Линклар

Суднинг иккинчи куни

  • Садриддин Ашур

Абдумалик Бобоев туҳмат ва ҳақоратда айбланган биринчи журналист эмас.

Абдумалик Бобоев туҳмат ва ҳақоратда айбланган биринчи журналист эмас.

11 октябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида журналист Абдумалик Бобоев устидан бошланган суд жараёни давом этди. Суднинг иккинчи мажлисида адвокатининг судга киритган илтимосномаларидан баъзилари қондирилди. Бу илтимосномалардан бирида журналистга қўйилган чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби асоссиз эканлигини исботлашга ёрдам бериши мумкинлигига умид қилинмоқда.


Абдумалик Бобоевнинг адвокати Сергей Майоров Озодлик билан суҳбатда, судья Саъдулла Ашурматовнинг суд жараёнини тартибли ва аниқ олиб бораётганини таъкидлади. Адвокатга кўра, судья ҳимоя томонининг илтимосномасини қабул қилган:

- Судья бизнинг ҳимоямиз учун аҳамиятли бўлган илтимосномаларимиздан бирини қондирди. Биз Абдумалик Бобоевнинг божхонада тўлдирган декларациясини жиноий ишга илова қилишни сўраган эдик. Бу декларациянинг жиноий иш тўпламида бўлиши мени ҳимоямдаги шахсни оқлаш учун керак бўлади.

Чунки, Абдумалик Бобоевга қўйилаётган айбловлардан бири унинг чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланишидир. Агар у декларация тўлдирган бўлса, демак у паспорт назоратини айланиб ўтиши мумкин эмас. Чоршанба куни, ана шу декларациянинг биринчи нусхасини божхонадан келтиришлари керак. Агар албатта у сақланиб қолган бўлса, лекин биз нусхасини топширдик,- дейди адвокат Сергей Майоров.

Унинг айтишича, суд адвокатнинг яна бир илтимосномасини ҳам қондирган.

- Менинг иккинчи илтимосномам Абдумалик Бобоев мақолаларининг экспертиза ўтказилишига асос бўлган CD дискларни судда кўриш ва эшитиш эди. Суд бу илтимосномани ҳам қабул қилди ва чоршанба куни бўлиб ўтадиган мажлисда бу дисклар кўриб чиқилади ва эшитилади,- дейди Сергей Майоров.

Адвокатга кўра, божхона ходими ҳам маҳкамада гувоҳ сифатида кўрсатма берган:

- Божхона ходимининг кўрсатмаси ҳам менинг ҳимоямдаги шахснинг айбсизлигини исботлашга ёрдам беради деб ўйлайман. Шунингдек, миллий хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимининг судда берган кўрсатмаси ҳам Абдумалик Бобоевнинг 223 модда 1 қисми бўйича айбланишининг асоссиз эканлигини исботлашга хизмат қилади, деб ўйлайман,- дейди Сергей Майоров.

Бироқ суд адвокатнинг маҳкамага Абдумалик Бобоевнинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг туҳмат ва ҳақорат каби моддалари билан айбланишига асос бўладиган хулоса чиқарган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги мониторинг маркази бошлиғи Ш.Тўхтаевни чақиртириш ҳақидаги илтимосномасини қондирмади.

Бу маҳкамани кузатгани Мирзо Улуғбек тумани судига келган АҚШ ва Британия элчихоналари вакиллари биринчи суд мажлисида киритилмаган эди. Иккинчи масжлисга эса АҚШ элчихонаси вакиллари киритилган. Буюк Британия элчихонаси вакилларига эса судда иштирок этишга рухсат берилмаган.

Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244, 140, 139, 223-моддаларига биноан туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёҳуд тарқатишда айбланмоқда.
Шу вақтга қадар маҳаллий ва хорижик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистлар Абдумалик Бобоев касбий фаолияти учун таъқибга олинганини айтиб танқид қилган, хусусан, ЕҲХТ ва АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматини журналистга нисбатан судловни зудликда тўхтатишга чақирган эди.

Айни мазмундаги чақириқ билан 7 октябр куни “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган баёнотда Абдумалик Бобоевга нисбат судлов жараёни мутлақо сиёсий мотивларга асослангани айтилиб, бунинг ортида мустақил журналистларга нисбатан таъқибнинг янги кўриниши бошланаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилади.

Айни пайтда Тошкентда яна бир журналист, Россиянинг “Парламентская газета” нашри Марказий Осиё бўйича мухбири, “Vesti.uz” интернет нашри бош муҳаррири Владимир Березовский ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140 моддаларига биноан Ўзбекистонга қарши туҳмат қилиш ва ўзбек халқини ҳақорат қилишда айбланиб, судланмоқда.

Суднинг кейинги мажлиси 13 октябр кунига белгиланди.
XS
SM
MD
LG