Линклар

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси “Шайлоо” автоматлашган тизими овоз бериш якунлари бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди. Маълумотларга мувофиқ, 10 октябр куни бўлиб ўтган сайловларда “Ата-Журт”, Социал-демократлар партияси, “Ор-номус”, "Республика" ва “Ота макон” партиялари 5 фоизли тўсиқдан ўтишга муваффақ бўлди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевнинг 12 октябр куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, ўтган якшанба бўлиб ўтган парламент сайловларида 1 614 000 (55,9%) сайловчи иштирок этган.

- Мен ҳозирда келтирган рақамлар якуний бўлиб, текширилган протоколлар бўйича аниқланган, - деди Ақилбек Сариев.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2333 участка сайлов комиссиясидан (100%) келган протоколлар текшириб чиқилганидан сўнг “Ата-Журт” партияси 266 923 (8,88%) овоз билан биринчи ўринни эгаллагани маълум бўлди.

241 528 овоз (8,04%) йиққан Қирғизистон социал-демократик партияси ҳозирча иккинчи, 232 682 овоз (7,74%) қозонган “Ар-намис” партияси эса учинчи ўринда бормоқда.

Шунингдек, “Республика” партияси 217 601 овоз (7,24%) билан тўртинчи, “Ата-Мекен” партияси эса 168 218 (5,6%) бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

120 ўринли парламентдан жой эгаллаш учун партиялар умумий овозларнинг камида беш фоизини қозонишлари керак. Лекин, овоз бериш дастлабки натижаларига кўра, сайловда қатнашган 29 партиянинг бештасигина ҳозирча бу тўсиқдан ўта олди, холос.

Агар дастлабки натижалар ўзгаришсиз қоладиган бўлса, янги парламентдаги 28 та жойни “Ата-Журт” партияси, 26 та ўринни Социал-демократлар партияси, 25 та жойни “Ор-номус” партияси, 23 тасини “Республика” партияси ва 18 та ўринни “Ота макон” партияси эгаллайди.

МСК раиси Сариевга кўра, овоз бериш натижалари бўйича олтинчи ўринни эгаллаган “Бутун Қирғизистон” партиясининг 5 фоизли тўсиқдан ўтишига озроқ овоз етмай қолган. Бу партия 145 455 (4,84%) сайловчи овозини қозонишга муваффақ бўлолган. Аснода мазкур партия вакиллари овоз бериш натижалари бўйича Қирғизистоннинг турли жойларида норозилик акциялари бошлаш билан таҳдид қилмоқдалар.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева бугуннинг ўзидаёқ ғолиб партиялар лидерлари билан консультация ўтказишга тайёр бўлиб турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG