Линклар

Эркин микрофон - Хайрулла амнистияга тушдими?


Хайрулла Ҳамидовнинг тақдиридан хавотир билдириб, унинг тезроқ озод этилишини истаган муҳлислари ҳар куни қўнғироқ қилишади.

Хайрулла Ҳамидовнинг тақдиридан хавотир билдириб, унинг тезроқ озод этилишини истаган муҳлислари ҳар куни қўнғироқ қилишади.

Бу савол билан мурожаат қилаётган, Хайрулла Ҳамидовнинг озод этилишини унинг яқинлари каби интиқиб кутаётган ўзбекистонликлар "Эркин микрофон"га деярли ҳар куни қўнғироқ қилади. Озодликка бугун қўнғироқ қилганлар орасида Ўзбекистоннинг ютуқларидан фахрланганлар ва пахта мавсуми ҳангомаларидан гапирганлар ҳам бўлди.


Хайрулла амнистияга тушдими?


Қўқон шаҳридан қўнғироқ қилган Илёсбек диний айбловлар билан 6 йилга қамалган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг мухлисларидан бири эканини айтиб, қамоқ жазосини ўтаётган журналистнинг тақдири билан қизиқди.

- Хайрулла Ҳамидов ҳақида бир нарса сўрамоқчи эдим. Болницага тушибдиларми йўқми шуни билмоқчи эдик.

Озодлик: Хайрулланинг мухлисимисизлар?

- Ҳа. Анча билардик, яхши танирдик. Анча дискларини эшитган эдик. Яхши нарсаларни гапиришарди. Ëмонлиги йўқ эдию унинг. Билмадик нима сабабдан бунақа бўлди экан. Шуни бир гапириб ўтишди. Яқинда аялари ҳам гапириб ўтишди. “100 фоиз амнистияга тушади”, дейишди. Ўшандан кейин билмадикда нима бўлганини. Ўшанга билмоқчи бўлган эдик. Амнистияга тушдими ëки йўқми шунинг хабарини эшитмоқчи эдик, деди қўқонлик Илёсбек.


Хайрулла Додамизга кечирим хати ёзган

Хайрулла Ҳамидовнинг тақдиридан хавотир билдирилган телефон қўнғироқлари Озодликка деярли ҳар куни бўлади. Қўқонлик Илёсбек сингари кўплаб тингловчилар истагини инобатга олиб, Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа билан боғланиб, Хайрулла борасидаги янгиликлардан сўрадик.

- Янгиликлар, энди амнистияга тушди, деб кутиб ўтирибмиз. Статяси амнистияга тушган. Худо хоҳласа шуларга инсоф берса, келиб қолса зора. Пойлаб ўтирибмиз болам. Бориб келдим тағин икки соатликка. Яхши. Ҳамма сўраганларга салом деди. Ишлаëтган экан ўша ерда клубга раҳбар бўлиб.

Озодлик: Қачон бориб келдингиз?

- Бир ой ҳам бўлмади шекилли. Икки соатлик учрашувимиз бор эди. Шунга дадаси билан бориб келдик. Бор ойча бўлиб қолди шекилли.

Озодлик: Хайрулланинг кайфиятлари яхшими? Кўринишлари қанақа?

- Яхши. Бошида унча эмас эди. Анча ўзини тутиб олибди ишларга тушиб кетиб. Нима қилсин энди у ҳам? Мажбур ўтирибди. Иложи йўқ. Худо хоҳласа, яхшилик бўлиб қолади. “Она, хавотир олманг”, деяпти. Бу гал борганимда анча ўзини тутиб олибди. Биринчи борганимда қанақадир анча ўзини олдириб қўйган эди.

Озодлик: Муқаддас опа, клубга раҳбарлик қилаяпти дедингиз. Қанақа клуб экан у?

- Клуб экан. Клубда ишлаëтган экан. Ижодкорлиги, ўзининг иши бўйича. Маданият клублари борку, маданият ходимлари, шунақа қилиб қўйибди. “Ўша ерда ишлаяпман”, деди. Ишга тушгандан кейин анча ўзини тутиб олибди. У ерда ҳам ижод билан шуғулланаяпти.

Озодлик: Амнистияга тушганини Хайрулланинг ўзи айтдими?

- Бизлар ундан олдин бордикку, мана газетада чиқди, радио, телевидениеда. Хайрулланинг статяси шундоқ тушиб турибди, Худо хоҳласа. Бешинчи бандими, нечанчи банди дадаси? (Шу ерда Хайрулланинг дадасининг бешинчи деган овози эшитилди) Бешинчи банди тўғри келиб турган экан. 244-модданинг бешинчи банди бўйича биринчи қамалганлар илинган дейилган. Шунга тўғри келаяпти. Шунинг учунн чиқиб қолади, деб ўтирибмиз. Кечирим хатлари ëзган экан ўғлим у ëққа. Кечирим хати ëзган экан тепага. Додамизга кечирим хати ëзган экан. Ҳеч айбим йўқ деяптию. Шунда ҳам “агар нима бўлса, кечиринглар”, деган экан. Бу ердан жавоб борган экан у ëққа. Турмага жавоби борган экан. “Кўриб муассаса ҳал қилинсин”, дебди. “Авф этилсин, кўрилсин теширилиб комиссиялар”, дейилган. Зора шуларга инсоф берсин, деб ўтирибман қизим. Хатлар ëзган тепага. Ўзи ëзган экан президентимизга. “Худо хоҳласа, кечириб қолар. Шунча одамни кечирганку”, деб ўтирибман. Нима қилай, деди Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа.


Ангорликлар кечаси чироқ ёруғида пахта теришаяпти

Сурхондарёнинг Ангор туманидан қўнғироқ қилган бир отахон Ангордаги пахта мавсумида кузатилаётган “ҳангомалар”ни тилга олади. Унга кўра, тўртинчи синф ўқувчилари ҳам пахта даласига ҳайдалиб, ангорликлар кечаси машина чироғи ёруғида пахта теришга мажбурланаяпти.

- Ангор районида ҳозир пахтани тўртинчи синф болалари ҳам тераяпти, ўқитувчилар ҳам тераяпти.

Озодлик: Тўртинчи синфлар ҳам пахтадами?

- Тўртинчи синф, бешинчи синфлар ҳам пахтада. Кечаси соат 1-2гача пахта заводда разбор бўладида. Ҳокимнинг ўзи қатнашади. У ерда ҳамма фермерлар бўлади, мактаб директорлари, маҳалла комитети раислари, пахтага алоқадор ўрмалаб юрган мен раҳбар деганларнинг ҳамамси пахта заводга тўпланадида, нормани бажармаганини чекалаб автобусга миндириб олиб бориб пахтзорга, свет ëқиб, ўқитувчиларга, врачларга, ким олдидан келса, илашганига ҳаммасини машинага босадида, тракторнинг светини ëқдириб кечаси пахта тердиради.

Озодлик: Кечаси машинанинг светини ëқиб пахта теришаяптими?

- Ҳа. Кечаси машинанинг, тракторнинг, автобуснинг светини ëқиб қўядида, пахта тердиради. Прокурор, началник милиция, ҳокимнинг ўзи туради. Энди маҳаллаларга шундай солиқ солиб ташлаган. Мана маҳаллага мой беради, ун берадику. Ҳар бир нафақа олаëтган болали хотинга “10 килодан пахта териб берасан ëки 1000 сўмдан пул берасан” дейди. 1000-1500 сўмдан пулини оладида, кейин маҳалладаги ўзининг норма унини беради, мойини беради. Агар 1000 сўмдан пул бермаса, ҳар кун 10 килодан пахта териб бериши керак. Пулини бермаса ëки пахта териб бермаса, унини ҳам бермайди, мойини ҳам бермайди, нафақа пулини ҳам бермайди. Бизнинг Ўзбекистоннинг тизими қайси тизимга киради ўзи? Капитализмми, социализмми, бюрократизмми, дейди ангорлик отахон.


Қирғизистонга қайтмаймиз

Тожикистондан қўнғироқ қилган Нодир исмли тингловчи, асли Қирғизистонннинг Ўш вилоятидан. Нодир ака жорий йилнинг июн ойидаги Ўш қирғинидан кейин оиласи билан Тожикистонга қочиб кетганини ва Қирғизистонга қайтиш нияти йўқлигини айтади.

- Биз асли ўшликлармиз. Қирғизистондан қочиб келганлармиз. Тожикистонда турибмиз.

Озодлик: Қачон қочиб келгансизлар?

- Июл ойида келганмиз. Оилам билан қочиб келганман.

Озодлик: Нима учун Тожикистонга қочдингизлар?

- Чунки Тожикистонда нисбатан стабилнийлик бор эди. Кейин беженецларни қабул қилишга шароитлари сал бўлса ҳам тинчлик бўлганлиги учун шу ерга келдик.

Озодлик: Энди Қирғизистонга қайтмоқчимисизлар?

- Йўқ, ҳали-бери яқин орада қайтиб бориш ниятимиз йўқ.

Озодлик: Нима қилмоқчисизлар?

- Ҳозир бу ерда туриб "беженец", деган мақомни олиб, юртимизга бориш ниятимиз йўқ. Аслида бу ернингми бошқа ернингми гражданлигини олиб, ишлаб, Қирғизистонда барқарорлик бўлгандан кейин кетамиз, дейди Нодир ака.


Ўзбекистон билан фахрланаман

Наманганнинг Поп туманида яшовчи Ихтиёржон мустақил Ўзбекистоннинг 19 йил давомида эришган ютуқлари билан фахрланишини айтиб, Ўзбекистон бундан кейин ҳам катта муваффақиятларга эришишидан умидворлигини айтади.

- Худога шукур қиламиз. Мисол учун бизнинг юртдошлар шунчалик шукур қилиши керакки, биз давлатимизнинг, республикамизнинг тинчлигига шукур қилиб яшашимиз керак. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, дейдику. Барча юртдошларимизга айтаманки, ватанимизда қилинаëтган бунëдкорликлар, яхши ишларга ҳамма бир ëқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Мана Худога шукур 19 йилда мана шунча ўзгариш бўлган бўлса, бундан кейин Худо хоҳласа, бундан ҳам зўр бўлади. Турмуш ҳаëтимиз янада яхшилашади. Ҳеч нарса тўла-тўкис бўлмаган, бўлмайди ҳам. Тўғри, ҳамма нарсада камчилик бўлади. Аста-аста ўзимизга боғлиқ. Мана шу камчиликларни бартараф қилиш ўзимизга боғлиқ, дейди поплик Ихтиёржон.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG