Линклар

Қирғизистонлик таҳлилчилар 10 октябр куни ўтказилган парламент сайловида радикал миллатчи партиянинг энг кўп овоз йиққанига шу йил июн ойида Ўш ва Жалолободда содир бўлган қонли воқеалар сезиларли даражада таъсир кўрсатди, деган фикрдалар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки маълумотлар айни пайтда парламент республикаси тарафдори ҳисобланган ҳукмрон партиялар учун кутилмаган зарба бўлди. Буни ҳукмрон “Ота Макон” партияси расмийси Равшан Жээнбеков очиқ тан олди:

- Ўтказилган барча сиёсий ва ижтимоий сўровлар, таҳлиллар “Ота Макон” партияси сайловда ғолиб бўлишини кўрсатган эди. Бироқ негадир бундай бўлмади. Биз партия йиғинида маслаҳатлашиб, “умуман демократия дегани мана шундай бўлади, шунинг учун ҳам халқнинг танловига бўйсунамиз”, деб қарор қилдик, - деди Равшан Жээнбеков.

Таҳлилчилар томонидан парламентдаги асосий кўпчилик ўринларни эгаллаши башорат қилинган “Ота макон” партияси сайловчиларнинг 5 фоиздан ортиқроқ овозини олиб, сайловда ғалаба қозонган партиялар рўйхатининг 5 поғонасини эгаллаб турибди. Президент Роза Ўтунбоева аъзо бўлган Социал-демократлар партияси эса 8 фоиз овоз олиб, мазкур рўйхатда иккинчи ўринни олган.

Учинчи ва тўртинчи ўринларни эса Феликс Кулов раҳбарлигидаги “Ор-номус” ва Ўмурбек Бабанов раислигидаги “Республика” партиялари эгаллаган.

Матбуотда радикал миллатчи партия сифатида тилга олинаётган “Ота юрт” партияси эса сайловчиларнинг 9 фоизга яқин овозини олиб 1-ўринга чиққан. Айтиб ўтиш лозимки, бу уч партия кучли президентлик бошқаруви тарафдоридир.

Агар Марказий сайлов комиссиясининг якуний ҳисоб-китобида жузъий ўзгаришлар бўлмаса, “Ота юрт” партияси парламентда 29 ўринни, айни пайтда ҳукумрон бўлган Социал –демократлар партияси 26 ўринни, “Ор –номус” партияси 23 ўринни, “Республика” партияси 23 ўринни, амалда ҳукмрон бўлган “Ота Макон” партияси эса 19 ўринни эгаллайди.

Радикал миллатчи партия сифатида тилга олинаётган “Ота юрт” партиясининг сайловда ғалаба қилиши кўпчилик қирғизистонликлар, жумладан, сиёсатшунослар ва сиёсатчилар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Сиёсатшунос Марс Сариев “Ота юрт” партиясининг ғалабасини қуйидагича изоҳлайди:

- Шимол ва жануб нуқтаи назаридан эътибор берсак, “Ота юрт”га асосан жанубдаги сайловчилар овоз бермоқда. “Ота юрт”нинг бу ҳудудда кўп овоз олишига Ўш воқеалари ҳам катта таъсир кўрсатди. Бу воқеалардан кейин жанубликлар бирлашиб, фақат жанубдан чиққан сиёсатчиларга овоз бераяпти. Бу қирғизларнинг шимол ва жанубга бўлиниб қолганининг яққол мисолидир, - дейди Марс Сариев.

Сиёсатшуноснинг бу фикрини Марказий сайлов комиссияси маълумотлари ҳам тасдиқлагандай бўлади. Чунки “Ота юрт” партияси мамлакат шимолидаги вилоятларда қонунчиликда кўрсатилган 5 фоиз овозни аранг йиға олган.

Қирғизистондаги сайлов жараёнини кузатган ҳуқуқшунос Дмитрий Кабак фикрича, Ўш воқеаларидан сўнг мамлакат жанубидаги қирғиз сайловчиларининг асосий қисми миллатчилик ғоялари билан йўғрилган партияга овоз бериши кутилган натижа эди. Дмитрий Кабак генерал Феликс Қулов раҳбарлигидаги “Ор-номус” партияси айни миллатчилик ғояларининг урчиб кетишидан қўрққан сайловчилар қўллови билан ғалаба қозонди, деб ҳисоблайди.

- Жанубий вилоятларда бу “Ота юрт” партияси ҳамраиси Қамчибек Ташиевнинг миллатчилик чақириқлари туфайли юзага келган қўрқувда акс этди. Бунинг оқибатида жанублик сайловчиларнинг муайян қисми ўз овозларини парламент бошқаруви ва демократия тарафдори бўлган ҳукмрон партияларга эмас, қаттиққўллик ҳамда кучли президент ҳокимиятини ваъда қилаётган “Ор-номус” партиясига беришди. Ҳукмрон бўлган “Ота Макон” ва Социал–демократлар партияси жанубда ютқазди, - деди Дмитрий Кабак.

Айрим сиёсатшунослар 7 апрелдаги давлат тўнтаришини амалга оширган “Ота Макон” ва Социал-демократлар партияларининг сайловда кутилганидек асосий овозларни ололмаганларига ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатган, деб ҳисоблайдилар. Масалан, сайловга бир неча кун қолганида Россия телеканалларида “Ота макон” партияси раҳбари Ўмурбек Текебаевга қарши кучли қоралаш кампанияси ўтказилган.

Иккинчидан эса, Қирғизистон янги парламентдаги 120 ўринни эгаллаши кутилаётган 5 партиядан учтасини Россия қўллаб-қувватлашини намойиш қилган эди. Сайлов арафасида “Социал-демократлар”, “Ор-номус” ва “Республика” партиялари раҳбарларини алоҳида-алоҳида Россия президенти Владимир Медведев ва Бош вазир Владимир Путин қабул қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG