Линклар

Жаҳон бўйлаб бир миллиардан кўпроқ одам тўйиб овқатланмайди. Бу ҳақдаги маълумотларни Халқаро озиқ-овқат сиёсати институти ўзининг "Глобал очлик индекси – 2010" ҳисоботида эълон қилди. Ҳисоботда Ўзбекистон аҳолининг тўйиб овқатланмаслик даражаси "ўртача" бўлган давлатлар сирасига киритилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, аҳоли орасида тўйиб овқатланмаслик даражаси Африка ва Жанубий Осиё давлатларида ўта юқори.

Конго, Бурунди, Эритреа, Чад, Эфиопия, Фил Суяги қирғоғи, Ҳаити каби давлатларда аҳолининг очлик индекси 30 фоиздан ортади.

Собиқ Совет ўлкаларининг кўпида тўйиб овқатланмаслик даражаси анча паст, яъни бу билан боғлиқ вазият нисбатан яхши.

Лекин Ўзбекистон, Туркманистон, Грузия, Арманистон ва Озарбайжонда тўйиб овқатланмайдиганлар сони бошқа собиқ совет давлатларига қараганда кўпроқ.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда очлик индекси 7.1 фоизни ташкил этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти ўлчамларига кўра, кунига 1.800 килокалориядан кам миқдорда озиқланиш очлик билан баравардир. Яъни бу миқдор одамнинг соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун энг минимум меъёр ҳисобланади.

Ташкилотга кўра, дунё бўйлаб тўйиб овқатланмайдиганлар сони 1990-2006 йиллар оралиғида камайган эди. Аммо сўнгги йилларда бу кўрсаткич яна ошди.

Ҳисоботда давлатлар аҳолининг тўйиб овқатланмаслик даражаси "ўта хавфли", "хавфли", "ўртача" ва "кам" тоифаларга ажратилган.

Ўзбекистон аҳолининг тўйиб овқатланмаслик даражаси "ўртача" бўлган давлатлар сирасига кирган. МДҲ мамлакатлари орасида бунга ўхшаш ёки бундан баттар аҳвол Туркманистон, Тожикистон ва Кавказ ўлкаларида қайд этилган.

Туркманистонда очлик индекси 6.3, Тожикистонда 15.8 ни ташкил этади.

Қозоғистон ва Қирғизистонда эса тўйиб овқатланмайдиган қатлам нисбатан кам. Бу мамлакатларда очлик индекси беш фоиздан ошмайди.

Ҳисоботга кўра, ҳозирги тўйиб овқатламасликнинг сабаби – озиқ-овқат маҳсулотларига нархнинг кўтарилиши ва аҳоли даромадининг ўсиши нарх-навога ета олмай анча ортда қолиб кетганидадир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилотига кўра, ўтган икки ойнинг ўзида озиқ-овқат нархлари бутун дунё бўйлаб беш фоизга ошган.

Ун, ёғ, шакар нархи ўтган икки йил ичида мисли кўрилмаган даражада ортиб кетган.
XS
SM
MD
LG