайъати биринчи мажлисдагига нисбатан анчайин юмшоқлик билан муомала қилгани кузатилган.

Журналист устидан биринчи суд масжлиси 7 октябр куни бўлиб ўтган ва унга маҳкамани кузатгани Мирзо Улуғбек тумани судига келган АҚШ ва Британия элчихоналари вакиллари киритилмаган эди. Иккинчи масжлисга эса АҚШ элчихонаси расмийлари киритилган.

Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244, 140, 139, 223-моддаларига биноан туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёҳуд тарқатишда айбланмоқда.

Шу вақтга қадар маҳаллий ва хорижик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистлар Абдумалик Бобоев касбий фаолияти учун таъқибга олинганини айтиб танқид қилган, хусусан, ЕҲХТ ва АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматини журналистга нисбатан судловни зудликда тўхтатишга чақирган эди.

Айни мазмундаги чақириқ билан 7 октябр куни “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган баёнотда Абдумалик Бобоевга нисбат судлов жараёни мутлақо сиёсий мотивларга асослангани айтилиб, бунинг ортида мустақил журналистларга нисбатан таъқибнинг янги кўриниши бошланаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилади.

Айни пайтда Тошкентда яна бир журналист, Россиянинг “Парламентская газета” нашри Марказий Осиё бўйича мухбири, “Vesti.uz” интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140 моддаларига биноан Ўзбекистонга қарши туҳмат қилиш ва ўзбек халқини ҳақорат қилишда айбланиб, судланмоқда.

Суднинг кейинги мажлиси 13 октябр кунига белгиланди

XS
SM
MD
LG