Линклар

Тожик журналисти сўконғичликда айбланмоқда


Ҳуснигул Даминова анча йиллардан буён Тожикистон давлат телеканалида чиқувчи "Инсон ва қонун" дастурига раҳбарлик қилиб келган.

Ҳуснигул Даминова анча йиллардан буён Тожикистон давлат телеканалида чиқувчи "Инсон ва қонун" дастурига раҳбарлик қилиб келган.

Бир ҳафта муқаддам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган Тожикистон радио ва телевидениеси мухбири Ҳуснигул Даминовага раҳбар шахсни ҳақоратлаганлик айби қўйилган. Бироқ журналистнинг адвокати унга қўйилган айбловлар асоссизлигини айтмоқда.

Айни пайтда республика Адлия вазирлиги вақтинчалик сақлаш изоляторида тергов қилинаётган Тожикистон Давлат радио ва телевидение қўмитаси мухбири, “Инсон ва қонун” дастури раҳбари Ҳуснигул Даминова қариндошларининг айтишларича, журналист бир ҳафта олдин тўсатдан ғойиб бўлган. Журналистнинг дараги фақат орадан тўрт кун ўтганидан кейин чиққан.

- Рости гап, опамнинг уйига келганлар кимлигини ҳеч билмайди. Ҳамма ҳайрон. Худди 37-йиллардагидек, фуқаро кийимидаги одамлар келишгану, тўйда ўтирган опамни олиб кетишган. Бир ҳафтадан кейин бизга айтишларича, улар туман мелисахонасидан келганлар экан, дейди Ҳуснигулнинг укаси Давлатали.

Унинг сўзларига кўра, Даминова ғойиб бўлганидан тўрт кун ўтгачгина, опасидан нома олишган. Маълум бўлишича, Ҳуснигулни аввал туман милиция бўлимига, кейин эса Душанбе шаҳридаги 1-вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб бориб, қамаб қўйишган.

Журналистнинг адвокати Қиммат Розиеванинг айтишича, унинг ҳимоясидаги Ҳуснигул Даминовани куч ишлатар тизим вакиллари қонунга зид равишда ҳибсга олишган.

- Биринчи навбатда, республика Олий суди, Душанбе шаҳар суди ва Шоҳмансур туман судларига ноқонуний ҳаракатлар бўйича норозиликларимизни жўнатдик. Тўғри, санкцияни янги қонун бўйича суд беради. Бироқ суд мутассаддилари Ҳуснигулни кўрмай, суҳбатлашмай, ғойибона санкция берган. Гўё у бир террорист ёки экстремист каби. Биз юборган аризада Ҳуснигул зудлик билан ҳибсдан чиқарилиши талаб қилинган, дейди адвокат Розиева.

Маълум бўлишича, Даминовага раҳбар шахсни ҳақоратлаганлик айби қўйилмоқда. Тожикистон Давлат радио ва телевидение қўмитаси раиси Асадулло Раҳмоновнинг судга берган аризасига кўра, Ҳуснигул Даминова уни иш жойида хақорат қилган ва республика Жинойи кодексининг 237-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак.


Жаноб Раҳмонов бу борада мухбирлар билан суҳбатлашишдан бош тортиб, фақат Ҳуснигул Даминова қўмита вакили эмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, “бошқа масалалар бўйича суд ўзининг одилона хукмини чиқаради”.

Айни пайтда журналистнинг ҳибсга олиниши борасида турлича тахминлар билдирилмоқда. Жумладан, адвокат Қиммат Розиеванинг сўзларига кўра, Ҳуснигул Даминова “Инсон ва қонун” дастурида қўмита раисининг қариндошини танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилган.

- Ҳуснигул Даминова ўн олти йилдан буён телевидениеда турли вазифаларда ишлади. Унинг қўмита мажлисларида мавжуд камчиликлар ҳақида рўи-рост гапириши раҳбарларга маъқул эмасди. Пировардида 2009 йили уни вазифасидан бўшатишган эди. Бироқ суд қўмита раиси буйруғини бекор қилиб, Ҳуснигулни вазифасига тиклаганди, дейди адвокат.

Унинг айтишича, 2010 йил апрел ойида қўмита раиси Ҳуснигулни яна ишдан бўшатган. Шундан кейин Хуснигул Даминова республика президенти номига ариза ёзган. Бироқ унинг аризаси текшириш учун қайта радио ва телевидение қўмитасига жўнатилган. Натижада қўмита раиси буйруғи ўзгаришсиз қолган.

Даминова Тожикистон радио ва телевидение қўмитасининг жорий йилда ҳибсга олинган ягона ходими эмас. Аввалроқ қўмитанинг тижорат бўйича директори Хабибулло Ташрифов ўттиз минг АҚШ доллари миқдорида пора олишда айбланиб, ҳибсга олинганди.
XS
SM
MD
LG